Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Абу Бакр Сиддиқ Усома лашкарини жангга йўллаши

0

Рум давлати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Арабистон ярим оролига қўшни бўлган икки қудратли давлатдан бири бўлиб, ярим орол шимолининг катта қисмини эгаллаганди. Ўша минтақаларнинг амирлари Рум ҳукмдори томонидан тайинланар ва унинг амрларига бўйсунарди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу минтақаларга даъватчилар ва вакиллар юборгандилар. У зот Рум шоҳи Ҳирақлни исломга даъват қилиб, Диҳятул Калбий номли саҳобани хат билан юбордилар[1], лекин Ҳирақл исломдан бош тортди ва уни қабул қилишга ғурури йўл қўймади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам араблар назарида Рум ҳайбатини заифлаштиришни режалаштирган эдилар, шу бос у зот мусулмон қўшинларини ўша ерларни фатҳ қилиш учун йўлга чиқарардилар. Ҳижрий саккизинчи йили бўлиб ўтган Муъта жангида мусулмонларнинг уч минг кишилик қўшини икки юз минг аскардан иборат араб насоролари ва румликлар билан тўқнашдилар. Ушбу жангда қўшин амирлари Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа бирин-кетин шаҳид бўлдилар, улардан кейин қўшин қўмондонлигини Холид ибн Валид қўлига олди ва қўшинни саломат Мадинага қайтариб олиб келди[2].

Ҳижрий тўққизинчи йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам катта қўшин билан Шом сари йўлга чиқдилар ва Табуккача бордилар. Бу ғазотда мусулмон лашкари румликлар билан ҳам, араб қабилалари билан ҳам тўқнашмасдан ортига қайтди. Шаҳар-қишлоқларнинг ҳокимлари жизя тўлаб туришга рози бўлиб, сулҳга келишишни афзал кўрдилар. Мусулмонлар Табукда 20 кун туриб, Мадинага қайтиб кетдилар.

Ўн биринчи йили Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни Балқо ва Фаластиндаги румликларга қарши урушга сафарбар этдилар. Бу қўшин сафида кибор муҳожир ва ансорлар ҳам бўлиб, қўшинга ёшгина йигитни, ёши йигирмага ҳам етмаган Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуни амир қилдилар[3].

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Усома қўшини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан икки кун олдин йўлга ҳозир бўлганди, сафарбарлик эълони эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг беморликларидан илгари бўлганди. У зот сафар ойининг охирларида одамларни Румга қарши урушга чорладилар ва Усомани чақириб, унга: “Отанг ўлдирилган жойга юриш қилиб, уларни отлар туёғига бостир, мен сени бу қўшинга амир қилдим”, дедилар[4].

Айримлар катта-катта саҳобалар ва саркардалар турганида ёш Усоманинг амир қилинишига эътироз билдиришганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг эътирозларини рад қилиб: “Агар унинг амирлигига эътироз билдирсанглар, бундан олдин унинг отасининг амирлигига ҳам эътироз билдирган эдинглар. Аллоҳга қасамки, у амирликка лойиқ эди ва менга энг суюкли кишилардан эди. Бу ҳам отасидан сўнг менга энг суюкли кишилардан”, дедилар[5].

Қўшин ҳозирлиги ниҳоясига етган кунларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бетоб бўлиб ётиб қолдилар. Қўшин йўлга чиқишни ортга суриб, Мадина ташқарисидаги Журф қишлоғида ташкил қилинган ҳарбий қароргоҳда кутиб турди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг кўпчилик Мадинага қайтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотлари сабабли вазият ўзгарди ва уммулмўминин Ойша розияллоҳу анҳо қуйида айтганидек ҳолат юзага келди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгач, араблар ёппасига муртад бўлди ва нифоқ юзага чиқди. Қасамки, менга (бир ривоятда: отамга) тоғларга тушса талқон қилиб юборадиган оғир юк тушди, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоби гўёки йиртқич ҳайвонлар бор ўрмонда ёмғирли кечада ёмғирда ивиб, жунжиккан қўйларга ўхшаб қолди”[6].

Сиддиқ халифаликка тайинлангач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан уч кун ўтиб, одамлар ичида: “Усоманинг қўшини йўлга ҳозирлансин, унинг қўшинидан бирор киши ҳам Мадинада қолмасин, ҳамма Журфдаги лашкаргоҳга чиқсин!”, деб жар солдирди. Кейин у йиғилган одамлар ичида туриб, Аллоҳга ҳамду сано айтганидан сўнг шундай деди: “Эй одамлар, мен ҳам сизларнинг бирингизман. Мен билмайман, эҳтимол сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўтаришга кучлари етган ишларни  менинг зиммамга ҳам юклашни истарсизлар. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун олам ичидан танлаб олганди ва уни офатлардан ўзи асраганди. Мен бор-йўғи бир эргашувчиман, янгилик ўйлаб топувчи эмасман. Шундай экан, агар тўғри йўлда бўлсам менга эргашинглар, агар йўлдан оғсам мени тўғрилаб қўйинглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёдан ўтар эканлар, бирон кишининг у зотда ҳаққи қолмади. Менга эса шайтон кела олади, сизлар менга шайтон келган пайтда мендан сақланинглар… Барчангиз қачон келиши номаълум бўлган ажалларингиз сари бормоқдасизлар, агар солиҳ амал қилиб турган ҳолингизда ажалингиз келишига қодир бўлсангиз, шундай қилинглар! Бунга эса фақат Аллоҳнинг мадади билан эришасизлар…”[7]

Кейин яна туриб, ҳамду санодан сўнг деди: “Аллоҳ таоло фақат Унинг розилигини истаб қилинган амални қабул қилади. Шундай экан, амалларингиз билан Аллоҳнинг розилигини мақсад қилинглар. Эй Аллоҳнинг бандалари, ўлган кишиларингиздан ибрат олинглар, илгари ўтганлар ҳақида фикр қилинглар, улар кеча қаерда эдилар-у бугун қаердалар? Фикри-ёди фақат урушлару ғалабалар бўлган зўравонлар қани? Ҳаммаси ер билан яксон бўлиб, чириб тупроққа айланди. Ер юзига ҳукмрон бўлган подшоҳлар қани? Излари ўчиб, номлари унутилди, гўё яшаб ўтмагандек бўлиб қолдилар. Дунёдаги лаззатлар тугаб, зиммаларида эса жавобгарлиги қолди холос. Барчаси ўтиб кетди, фақат амалларигина уларга ҳамроҳ бўлди, дунё эса ортларидан бошқаларга ёр бўлди. Шаҳарлар бино қилган, уларни баланд деворлар билан ўраган, улар ичида ажойиботларни бунёд қилганлар қани? Барини ўз ортидагиларга қолдириб кетишди. Ана, уларнинг уйлари ва қасрлари бўм-бўш, ўзлари қаро гўр бағрида ётишибди. Биз улар ортидан келдик, агар улардан ибратлансак, нажот топамиз, аксинча бўлса, ўшалардек бўламиз… Огоҳ бўлингларки, Аллоҳ ягона ва шериксиздир. У билан бандаларидан бирор киши ўртасида қариндошлик ё бошқа бирор алоқа йўқки, ўша сабабли яхшилик ато этишини ва ундан ёмонликни буриб қўйишини умид қилса! Фақат Унга итоат ва амрига бўйсунишдан бошқа нажот сабаби йўқ. Билиб қўйинглар, сизлар унинг жазога тортилажак қулларисиз. Унинг ҳузуридаги ажру савобларга фақат Унинг тоати билан эришилади. Сизларга дўзахдан қутулиш ва жаннатга етишиш учун фурсат келмадими?!”[8]

[1] Бухорий, “Бадъул ваҳий” (7).
[2] Умарий, “Ас-сийратун-набавия” (2/467).
[3] Д-р Фазл Илоҳий, “Қиссату баъси жайши Усома” (8-бет).
[4] “Фатҳул борий” (8/152).
[5] Бухорий (4469).
[6] “Бидоя ва ниҳоя” (6/309).
[7] “Бидоя ва ниҳоя” (6/307). “Тарихи Табарий” (2/241).
[8] Аввалги манбалар.

Изоҳ қолдиринг