Никоҳ: Эр-хотиндаги айблар сабабли никоҳни бузиш

0

Никоҳдаги айблар

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло никоҳни ўзаро меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат ва тинч-тотувлик асосига кўра жорий қилди. Шаръий аҳкомлар одамларга мазкур асосларга кўра умр йўлдош танлаш ихтиёрини берди. Бироқ гоҳида эр-хотиндан бирида умр йўлдошининг кўнгли совушига сабаб бўладиган, никоҳдан кўзланган мақсад рўёбга чиқишига тўсқинлик қиладиган айб-нуқсонлар учрайди. Мазкур ҳолатда қандай йўл тутиш лозимлиги тўғрисида махсус ҳукмлар, саҳоба ва тобеинлардан кўрсатмалар келган.

Умар розияллоҳу анҳу айтади: «Агар эркакни алдаб бирон (айбли) аёлга уйлантирсалар ёки аёлнинг баданида пес бўлса, эр аёлга яқинлик қилгани сабаб тўлиқ маҳрга ҳақли бўлади, маҳр эрни алдаган кишининг зиммасига тушади»[1].

Али розияллоҳу анҳу айтади: «Агар бир аёл турмушга чиққан бўлса-ю, баданида пес бўлса ёки мажнун (руҳий касалликка чалинган) бўлса ёки мохов бўлса ёки «қарн» касалига чалинган (яъни қинида жинсий яқинлик қилишга тўсқинлик қиладиган ўсимта: гўшт ёки суяк бўлса), у ҳолда эри модомики жинсий яқинлик қилмаган бўлса, аёлини никоҳида қолдириш ёки уни талоқ қилиш ихтиёри берилади. Борди-ю, эр аёлига яқинлик қилган бўлса, у ҳолда аёли маҳрга ҳақли бўлади»[2].

Уламолар айб туфайли никоҳни бекор қилиш масаласида бир неча фикрлар билдиришган.

  1. Зоҳирийларнинг фикрича, никоҳ ҳеч қачон айб сабабли бекор қилинмайди.

  2. Никоҳ муайян айблар сабабли бекор қилинади. Бу гуруҳ уламолар мазкур муайян айбларни белгилашда ихтилоф қилишган:

    1) Ҳанафий уламоларининг фикрича, никоҳ фақат «жабб»[3] ва «унна» сабабидан бекор қилиниши мумкин.

    2) Имом Шофеий ва имом Моликнинг фикрича, никоҳ руҳий касаллик, песлик, «қарн», «жабб» ва «унна» сабаблигина бекор қилинади.

    3) Имом Аҳмаднинг фикрича, никоҳ юқоридаги айбларга қўшимча яна «ратқ», «афл», «фатқ», сийдикни тутиб туролмаслик, носур (анал тешиги атрофида яра пайдо бўлиши), бавосир, «хасий», «салл» ва эр-хотиндан бирининг хунаса бўлиши каби айблар билан бекор қилиниши мумкин.

  1. Эр-хотинни бир биридан узоқлашишига сабаб бўладиган, раҳм-шафқат, меҳр-муҳаббатдан иборат никоҳдан кўзланган мақсадни рўёбга чиқишига тўсқинлик қиладиган ҳар қандай айб никоҳни бузиш ҳаққини беради. Бу фикр Ибн Қаййим[4] рожиҳ деб билган, Ибн Таймия тўғри деб ишора қилган ва Ибн Усаймин[5] ихтиёр қилган фикрдир.

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: «Саҳоба ва тобеинлар фатволарини мушоҳада қилиб кўрган киши уларнинг никоҳни бекор қилиш учун муайян айбларнигина инобатга олмаганига гувоҳ бўлади»[6].

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Уламолар санаб ўтишган ва фақат эркакларга тегишли айбларга мисоллар:

  • «Жабб» – олатнинг кесик бўлиши;

  • «Унна» – жинсий ожизлик, эркакнинг аёлга яқинлик қилишдан ожиз бўлиши. Бу касаллик гоҳида туғма, гоҳида бирон сабаб туфайли кейинчалик пайдо бўлиши мумкин;

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: «Эркакнинг аёлга жинсий яқинлик қилишга сусткашлиги «унна» дейилмайди. Модомики у бир ойда бир марта бўлса ҳам жинсий яқинлик қила олса, «жинсий ожиз» дейилмайди»[7].

  • «Хасий» – мояклари (яъни жинсий безлари) кесилган киши;

  • «Салл» – мояклари суғуриб олинган киши.

    (2)  Аёлларга хос айблар:

  • «Ратқ» – қиннинг олат кирмайдиган даражада тор бўлиши;

  • «Қарн» – қинда жинсий яқинлик қилишга тўсқинлик қиладиган ўсимта: гўшт ёки суяк бўлиши;

  • «Афл» – қин билан анал тешиги ўртасидаги гўштнинг шишиши натижасида қиннинг торайиши;

  • «Фатқ» – қин билан сийдик йўли каналининг туташ бўлиши.

    (3) Эркак ва аёлларда ҳам учрайдиган муштарак айблар:

  • Мажнун (яъни ақлдан озган) бўлиш;

  • Песлик;

  • Мохов касалига чалинган бўлиши;

  • Шунингдек, эр-хотиндан бирининг ОИТС, қўтир, саратон ва шу каби юқорида уламолар санаб ўтган касалликларга ўхшаш ёки ундан ҳам хатарли касалликларга чалинган бўлиши никоҳни бузиш ҳуқуқини беради.

    (4) Куёв муайян насаб ёки шарафли касб соҳиби деб келин томонни алдашса, сўнг унинг паст касб соҳиби экани маълум бўлса, аёл никоҳни бузишга ҳақлидир.

    (5) Агар томонлардан бирида бирон махфий айб бўлса, албатта никоҳ олдидан зикр қилиниши лозим. Мазкур ҳолатда никоҳ шартномасида бундай айблардан холи бўлиш шарт қилинмаганини пеш қилиш ярамайди. Чунки урф-одат шундай. Зеро, «урфда маълум бўлган иш гуёки шартномада шарт қилинган билан баробар».

    (6) Умар, Усмон, Ибн Масъуд ва Муғийра розияллоҳу анҳумлардан собит бўлишича, жинсий ожиз эркакка бир йил, баъзиларнинг айтишича, ўн ой муддат берилади. Мазкур муддат асносида гарчи бир марта бўлса ҳам аёлига яқинлик қилса, жинсий ожиз саналмайди. Акс ҳолда, аёл никоҳни бузишга ҳақлидир.

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бироқ бу (хилоф қилиш жоиз бўлмаган) шаръий ҳукмми ёки (шахсларнинг ҳолатига биноан чиқарилган) қозининг ҳукмими?».

Шундан сўнг Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ мазкур икки ҳолатдан ҳар бирига тегишли хулосаларни баён қилади.  Унинг айтишича, агар бу шаръий ҳукм бўлса, албатта унга амал қилиш лозим. Борди-ю, қози ўз ижтиҳодидан келиб чиқиб ҳукм қилган бўлса, у ҳолда қозининг фикри замон ва ҳолатга қараб ўзгариши мумкин. Бинобарин, эркакни текшириш, унинг чиндан ҳам жинсий ожизми ёки келажакда унга жинсий яқинлик қилиш салоҳияти қайтиши мумкинми ёки йўқлигини аниқлаш учун тиббиётга мурожаат қилиш жоиздир.

Мен бу ҳукмни қозининг ижтиҳодига боғлиқ бўлган ҳукм эканини рожиҳ деб биламан. Шунга кўра, эркакнинг жинсий ожизлигини аниқлаш учун мутахассис докторларга мурожаат қилишнинг зарари йўқ. Негаки, гоҳида аёлнинг ўзи эрига ёмон муомала қилиши, муттасил унинг асабига тегиши натижасида эрининг вақтинча жинсий ожизликка чалинишига сабабчи бўлади. Баъзан эса муайян сабабларга кўра, эри унга жинсий яқинлик қилса-да, буни инкор этиши ҳам мумкин.

(7) Агар аёлига жинсий яқинлик қилиб юрган эр тўсатдан яқинлик қилишдан ожиз бўлиб қолса ва текширишлар натижасида келажакда қайтадан жинсий яқинлик қилиш салоҳияти тикланмаслиги аниқ бўлса, у ҳолда аёлга никоҳни бузиш ҳуқуқи берилади. Борди-ю, жинсий ожизликни даволаш мумкин бўлса, шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳнинг фикрича, мазкур ҳолатда аёлга никоҳни бузиш ҳуқуқи берилмайди.

(8) Агар томонлардан бири иккинчисининг айбига рози бўлса, никоҳни бузиш ҳаққи соқит бўлади.

(9) Тиббий тараққиёт натижасида ратқ, қарн, фатқ каби аёлларга оид айбларни, шунингдек, бавосир, носур ва ҳоказо касалликларни даволаш имконияти пайдо бўлди. Шунинг учун модомики мазкур касалликларни даволаш узоқ муддат чўзилмас экан, бу каби айблар сабабли томонлардан бирига никоҳни бузиш ҳуқуқи берилмайди. Аммо бу касалликларни даволаш узоқ муддатга чўзилса (ёки даволаш учун моддий имконият етишмаса), у ҳолда никоҳдан кўзланган мақсад ҳосил бўлмагани сабаб никоҳни бузиш ҳаққи собит бўлади.

(10) Томонлар ўзаро рози бўлишса, ўрталаридаги никоҳни ўзлари бузадилар. Аммо бу хусусда ўрталарида низо пайдо бўлса, у ҳолда қозига мурожаат қиладилар. Бу Ибн таймия роҳимаҳуллоҳ айтган фикрдир.

(11) Агар никоҳ жинсий яқинлик қилишдан олдин бекор қилинса ва айб аёлда бўлса, у ҳолда унга маҳр берилмайди. Агар мазкур ҳолатда айб эрда бўлса, унда тўғри фикрга кўра, аёлга маҳрнинг ярми берилади[8].

Агар никоҳ жинсий яқинликдан кейин бекор қилинса, айб кимда бўлишидан қатъи назар, аёлга тўлиқ маҳр бериш вожиб бўлади. Мазкур ҳолатда айб аёлда бўлса, эр уни алдаган кишидан маҳрни ундириб олади; агар эрни алдаган аёлнинг валийси бўлиб, аёлдаги айбдан хабардор бўлган бўлса, демак, маҳрга у жавобгар бўлади. Борди-ю, валий айбдан бехабар бўлса, у ҳолда аёлнинг ўзи жавобгар бўлади. Аммо аёл ҳам айбдан бехабар бўлса, айтайлик, орқасида песи бўлиб, бундан ўзи ҳам бехабар бўлса, у ҳолда масала қозининг ижтиҳодига ҳавола қилинади.

(12) Агар аёл айби бор эркакка турмушга чиқишга рози бўлса, турмушга чиқишига қаршилик қилинадими?

Жавоб: аёл ёки эркак айби бор киши билан турмуш қурмоқчи бўлса, уларга тўсқинлик қилинмайди. Фақат бундан эр-хотиндан бирининг руҳий хаста ёки мохов касалига (ёки шунга ўхшаш хатарли касалликларга) чалинган бўлиши мустаснодир. Шунингдек, аёлни ичкиликка ружу қўйган эркакка турмушга чиқишдан ман қилиш лозим.

(13) Эр-хотиндан ҳар бири гарчи ўзининг ҳам айби бор бўлса-да, иккинчи томоннинг айби сабабли никоҳни бузишга ҳаққи бор. Бу борада томонларнинг айби бир хил бўлиши ёки бир биридан фарқ қилишининг аҳамияти йўқ.

[1] Молик (2/526), Абдураззоқ (10679), Байҳақий (7/214) ривояти. Асар ровийлари ишончли ровийлар, фақат Саид ибн Мусайяб асарни Умардан эшитганлигида ихтилоф бор. Дарҳақиқат, имом Аҳмад асарни саҳиҳ деган.
[2] Қаранг: «Ал-муҳалло» (10/260), Байҳақий (7/512). Асар санади саҳиҳ.
[3] Мавзуга оид мулоҳазаларда мазкур айблар изоҳи зикр қилинади, иншааллоҳ.
[4] «Зодул маод» (5/183).
[5] «Аш-шарҳул мумтеъ» (5/274), «Исломийя» нашриёти.
[6] «Зодул маод» (5/184).
[7] «Аш-шарҳул мумтеъ» (5/262), «Исломийя» нашриёти.
[8] «Аш-шарҳул мумтеъ» (5/297), «Исломийя» нашриёти.

Изоҳ қолдиринг