Рўза: Қадр кечаси (1)

0

Қадр кечаси

Биринчидан: Қадр кечасининг фазилати

Қадр кечасининг талай фазилатлари бор. Жумладан:

(1) Қуръони Карим Қадр кечасида нозил бўлди. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Биз уни (Қуръонни) Қадр кечасида нозил қилдик» [Қадр: 1].

(2) У минг ойдан яхшироқдир. Аллоҳ таоло айтади: «Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» [Қадр: 2]. Уламолар бу кечанинг минг ойдан яхшироқлигидан нима назарда тутилганлиги хусусида ихтилоф қилишган.

Ибн Жарир роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу борадаги Қуръоннинг зоҳирига муносиб бўлган энг тўғри фикр «Қадр кечасида қилинган амал бу кечадан бошқа пайтда қилинган минг ойлик амалдан яхшироқдир» деган кишининг фикридир»[1]. Мазкур фикрни Ибн Касир ўзининг «Тафсир» китобида тўғри деб ҳисоблайди.

(3) Бу кечада малоикалар ва Жаброил алайҳиссалом ерга тушишади. Аллоҳ таоло айтади: «У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил алайҳиссалом) Раббиларининг изни ила (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар» [Қадр: 4].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қадр кечаси йигирма еттинчи ёки йигирма тўққизинчи кечадир. Бу кечада (осмондан) ерга тушган фаришталар сони тошларнинг сонидан ҳам кўпроқдир»[2].

(4) Бу кеча тинчлик ва омонлик кечасидир. Аллоҳ таоло айтади: «У (кеча) то тонг отгунича тинчлик ва омонликдир» [Қадр: 5]. Уламолар ушбу оят тафсири хусусида ихтилоф қилганлар. Баъзи фикрларда айтилишича, бу кеча ҳар қандай ёмонликлардан холи бўлиб, унда фақат тинчлик ва омонлик бўлади. Бошқа бир фикрда айтилишича, бу кечада фаришталар мўминларга салом айтади, омонлик тилайди. Учинчи бир фикрга кўра, бу кечада шайтон ёмонлик қилишга қодир бўлмайди. Оят тафсирида бундан бошқа яна талай фикрлар ҳам айтилган.

(5) Қадр кечаси муборак кечадир. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Биз уни (яъни Қуръонни) муборак кечада нозил қилдик» [Духон: 3]. Ибн Аббос ушбу оят тафсирида айтади: «Яъни Қадр кечасида нозил қилдик».

(6) Бу кечада бир йиллик ишлар белгиланади. Аллоҳ таоло айтади: «У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур)» [Духон: 4].

(7) Бу кечада иймон ва ихлос билан тоат-ибодат қилганнинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кимда ким Қадр кечасини (унинг ҳақ эканига) иймон билан ва холис Аллоҳдан ажр умид қилган ҳолда тоат-ибодат билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади[3].

Иккинчидан: Қадр кечаси деб номланиш сабаби

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу кечага ном қилиб берилган «қадр» сўзидан нима мақсад қилингани хусусида уламолар ихтилоф қилишган.

Баъзиларнинг айтишича, бу сўздан худди Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидагидек, «таъзим – улуғлаш» маъноси назарда тутилган. Аллоҳ таоло айтади: «Улар Аллоҳни ҳақиқий қадрига етмадилар (яъни У зотни Ўзига муносиб тарзда улуғламадилар» [Зумар: 67]. Бинобарин, бу кечада Қуръон нозил бўлгани, фаришталар ер юзига тушгани, барака, раҳмат ва мағфират ёғилгани ёки бу кечани тоат-ибодат билан ўтказган киши улуғ кишига айлангани учун бу кеча Қадр кечаси, яъни улуғ кеча бўлди.

Бошқа бир фикрга кўра, қадр сўзидан «торайиш» маъноси кўзда тутилган. Зеро, «қадр» сўзи қуйидаги оятда ана шу маънода қўлланилган: «Кимнинг ризқи торайтирилган (яъни камбағал) бўлса…» [Талоқ: 7]. Қадр кечасининг «торайиш кечаси» деб номланишига сабаб унинг қатъий равишда қайси кеча экани махфий тутилгани ёки бу кечада осмондан тушган фаришталарга замин торлик қилганидир.

Учинчи бир фикрга кўра, бу ўринда қадр сўзидан “белгилаш, ўлчаш” маънолари назарда тутилган. Зеро, бу кечада бир йиллик ишлар белгиланади. Аллоҳ таоло айтади: «У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур)» [Духон: 4]»[4].

Учинчидан: Қадр кечасини излаш ва охирги ўн кунликда тоат-ибодатга қаттиқроқ киришиш мустаҳаблиги

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қадр кечасини рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излангиз»[5].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазоннинг охирги ўн кунлигида тоат-ибодатга янада қаттиқроқ киришар эдилар. Ойша розияллоҳу анҳо айтади: «Охирги ўн кунлик кирса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ибодатга қаттиқ тиришар ва аёлларига яқинлик қилишдан четланар, тунни ибодат билан ўтказиб, аёлларини (ҳам ибодат қилишлари учун) уйғотар эдилар»[6].

Шуни билиш лозимки, Қадр кечасини ўтказиб юборган киши кўп яхшиликдан бебаҳра қолади.

Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Рамазон ойи кирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизларга мана бу ой келди. Унда минг ойдан яхшироқ бир кеча бор. Кимда ким бу кечадан маҳрум бўлса, аниқ барча яхшиликдан маҳрум бўлибди. Унинг яхшиликларидан фақат маҳрум кишигина бебаҳра қолади»[7].

Тўртинчидан: Бу кечада қилиш мустаҳаб бўлган амаллар

Қадр кечасида тоат-ибодатга қаттиқ киришиш мустаҳабдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан охирги ўн кунликда тоат-ибодатга қаттиқ тиришганлари тўғрисида ҳадислар ривоят қилинган. Бу кечада жумладан қуйидаги амалларни қилиш мустаҳаб саналади:

(1) Эътикофда ўтириш.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам то вафот этгунларига қадар рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикофда ўтирар эдилар»[8].

(2) Қадр кечасида иймон ва ихлос билан ибодат қилиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кимда ким Қадр кечасини (унинг ҳақ эканига) иймон билан ва холис Аллоҳдан ажр умид қилган ҳолда тоат-ибодат билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади[9].

(3) Дуо қилиш.

Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: «Айтингчи, Қадр кечасига тўғри келиб қолсам, нима деб дуо қилай?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ё Аллоҳ, албатта Сен афв қилишни яхши кўрадиган афв қилувчи зотсан. Шундай экан, мени афв қил», дегин»[10], дедилар».

(4) Оиласини намозга уйғотиш.

Бу ҳақдаги ҳадисни юқорида ҳам келтирган эдик. Ҳадисда айтилишича, «Охирги ўн кунлик кирса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ибодатга қаттиқ тиришар ва аёлларига яқинлик қилишдан четланар, тунни ибодат билан ўтказиб, аёлларини (ҳам ибодат қилишлари учун) уйғотар эдилар»[11]. Тунни ибодат билан ўтказиш деганда намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, зикр айтиш ва ундан бошқа турли-туман ибодатлар назарда тутилади.

[1] «Тафсири Табарий» (30/167).
[2] Санади ҳасан: Ибн Хузайма (2194), Таёласий (2545) ривояти.
[3] Бухорий (2014), Муслим (760), Абу Довуд (1372), Термизий (683), Насоий (4\156, 8/117) ривоят қилишган.
[4] «Фатҳул Борий» (4/355).
[5] Бухорий (2017), Муслим (1167) ривояти.
[6] Бухорий (2025), Муслим (1174) ривояти.
[7] Ҳасан: Ибн Можа (1644) ривояти. Ушбу ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи Насоий «Кубро»да (2416) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис бор. Ҳадисни Албоний «Ат-тарғиб ват-тарҳиб»да (1/818) ҳасан деган.
[8] Бухорий (2025), Муслим (1172), Абу Довуд (2462), Термизий (79) ривояти.
[9] Бухорий (2014), Муслим (760), Абу Довуд (1372), Термизий (683), Насоий (4\156, 8/117) ривоят қилишган.
[10] Саҳиҳ: Термизий (3513), Ибн Можа (3850), Аҳмад (6/171), Ҳоким (1/712) ривояти. Ҳадисни саҳиҳ деганлар: Термизий («Сунани»да), Ҳоким (Бухорий ва Муслим шартига мос) ва Албоний («Саҳиҳул жомеъ», 4423).
[11] Бухорий (2025), Муслим (1174) ривояти.

Изоҳ қолдиринг