Савдо-сотиқ: Шаҳар ташқарисидан келтирилган маҳсулотни бозорга кирмасидан аввал сотиб олиш

0
  • Иккинчидан: Ўзгага зарар бўлгани сабабли ҳаром қилинган савдолар

    (1) Шаҳар ташқарисидан келтирилган маҳсулотни бозорга кирмасидан аввал сотиб олиш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Шаҳар ташқарисидан келтирилган маҳсулотни (бозорга кирмасидан аввал) қарши олманг. Кимда ким уни қарши олиб, ундан (бирон нарса) сотиб олса, маҳсулот эгаси бозорга киргач, савдони бузишга ҳақлидир»[1].

Одатда шаҳар ташқарисидан турли маҳсулотларни шаҳар бозорида сотиш учун олиб келган тожир ва деҳқонлар бозордаги нархлардан бехабар бўладилар. Бозордаги олибсотарлар эса бу маҳсулотларни арзон нархда сотиб олиш учун бозорга киришларидан олдин уларга пешвоз чиқадилар ва бозор ташқарисида савдони пиширадилар. Сўнг бу маҳсулотларни баланд нархда бозорда ўзлари сотадилар.

Нававий роҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис шарҳида шундай дейди: «Ушбу ҳадислар шаҳар ташқарисидан келтирилган маҳсулотларни бозорга кирмасидан аввал сотиб олиш ҳаромлигини ифода этади. Бу имом Молик, имом Шофеий ва жумҳур уламоларнинг фикридир. Имом Абу Ҳанифа ва Авзоийнинг фикрича, шаҳар ташқарисидан келтирилган маҳсулотларни бозорга киришидан олдин қарши олиш модомики одамларга зарар бермаса жоиз, агар зарар келтирса, макруҳдир. Тўғрироқ фикр биринчи фикрдир. Негаки, ҳадисда бу ишдан очиқчасига қайтарилган»[2].

Бу ишдан қайтариш ҳикмати

1– Шаҳар аҳолисининг манфаатини ўйлаш. Чунки шаҳар ташқарисидан келтирилган маҳсулотлар бозорга киришидан олдин чайқовчилар томонидан сотиб олиниши қимматчиликка сабаб бўлади. Чайқовчилар бу маҳсулотларни ўз қўлларига киритиб олишгач, уни истаган вақтда, истаган нархда сотадилар ва бу халққа зарар келтиради. Аксинча, четдан келган тожир ва деҳқонлар маҳсулотларини бозорга олиб кириб, уни бевосита ўзлари сотсалар, шаҳарда арзончилик юзага келади.

2– Тожир ва деҳқонлар манфаатини кўзлаш. Аксар ҳолатларда олибсотарлар бозордаги жорий нархдан бехабар бўлган шаҳар ташқарисидан келган тижоратчи ва деҳқонларни алдайдилар[3], маҳсулотларни бозордаги нархлардан анча арзонга сотиб оладилар. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳар ташқарисидан келган тижоратчи ва деҳқонлар ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш учун уларга савдони бузиш ҳаққини бердилар; улардан бири бозорга кириб нарх-наво билан танишгач, алдангани маълум бўлса, хоҳласа савдони бузиши мумкин. Шунга кўра, агар бозор ташқарисидаги савдода алданган бўлмаса, у ҳолда тўғри фикрга кўра, савдони бузишга ҳаққи йўқ.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаҳар ташқарисидан келтирилган маҳсулотларни бозорга киришидан олдин сотиб олишдан (ёхуд карвонга пешвоз чиқишдан) қайтарганлари бу ишнинг ҳаром эканига далолат қилади. Бироқ бу дегани бўлиб ўтган савдонинг нодурустлигини тақозо қиладими, йўқми? Уламолар бу борада ихтилоф қилишган. Рожиҳ фикрга кўра, бундай савдога қўл урган киши гуноҳкор бўлса-да, савдо дуруст бўлаверади. Чунки ҳадисдаги қайтариқнинг савдо моҳиятига дахли йўқ. Қолаверса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «маҳсулот эгаси савдони бузиш ҳаққига эга» деган сўзлари ҳам савдо тузилганига далолат қилади. Фақат сотувчига савдода юз берган қаллоблик сабабли савдони бузиш ҳуқуқи берилади.

Бироқ Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадис масалага чигаллик киритади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: «Биз (шаҳар ташқарисидан маҳсулот олиб келувчи) карвонга пешвоз чиқиб, улардан озиқ-овқат маҳсулотларини (буғдой, арпа ва ҳоказоларни тарози ёки ҳажм идишларида ўлчамасдан) чамалаб сотиб олар эдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни бу маҳсулотларни жойидан қўзғатмагунча ёки бошқа жойга кўчирмагунча қайтадан сотишдан қайтардилар»[4].

Ушбу ҳадис зоҳири саҳобалар карвонга пешвоз чиқишгани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни бу ишдан қайтармаганига далолат қилади. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни сотиб олган бу маҳсулотларини бошқа жойга кўчирмагунча қайтадан сотишдан қайтарганлар, холос.

Таҳовий роҳимаҳуллоҳ мазкур икки ҳадисни бир бирига мувофиқлаштирар экан, биринчи ҳадис шаҳар ташқарисидан келтирилган маҳсулотларни бозорга киришидан олдин сотиб олиш олибсотарлардан бошқаларга зарар келтирган ҳолатга, иккинчи ҳадис эса зарар келтирмаган ҳолатга тегишли деган хулосани билдиради[5].

Бу икки ҳадис ўртасидаги қарама-қаршиликни бартараф этиш учун бошқача йўл тутиш ҳам мумкин. Шаҳар ташқарисидан келтирилган маҳсулотларни бозорга киришидан олдин сотиб олиш жоизлигини ифода этувчи ҳадисдан тижоратчи ва деҳқонларнинг бозорнинг бошланиш нуқтасига етиб келган, бироқ ҳануз унга кирмаган ҳолатлари назарда тутилган бўлса, улардан бирон нарса сотиб олиш жоиз эмаслигини ифода этувчи ҳадис ушбу маҳсулотларнинг батамом бозор ташқарисида[6] бўлган ҳолатига тегишлидир. Ҳофиз Ибн Ҳажар шу ечимни рожиҳ деб билади[7]. Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадисига оид айрим ривоятлар ҳам шу фикрни қўллаб-қувватлайди. Унда шундай дейилади: «Улар озиқ-овқат маҳсулотларини бозорнинг юқори томонида сотиб олишар ва жойида (уни бошқаларга) сотишар эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни бу маҳсулотларни бошқа ерга кўчирмагунча қайтадан сотишдан қайтардилар»[8]. Бозорга яқин жойда бу маҳсулотларни сотиб олиш жоиз-у, бозордан ташқарида ёхуд шаҳар ташқарисида сотиб олиш жоиз эмаслигининг ҳикматига келсак, бу ҳақда ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Бунинг ҳикмати шундаки, тожирлар шаҳарга кирсалар (ва бозорга яқинлашсалар), нарх-навони билиш ва муносиб нархга сотиш имкони туғилади. Мазкур ҳолатда улар нархни ўрганишга ҳаракат қилмасалар, у ҳолда ўзлари хато қилган бўладилар. Аммо шаҳарга кирмасдан олдин бу ҳақда маълумотга эга бўлиш мушкул»[9].

[1] Муслим (1519), Насоий (7/257), Аҳмад (2/487) ривояти.
[2] «Шарҳи саҳиҳи Муслим» (10/163).
[3] Олибсотарлар уларнинг маҳсулотларини ерга урадилар, қаллоблик ва ёлғон ишлатиб улар келтирган маҳсулотлар бозори касодлигига ишонтирадилар, натижада уларга бу маҳсулотларни арзон гаровга сотадилар.
[4] Бухорий (2166), Насоий (7/287), Ибн Можа (2229) ривояти.
[5] «Шарҳи маонил осор» (4/8).
[6] Қаранг: «Ал-муғний» (4/243).
[7] «Фатҳул Борий» (4/375).
[8] Бухорий (2059), Абу Довуд (3494), Насоий (7/287) ривояти.
[9] «Фатҳул Борий» (4/375).

Изоҳ қолдиринг