Али розияллоҳу анҳу: Умар Форуқ билан аҳли байт ўртасидаги муносабатлар

0

Умар Форуқ Али ибн Абу Толибнинг қизи Умму Гулсумга уйланиши

Умар розияллоҳу анҳу Али розияллоҳу анҳудан Фотима розияллоҳу анҳодан туғилган қизи Умму Гулсумнинг қўлини сўради. Али розияллоҳу анҳу Умар Форуқнинг фазлини ва юксак ахлоқини эътироф этиб, унга ишониб ва ўрталарида мустаҳкам дўстлик ва биродарлик алоқалари борлигини изҳор этиб, қизи Умму Гулсумни унга узатишга розилик берди. Бу ҳодиса тарих мобайнида ислом умматининг душманлари бўлмиш ҳасадгўйларнинг қалбларини ёндириб, бурунларини ерга ишқаб келади. Умар розияллоҳу анҳунинг қалбида аҳли байтга нисбатан айрича муҳаббат бор эди. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қариндош ва у зот ҳурмат қилишга ва ҳақ-ҳуқуқларини риоя қилишга буюрган кишилар эди. Шунинг учун ҳам Умар розияллоҳу анҳу Али ва Фотиманинг қизлари бўлмиш Умму Гулсумга совчи қўйди ва уларга ўз меҳр-муҳаббатини изҳор қилиб: “Аллоҳга қасамки, ер юзида унга танмаҳрам бўлишни менчалик орзу қилган инсон бўлмаса керак”, деди. Али розилик бергач, Умар хурсанд бўлганидан саҳобалар ҳузурига келиб, уларга: “Мени табрикланглар, Умму Гулсумга уйландим” деди. Сўнг уларга Умму Гулсумга уйланишга нега бу қадар иштиёқ билдиргани сабабини баён қилиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар қандай сабаб (боғланиш, алоқа) ва насаблар қиёмат куни узилади, фақат менинг сабабим ва насабим қолади”, деганлар, шу боис мен ўзим билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўртасида сабаб (боғланиш) бўлишини истадим”, деди[1].

Умар розияллоҳу анҳунинг Умму Гулсум бинти Али ибн Абу Толибга уйлангани ҳақида деярли барча мўътабар тарих ва насаб китобларида айтиб ўтилган. Қолаверса, шиаларнинг барча муҳаддислари, фақиҳлари, олимлари ва маъсум деб билган имомлари ҳам, аҳли суннат уламолари ҳам тарих китобларида бу маълумотни зикр қилганлар ва унинг ҳақиқатан юз берганига иттифоқ қилганлар. Ушбу турмуш ҳақида Табарий[2], Ибн Касир[3], Заҳабий[4], Ибн Жавзий[5], Диёрбакрий[6], Ибн Ҳажар[7], Ибн Саъд[8] ва бошқа уламолар ўз китобларида ривоятларни нақл қилганлар.

Умму Гулсум бинти Али ибн Абу Толиб Умар розияллоҳу анҳудан Руқайя исмли бир қиз ва Зайд исмли бир ўғил фарзанд кўрди. У Умар ибн Хаттоб вафотидан сўнг яна турмушга чиқиб, бошқа фарзандлар кўргани зикр қилинган. Зайд исмли мазкур ўғли бир куни тунда бир қавмнинг жанжалини ислоҳ қилиш учун чиққанида бошига тош тегиб, вафот этади. Онаси Умму Гулсум ўғлининг вафотига қайғуриб, беҳуш бўлиб йиқилади ва ўша заҳоти вафот этади. Умму Гулсум ва ўғли Зайд бир вақтда дафн қилиндилар, жанозаларини Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб ўқиди, Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб уни олдинга ўтказиб, ўзи орқасида намоз ўқиди[9].

Эй Расулуллоҳнинг қизи, сиз бизга отангиздан сўнг энг суюкли инсонсиз

Аслам Адавий ривоят қилади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг Абу Бакр Сиддиққа халифа сифатида байъат берилаётган пайтда Али ва Зубайр розияллоҳу анҳумо Фотима розияллоҳу анҳо ҳузурига кириб-чиқиб, у билан маслаҳат қилишаётган эди. Умар Фотима ҳузурига кириб: “Эй Расулуллоҳнинг қизи, халқлар ичидан бизга сизнинг отангиздан кўра суюклироқ киши йўқ эди, отангиздан сўнг бизга сиздан кўра суюклироқ инсон йўқ”, деди ва у билан гаплашди. Шундан сўнг Али ва Зубайр Фотима ҳузурига кирганларида у уларга Абу Бакрга байъат беришни маслаҳат берди ва улар унга байъат бердилар[10].

Ушбу ривоят саҳиҳ бўлиши билан бирга, ўша пок давр инсонларининг руҳига ҳам мос келади. Аммо, шиа рофизалар бу ривоятга қўшимчалар қўшиб, ёлғон ва уйдирма гапларни қориштирдилар. Уларнинг айтишларича, Умар Фотимага: “Агар анавилар яна сенинг олдингда йиғилишса, қасамки, мен уйингга ўт қўяман, чунки улар байъатни ортга суриш билан мусулмонларнинг бирлигига раҳна солишмоқчи”, деган эмиш ва шунинг учун Умар кетиши билан улар унинг олдига киришганда у уларга: “Биласизлар, Умар менинг олдимга кириб, қасам ичдики, агар сизлар яна шу уйга кирсанглар унга ўт қўяр экан, у албатта қасамининг устидан чиқадиган одам, боринглар, менинг олдимга қайтиб келманглар”, деган эмиш ва шундан сўнг улар то байъат бермагунча унинг олдига қайтиб келмаган эмишлар[11]. Бу қисса Умар розияллоҳу анҳуга нисбатан аниқ бўҳтон бўлиб, Умар Фотиманинг уйига ўт қўйишини айтгани ҳақидаги гап саҳобаларнинг душмани бўлган рофизаларнинг уйдирмаларидандир. Уларнинг бу ва бошқа уйдирмаларини шиа тарихчиларидан Абу Жаъфар Табрисий Табарий ўзининг “Далоилул имома” китобида Жобир Жўъфийдан ривоят қилиб келтирган, Жобир эса муҳаддис уламолар иттифоқига кўра, рофизий каззоб шахсдир. Заҳабийнинг “Мезон”ида[12] ва “Тазҳибут таҳзиб”да[13] бу ҳақда маълумот берилган. Баъзи рофизалар Умар Фотимани уриб, қорнидаги боласи Муҳсиннинг тушишига сабаб бўлган, дейишади. Бу ҳам рофизаларнинг бўҳтонларидан бўлиб, бу гаплари билан улар ўзлари билмаган ҳолда Али розияллоҳу анҳунинг шаънини ерга урадилар. Яъни, Алини қўрқоқликда ва Умарга қарши ҳеч нарса қилолмасликда айблайдилар, ҳолбуки Али розияллоҳу анҳу энг шижоатли ва довюрак саҳобалардан эди. Айрим рофизаларнинг ўзлари ҳам баъзи китобларида бу ёлғонни рад этишади, чунки саҳиҳ ривоятларда келганидек, Муҳсин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлик пайтларида туғилганди[14].

[1] Ҳоким, “Мустадрак” (3/142). Санади ҳасан.
[2] “Тарихи Табарий” (5/28).
[3] “Бидоя ва ниҳоя” (5/220).
[4] “Тарихул ислом, аҳдул хулафоир рошидийн” (166-бет).
[5] “Ал-мунтазам” (4/131).
[6] “Тарихул хамис” (2/284).
[7] “Ал-исоба” (276-бет).
[8] “Усудул ғоба” (7/425).
[9] “Усудул ғоба” (7/425).
[10] Ибн Аби Шайба, “Ал-мусаннаф” (14/567), санади саҳиҳ.
[11] Абу Муҳаммад Яманий, “Етмиш уч фирқа эътиқодлари” (1/140).
[12] Заҳабий, “Мезон” (1/279).
[13] “Тазҳибут таҳзиб” (2/47).
[14] “Мухтасарут туҳфатил иснай ашария” (252-бет).

Изоҳ қолдиринг