Ота-онам хорижда диний таълим олишимга қарши бўлсалар, нима қилишим керак?

0

Савол:

Ота-онам хорижда диний таълим олишимга қарши бўлсалар, нима қилишим керак?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Аввало ота-онанинг илм олишга тўсқинлик қилиши деган гапга очиқлик киритиш лозим. Чунки илмнинг фарзи айн бўлгани ва фарзи кифоя бўлгани бор. Фарзи айн ҳар бир мусулмон шахсан билиши фарз бўлган илмлардир. Таҳорат, намоз, рўза ва ҳоказо ибодатлар дуруст бўладиган миқдорда илм ўрганиш, ҳалол-ҳаромни ажратиш, шунингдек, Аллоҳ ва Расулини таниш ва ҳоказо эътиқодий ҳукмларни билиш ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарзи айндир. Бу илмларни инсон ўз юртида ҳам ёки хорижда ўрганиши учун имконият бор.

Энди фарзи кифоя бўлган илмларга келсак, бу илмларни ҳамма ўрганиши шарт эмас, балки бир тоифа мусулмонлар ўрганса кифоя, шу билан қолганлардан мажбурият соқит бўлади. Турли шаръий илмларда, шунингдек, уммат муҳтож бўлган дунёвий бирон илмда мутахассис бўлиб етишиш фарзи кифоя бўлган илмлардир.

Шунга биноан, ота-она фарзандини фарзи айн бўлган илмдан тўсишга ҳаққи йўқ, аксинча, улар фарзандларига бундай илмларни ўрганишлари учун муносиб шароит яратишлари лозим. Фарзи кифоя бўлган илмларга келсак, бунинг ҳукми вазиятга қараб ўзгариши мумкин. Саволдан маълум бўлишича, ота-онангиз сизнинг илм олиш учун хорижга сафар қилишингизга норози. Шунинг учун сиз аввало ўрганмоқчи бўлган илмингизни ўз ватанингиздаги уламолардан ўрганишга ҳаракат қилинг. Агар сиз яшаб турган жойда бундай уламолар йўқ бўлса, у ҳолда ота-онангизни рози қилишга уриниб кўринг. Агар бунга рози бўлмасалар, у ҳолда фарзи кифоя учун ота-онани ранжитиш, уларни норози қилиш ярамайди. Чунки мазкур ҳолатда сиз ўрганмоқчи бўлган илм фарзи кифоя бўлса, ота-онани рози қилиш эса фарзи айндир. Айниқса, ота-онангизнинг сиздан бошқа фарзандлари бўлмаса ёки улар сизнинг моддий ва маънавий ёрдамингизга муҳтож бўлсалар, асло улардан узоқлашишингиз жоиз бўлмайди.

Ундан ташқари алоқа воситалари ва интернет ривожланган ҳозирги замонда инсон ўз юртида туриб ҳам дунёнинг турли чеккаларидаги олим ва шайхларнинг билимидан баҳраманд бўлиш имконияти туғилди. Фақат бунинг учун толиби илмдан қатъий ирода ва қунт талаб қилинади холос.

Хулоса қилиб айтганда, динимизда она-онани рози қилишга катта эътибор қаратилади, модомики гуноҳ ишга буюрмасалар фарзанд уларга итоат қилиши фарз. Хорижда таълим олишингиз учун жиддий зарурат бўлмаса, ота-онангизнинг гапига кириб, шу ернинг ўзида имкон қадар таълим олишингиз мақсадга мувофиқдир, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг