Қодиёнийлар: “сўнги пайғамбарлик” тушунчаси (2)

0

Ўтган мақолаларимизда қодиёнийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўнгги пайғамбар эканларини қай йўсинда талқин қилганлари ҳақида гапириб, уларнинг ботин талқинларидан иккитасини келтирган эдик. Бугун шу талқинларининг қолганларини келтириб ўтамиз:

3) Қодиёнийларга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бирон кишига берилмаган камолот берилган ва шу сабабдан у зот хотамун набий, яъни пайғамбарлар кўрки номини олганлар. Шунга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш етук пайғамбарликка сабаб бўлади[1].

Мазкур талқинга кўра, бирон киши набийликни даъво қилса-ю, унинг набийлиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан тасдиқланмаган бўлса, унда бу набийлик ёлғон бўлади. Бундай набийлик худди расмий эканини тасдиқлайдиган муҳр қўйилмаган қоғозга ўхшайди. Бу талқиннинг ботил экани шундаки, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилган ҳар қандай кимса набийлик мартабасига эриша олса, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишда барчани ортда қолдирган саҳобалар нега бу мартабага эриша олмаганлар?! Нега бирон бир саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қаттиқ эргашгани учун набий бўлганини даъво қилмаган?!

4) Қодиёнийларга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўнги пайғамбар эканларининг маъноси у зотдан сўнг ўн уч аср бошқа пайғамбар чиқмаслигидир. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликларининг қанчалар етуклиги кўринади. Бироқ ўн уч асрдан сўнг исломнинг етук дин эканини кўрсатиб берадиган бошқа пайғамбарлар чиқиши мумкин. Шу сабабли охир замонда чиқадиган Маҳдийни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар деб айтганлар[2].

Башир Маҳмуд шундай дейди: “Шариат фақат ва фақат тўғридан-тўғри келадиган янги шариат келтирган пайғамбарлик билан бекор бўлиши мумкин. Бироқ аввалги пайғамбарга эргашишдан пайдо бўладиган ва олдинги шариатни тарқатишга хизмат қиладиган пайғамбарлик олдинги пайғамбарликнинг бир кўриниши бўлиб, бу уммат мана шундай пайғамбарликка эришиши мумкин”[3].

5) Қодиёний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соялари, яъни у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахслари бугунга қадар акс этиб туришини таъминлайди. Шунга кўра, Мирзо Ғуломнинг пайғамбарлиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўнгги пайғамбар эканларига дахли йўқ[4]. Қодиёнийлар ўзларининг бу ботил талқинларига Фотиҳа сурасидаги “Бизни тўғри йўлга – Ўз неъматингни ато этган кишиларнинг йўлига бошлагин” оятини далил қилишади. Бу ҳақда Башир Маҳмуд шундай дейди: “Олдин айтганларимиздан шу маълум бўладики, Аллоҳ таоло Ўз неъматини ато этган кишиларнинг йўли анбиёлар, сиддиқлар, шаҳид ва солиҳлар сафига қўшилиш дегани… Агар Аллоҳ таоло бизга бу неъматни (пайғамбар бўлишни назарда тутмоқда) ҳаром қилганида, бизни доимий равишда ушбу неъматни сўрашга буюрмаган ва бу пайғамбарга эргашган инсон набийликка мушарраф бўлишини башорат бермаган бўларди”[5].

Юқоридаги талқинга кўра, ҳар бир мусулмон пайғамбарликка интилиши мумкин. Ҳатто, ҳар бир мусулмон пайғамбар, десак ҳам муболаға бўлмайди. Чунки Башир Маҳмуд Фотиҳа сурасидаги оятнинг маъносини изоҳлар экан, шундай дейди: “Аллоҳ азза ва жалла бир томондан бизни тўғри йўлни, яъни анбиёлар, сиддиқлар, шаҳид ва солиҳларнинг йўлини сўрашга буюриб, иккинчи томондан: “Мен сизларга ушбу неъматни абадул абад ҳаром қилдим” – дейиши мумкин эмас[6].

Шунингдек, қодиёнийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўнгги пайғамбар бўлиши мумкин эмаслигини айтиб, бунга бир қанча важҳларни далил қилиб келтиришган, жумладан:

А) Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўнгги пайғамбар дейиш хато. Чунки инсонлар доим пайғамбар ва анбиёларга муҳтождирлар. Қодиёнийларнинг бу келтирган гаплари асосли бўлиши учун Аллоҳ таоло ислом динини қиёмат кунига қадар ҳар қандай муҳит ва вақтда талабга жавоб берадиган даражада тўлиқ ва комил қилганини инобатга олмаслик керак бўлади.

Б) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги пайғамбар деб эътиқод қилиш Аллоҳ таолони хазинаси тугаганлиги, энди У зот пайғамбар юборишга қодир эмаслиги билан айблаш бўлар экан. Башир Маҳмуднинг айтишича,  биз Аллоҳ таолони “ожиз” деб сифатламаслик учун ҳам унинг отасини пайғамбар ва расул деб тан олишимиз керак экан!

Қодиёнийларнинг мазкур ботил талқинларидан келиб чиқиб, уларни ҳеч иккиланмасдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг охирги пайғамбар эканларини инкор этганлари сабабли диндан чиққан, дея оламиз. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги пайғамбар эканлари, у зотдан сўнг қиёмат кунигача ҳеч қандай пайғамбар чиқмаслиги очиқ-ойдин айтиб ўтилган. Бироқ бу кўрсатмаларни ботиний ва қодиёнийлар каби диндан чиққан тоифалар турли хил ботил йўлларга йўйишган. Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 40-оятида: “Муҳаммад бирортангизнинг отаси эмас. У Аллоҳнинг Расули ва пайғамбарларнинг охиргисидир” – деган. Мазкур оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги пайғамбар эканлари очиқ айтилган. Бу оятни фақат ва фақат Қодиёний ҳамда Баҳоуллоҳ каби дажжоллар тан олмаслиги мумкин. Бу фикрлар динидан бехабар жоҳил, Аллоҳдан қўрқмайдиган, динини дунёга алмашишдан тап тортмайдиган ёхуд исломни йўқотишга ҳаракат қилаётган бузғунчи ғояли инсонлар ўртасидагина ёйилиши мумкин, холос.

Давоми бор

[1] “Ҳақийқатул ваҳий” китоби, 96-бет.
[2] “Иршодул Мирзо Ғулом Аҳмад” (17.04.1903 санасида чоп этилган газетадан).
[3] “Даъватул амир”, 32-бет.
[4] “Изолатул хато”, 33-35-бетларга мурожаат қилинсин.
[5] “Даъватул амир”, 38-бет.
[6] “Даъватул амир”, 25-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг