Қадимги хаворижлар ва бугунги ИШИД: ўртадаги боғлиқлик (8)

1

17) Мухолифларни ўлдиришга мукофот қўйишади

Тарихдан:

Абдураҳмон ибн Мулжим исмли хавориж шу эътиқоддаги Қатом бинти Шажина исмли аёлнинг қўлини сўраганида: “Мени рози қилмагунингча сенга турмушга чиқмайман” – деган. Абдураҳмон: “Нима хоҳлайсан?”, деб сўраганида: “Уч минг пул, битта эркак, битта аёл қул ҳамда Али ибн Абу Толибни ўлдиришингни истайман”, деб жавоб берган[1].

Бугунги кундан:

Адноний шундай дейди: “Эй исломий давлат лашкарлари! Билиб қўйинглар, биз уларнинг (Жайшул ҳурни назарда тутмоқда) бошлиқларидан бирининг калласини келтирган ҳар бир шахс учун мукофот қўйганмиз. Шундай экан, уларни учратган ерингизда авайламасдан ўлдиринглар”[2].

Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар рақибларини ўлдирганларга мукофот беришган. Бугунги ИШИД ҳам худди шу тарзда мухолифларини ўлдирганларга мукофот беришмоқда.

18) Издошларини мухолифларини ўлдиришга тезлашади

Тарихдан:

Шабиб ибн Язид ўз издошларини тезлаб: “Ким менга Суро[3] волийсининг калласини олиб келади?!” – деган. Шунда издошларидан беш киши бу вазифани ўз зиммаларига олишган. Улар зудлик билан йўлга чиқдилар ва дорул харожга етиб келдилар ва у ерга кирдилар. Улар волийни топиш учун ҳийла ишлатишди: одамларга Ҳажжож томонидан амир юборилганини, бу амир Шабибни тутиш учун келганини айтишди. Бу ёлғон хабарга алданган волий уларнинг ҳузурига чиққанида бошини танасидан жудо қилишди ва Шабибнинг ҳузурига қайтиб кетишди. Шабиб улардан: “Бизга нима келтирдинглар?” – деб сўраганида: “Фосиқнинг калласини олиб келдик” – деб жавоб беришди[4].

Бугунги кундан:

Адноний шундай дейди: “Эй муваҳҳид (тавҳид эътиқодидаги инсон)! Қаерда бўлсанг ҳам, қўлингдан келганича биродарларингни, давлатингни ҳимоя қил. Қилишинг мумкин бўлган энг афзал иш – франциялик, америкалик ҳар қандай кофирни ёки улар билан иттифоқ тузган ҳар қандай шахсни ўлдириш учун бор имкониятингни ишга солмоғингдир”[5].

Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар мухолифларни ўлдириш учун одам юборишган. Худди шундай, бугунги ИШИД ҳам издошларини ўзларининг душманлари ва хасмларини ҳатто у шахс мусулмон бўлса ҳам, “у душманларимизнинг иттифоқчиси” даъвоси остида ўлдиришга ундашмоқда.

19) Инсонларни мусулмон ёки кофир эканини сўрамасдан ўлдирадилар

Тарихдан:

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу хаворижлар билан бўлиб ўтган жангда байроқ кўтариб, хаворижларга қарата шундай деган: “Ким мана шу байроқнинг остига келса, (ноҳақ) одам ўлдирмаган, ўлдиришда мусулмон ёки кофир эканини сўраган бўлса, унга омонлик берилади”[6].

Хаворижларнинг етакчиларидан бўлган Абдуллоҳ ибн Азрақ ва унинг издошлари мусулмонларни кофир деб, ўлдирилаётган шахснинг мусулмон ёки кофир эканини сўраш шарт эмас, ёш болаларни ўлдириш жоиз, деб эътиқод қилишган[7].

Бугунги кундан:

Адноний шундай дейди: “Аллоҳга қасам, Аллоҳга қасам, бизнинг автотранспорт бомбаларимиз Дияладан Байрутгача рофизийларни бомбалайди”[8]. Маълумки, автотранспорт бомбалари мусулмону кофир, аёлу ёш бола, жангчию тинч аҳоли ўртасини ажратмайди.

Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар ўлдираётган шахслари шаръан ўлдиришга лойиқми ёки йўқми, бунга аҳамият бермаганлар. Бугунги ИШИД ҳам ўлдиришда одам ажратмайдилар. Биз буни уларнинг портлатиш ишлари, аовтотранспорт бомбаларини қўлланишларида кузатишимиз мумкин.

Давоми бор

[1] Табароний “Муъжамул кабийр”да (1\9) ривоят қилган. “Ал-бидоя ван ниҳоя” (7\329),  “Ал-комил фит тарих” (2\104), “Тариху Ибн Халдун” (2\319).
[2] “Ар-роиду лаа якзибу аҳлаҳу” номли овозли баёнотидан.
[3] Қадимий шаҳарнинг номи. Фуротнинг ғарбида, қадимги Бобил шаҳрининг жанубида жойлашган. Дарё бўйида жойлашгани учун узум, буғдой, арпа каби турли хил мева ҳамда полиз экинлари билан машҳур бўлган.
[4] “Ал-комил фит тарих” (2\81), “Тарихул умам” (3\114).
[5] “Инна Роббака лабил мирсод” номли овозли баёнотидан.
[6] “Ал-комил фит тарих” (2\86), “Тарихул умам” (3\121), “Тариху Ибн Халдун” (2\180).
[7] “Тариху Ибн Халдун” (3\145), “Ал-комил фит тарих” (2\208).
[8] “Фазарҳум ва маа яфтаруун” номли овозли баёнотидан.

Discussion1 комментарий

Изоҳ қолдиринг