Аббосийлар давлати: Маъмун ибн Ҳорун Рашид

0

Еттинчи халифа Абдуллоҳ Маъмун ибн Ҳорун Рашид

(Халифалик даври ҳижрий 198-218 йиллар)

Абдуллоҳ Маъмун ҳижрий 170 йили рабеул аввал ойи ўртасида, амакиси Мусо ибн Ҳодий вафот этган ва отаси Ҳорун Рашид халифалик тахтига ўтирган куни дунёга келди. Унинг онаси Марожил исмли жория (чўри аёл) эди.

Ҳорун Рашид ҳижрий 182 йили Маъмунни ундан етти ойлик кичик укаси Аминдан кейинги иккинчи валиаҳди деб эълон қилди.

У ҳижрий 198 йили укаси Аминнинг ўлдирилишидан тақрибан 10 кун олдин, 25 муҳаррам пайшанба куни халифа сифатида байъат қабул қилди. Ҳолбуки, Амин Бағдодда қамал ҳолатида экан, икки йилдан бери халифа сифатида Маъмун ҳаққига дуо қилиб келинарди.

Маъмун оқ юзли, келишган, узун соқолли, тор пешонали эди, ёноғида холи бор эди.

Дастлаб Маъмун гўё рамзий амирулмўъминин ўлароқ Марвда қолди.

Амин ўлдирилганидан сўнг Маъмун Ҳасан ибн Саҳлни Жибол, Форс, Аҳвоз, Басра, Кўфа, Ҳижоз ва Яманга волий этиб тайинлади.

Тоҳир ибн Ҳусайнни Мусил, Жазира, Шом, Мағрибга волий қилди, уни Раққага боришга ва Наср ибн Шабс билан уруш қилишга буюрди.

Кибор волийлар шаҳарларга ўзлари тарафидан ходимларни юборишарди ва ўлкалар ишларини тасарруф қилишарди. Бу эса ҳукм ҳайбатини бўшаштирди ва аббосийлардан бошқаларда ҳам ҳокимликка умид пайдо бўлди.

Маъмун Ҳарсама ибн Аъянга Хуросонга волий бўлиб кетишини буюрди.

Ҳасан ибн Саҳл волийлик ишини олиб бориш ва ходимларини ўша ердан йўллаш учун Бағдодга келди.

Бироқ Бағдодда Ҳасаннинг айрим фаолиятларидан норозилик кайфиятида бўлган халқ унга қарши бош кўтарди, Ҳарсама ибн Аъяннинг зиндонда сирли равишда вафот этиши оловга мой сепгандек бўлди. Ҳасаннинг Бағдодга қўйган волийси Али ибн Ҳишомни қувиб чиқардилар. Бу ҳодисаларда Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толибнинг авлодидан бўлган Зайд ибн Мусо ибн Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ҳам иштирок этди. У зиндонда эди, ундан қутулиб чиқди.

Бағдод аҳли Мансур ибн Маҳдийни халифа қилмоқчи бўлди, бироқ у бунга кўнмади. Шундан сўнг ундан Бағдодга Маъмун номидан амир бўлишини талаб қилдилар ва у бунга розилик билдирди.

Маъмун аҳли байтдан бўлган Али ибн Мусо ибн Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толибни ўзига валиаҳд деб эълон қилди ва уни Ризо деб номлади, унинг ҳурмати учун одамларидан қора ўрнига яшил салла кийишни талаб қилди. Бу эса аббосийларнинг норозилигига сабаб бўлди. Бағдод аҳли Маъмуннинг амакиси Иброҳим ибн Маҳдийга байъат бериб, уни Муборак деб номлади. Унинг валиаҳди сифатида жияни Исҳоқ ибн Мусо ибн Маҳдийга байъат бердилар ва Маъмуннинг байъатидан воз кечдилар. Бу воқеа ҳижрий 201 йилнинг бошларида юз берди.

Маъмунга юз берган ҳодисанинг сабаби ўлароқ унинг давлат ишларини Ҳасан ибн Саҳлга ва укаси Фазл ибн Саҳлга ташлаб қўйгани ва ўзининг ҳукм марказидан узоқда қолгани билдирилди. Шундан сўнг у 202 йили Бағдодга келди.

Бу орада Фазл ибн Саҳл сирли равишда ўлдирилди. Маъмун Ҳасан ибн Саҳлнинг қизи Бўронга уйланди. Шунингдек, қизи Умму Ҳабибни Али Ризога никоҳлаб берди, иккинчи қизи Умму Фазлни Муҳаммад ибн Али ибн Мусога берди.

Али Ризо Маъмун билан бирга Бағдодга келишлари асносида, Тусдан ўтаётган пайтларида тўсатдан вафот этди. Маъмун жаноза намозини ўзи ўқиди ва уни отаси Ҳорун Рашид ёнига дафн қилди.

Шундан сўнг Ҳасан ибн Саҳл ва Бағдод аҳли унга мактуб йўллаб, Али Ризо вафот этиши билан Маъмунга нисбатан қалбларидаги норозилик ҳисси йўқолганини билдирдилар.

Бағдод аҳли ичида иккинчи марта келишмовчилик содир бўлди. Бунда Иброҳим ибн Маҳдий душманларининг қўли баланд келиб, уни амалидан бўшатдилар ва у қочиб яширинди, халқ Маъмунга байъат берди.

Маъмун Тоҳир ибн Ҳусайнга уни Наҳравонда кутиб олишини буюриб мактуб йўллади, Тоҳир Раққадан чиқиб, у тарафга юрди.

Ҳарсама ибн Аъянга эса Маъмун Шомга ё Ҳижозга волий қилиб юборилганини билдириб мактуб йўллади, аммо у Маъмун ҳузурига келишни истади ва Марвга келди. Унгача Фазл ибн Саҳл унга қарши баъзи гапларни айтиб, Маъмуннинг кўнглида унга нафрат пайдо қилганди. Ҳарсама Марвга келгач, Маъмун таънаю дашномлар билан унинг пўстагини қоқди, сўнг зиндонга ташлади. У бир неча кундан сўнг зиндонда вафот этди, ўлимининг сабаби номаълум бўлиб қолди.

Маъмун Бағдодга келгач, иниси Солиҳ ибн Ҳорун Рашидни Басрага волий қилиб юборди.

Убайдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Убайдуллоҳ ибн Аббос ибн Али ибн Абу Толибни икки ҳарам юртига волий қилиб юборди.

Тоҳир ибн Ҳусайнга Бағдоддан бошлаб ислом давлатининг узоқ шарқигача чўзилган Хуросон вилояти волийлигини берди.

Яҳё ибн Муозни Жазирага, Ийсо ибн Муҳаммад ибн Абу Холидни Армения ва Озарбайжонга волий қилиб юборди ва уни Бобак Хуррамийга қарши урушишга буюрди.

Миср волийлигини Суррий ибн Ҳакамга берди.

Тоҳир ибн Ҳусайн ўғли Абдуллоҳни ўз ўрнига Раққага волий қилиб, унга Наср ибн Шабасга қарши урушишни буюрди. Яҳё ибн Муоз 205 йили вафот этгач, Абдуллоҳ Жазирага волий бўлди.

Тоҳир ибн Ҳусайн ҳижрий 207 йили тўсатдан вафот этди, сўнг ўғли Талҳа етти йил Мисрга волийлик қилди.

Маъмун ҳижрий 209 йили амакиси Иброҳим ибн Маҳдийни аёл киши либосида яшириниб юрганида қўлга туширди, шунингдек, унга байъат берганларнинг баъзиларини ҳам қўлга олди. Ҳасан ибн Саҳл ўртага тушиб, Иброҳим учун омонлик тилади ва Маъмун уни афв этди, лекин унинг тарафдорларини ўлдирди.

Ҳижрий 212 йили Маъмун Қуръонни махлуқ дейишини ҳамда Али ибн Абу Толибни бошқа барча саҳобадан афзал санашини эълон қилди, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг одамларнинг энг афзали деб билишини айтди. Қуръонни махлуқ деб айтиш фитнаси сабабли 218 йили уламоларга қаттиқ синов келди, кўп олимлар, шу жумладан, имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам азобларга дучор бўлдилар.

Маъмун иниси Муътасим Абу Исҳоқ Муҳаммад ибн Рашидни ўзига валиаҳд эълон қилиб, байъат олдирди.

Абдуллоҳ Маъмун 218 йили 25 муҳаррамда Рум диёрида эканида вафот этди ва Тарсусда дафн этилди.

 

Изоҳ қолдиринг