Соғлом эътиқодга йўлланма: Kириш

4

Исломий ақида шундай ақидаки, Аллоҳ таоло пайғамбарларини уни еткизиш учун юборди, китобларини шу ақида асосида нозил қилиб, уни барча халойиқ: инсу-жинга вожиб қилди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ ҳам ва улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман” [Зориёт: 56-57]. Аллоҳ таоло яна шундай дейди: “Парвардигорингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни амр этди” [Исро: 23]. Аллоҳ таоло яна шундай дейди: “Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар”, (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз” [Наҳл: 36]. Барча пайғамбарлар бу ақидага даъват қилиш учун келдилар. Шунингдек, илоҳий китобларнинг барчаси бу ақидани баён қилиш, уни йўқ қиладиган, унга зид келадиган ва уни ноқис қиладиган ишларни баён қилиш учун нозил қилинди. Халойиқдан ҳар бир мукаллаф, яъни оқил ва балоғатга етган мусулмон шу ақидага буюрилди. Агар бирон бир иш бунчалик аҳамиятли бўлса, албатта барча нарсадан олдин унга эътибор бериш, у ҳақда изланиш ва у билан танишиш лозим  бўлади. Устига-устак, башариятнинг дунё ва охиратда саодатли бўлиши ҳам шу ақидага боқлиқдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бас, ким шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди” [Бақара: 256].

Бу дегани, ким бу ақидадан воз кечса, у албатта ботил ва хаёлий нарсаларга чирмашган ҳисобланади. Негаки, ҳақдан бошқаси залолатдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бунинг боиси Аллоҳнинг Ўзигина Ҳақ (илоҳ) экани, улар (яъни мушриклар Аллоҳни) қўйиб илтижо қилаётган бутлари эса ботил нарса эканлигидир” [Луқмон: 30]. Шундай экан, бундай кимсанинг боражак ери дўзах бўлади. У нақадар ёмон қароргоҳдир.

Ақида дегани банда тасдиқлаб, эътироф этадиган ва бўйсунадиган нарсадир. Агар бу ақида Аллоҳ пайғамбарларига юборган ва китобларида нозил қилган нарсага мувофиқ бўлса, у ҳолда бу ақида Аллоҳнинг азобидан нажот берадиган, дунё ва охиратда саодатга элтадиган тўғри ва соғлом ақидадир. Аксинча, бу ақида Аллоҳ пайғамбарларига юборган ва китобларида нозил қилган нарсага хилоф бўлса, у ҳолда бундай ақида кимсани дунё ва охиратда азоб ва бахтсизликка дучор қилади.

Тўғри ва соғлом ақида дунёда жон ва мол-мулк дахлсизлигини таъминлайди, у иккисига ноҳақ тажовуз қилиш ва поймол қилишни ҳаром қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дейдилар: “Мен одамлар то “Ла илаҳа иллаллоҳ”, (яъни Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ) деб айтмагунларича уларга қарши уруш қилишга буюрилдим. Агар улар бу калимани айтсалар, ўшанда жон ва мол-мулкларини мендан асраб қоладилар. Шунда ҳам бу калима ҳаққи-талаби сабаб (уларнинг жон ва мол-мулкига аралашиш) бундан мустаснодир”. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган барча нарсаларга кофир бўлса, унинг мол-мулки ва жони(га тажовуз қилиш) ҳаром бўлади ва унинг ҳисоб-китоби Аллоҳга ҳаволадир”. Муслим ривояти.

Шунингдек, бу ақида қиёмат куни Аллоҳнинг азобидан қутқаради. Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким Аллоҳга Унга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда йўлиқса жаннатга киради. Ким Аллоҳга Унга бирон нарсани шерик қилган ҳолда йўлиқса дўзахга киради”. “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Итбон ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Аллоҳ таоло Унинг розилигини истаб “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кишини дўзахга ҳаром қилди”. Тўғри ва соғлом ақида сабаб Аллоҳ гуноҳларни каффорат қилади. Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, ҳасан деган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Аллоҳ таоло деди: “Эй Одам боласи, агар ер қобиғичалик гуноҳ қилсангда, Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда йўлиқсанг, Мен сенга ер қобиғича мағфират билан келаман”. Ер қобиғича гуноҳдан мақсад ер куррасининг тўлалигича ёхуд қарийб тўлалигича гуноҳ демакдир. Кўриб турганингиздек, ушбу мағфират ҳосил бўлиши учун ақиданинг ҳар қандай ширк турларидан соғлом бўлиши шарт қилинмоқда. Агар ким мана шундай бўлса, у Аллоҳ таоло қуйида зикр қилган соғлом қалб соҳибидир: “У кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда бермас? Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)” [Шуаро: 88-89].

Аллома Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ Итбон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис шарҳида шундай дейди: “Ақидаларига ширк аралаштирмаган холис тавҳид асҳобларига бошқаларга насиб қилмаган афв-мағфират насиб қилади. Агар Аллоҳга асло ширк келтирмаган муваҳҳид – Аллоҳни ёлғиз маъбуд деб эътиқод қилувчи мўмин Раббисига ер қобиғи тўла гуноҳлар билан йўлиқса, Аллоҳ унга шунча мағфират билан келади. Бу нарса тавҳиди ноқис бўлган кимсага насиб қилмайди. Негаки, ширк аралашмаган холис тавҳид бор жойда гуноҳ қолмайди. Чунки, бундай тавҳид гарчи ер қобиғи тўлалигича бўлсада гуноҳларни ювилиб кетишига сабаб бўладиган ёлғиз Аллоҳнигина яхши кўриш, улуғлаш, Ундан қўрқиш ва умид қилиш хислатларини ўз ичига олади. Нажосат, яъни гуноҳлар ўткинчи, уни даф этувчи омил, яъни холис тавҳид эса кучлидир…”.

Агар ақида соғлом бўлсагина амаллар мақбул бўлиб, соҳибига манфаат келтиради. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эркакми ё аёлми — кимда ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз  унга (ҳалол ризқ ва қаноатга тўла) саодатли ҳаёт ато этамиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз” [Наҳл: 97]. Бунинг акси ўлароқ, бузуқ ақида барча амалларни пучга чиқаради. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилинган: “Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб колурсан!” [Зумар: 65]. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Агар улар мушрик бўлганларида килган амаллари беҳуда кетган бўлур эди” [Анъом: 88]. Ширк сабабли бузилган ақида инсонни жаннат ва мағфиратдан мосуво қилади ва азоб-уқубат ва дўзахда мангу қолишга гирифтор қилади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур” [Нисо: 48]. Яна шундай дейди: “Албатта кимда ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас” [Моида: 72].

Бузуқ ақида инсоннинг жонини қийматсиз қилади, эга бўлган мол-мулкига нисбатан дахлсизлик ҳуқуқини кеткизади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “То фитна тугаб, бутун дин Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан урушингиз!” [Бақара: 193]. Яна шундай дейди: “Бас, қачон уруш ҳаром қилинган ойлар чиқса,   мушрикларни топган жойингизда ўлдирингиз, (асир) олингиз, қамал қилингиз ва барча йўлларда уларни кузатиб турингиз!” [Тавба: 5].

Шундан келиб чиққан ҳолда, соғлом ақиданинг қалбларга ҳам, ижтимоий ҳаётга ҳам ва тараққиёт тизимига ҳам ижобий таъсири бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида икки гуруҳ бор бўлиб, улардан ҳар бири масжид қуришган эди. Улардан бири Аллоҳ таолога холис ва яхши ният, соғлом ақида билан бир масжид қурдилар. Бошқа гуруҳ эса масжидларини ёмон ният ва бузуқ ақидадан келиб чиқиб бино қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло Пайғамбарини тақвога асосланиб қурилган масжидда намоз ўқишга буюриб, куфр ва ёмон мақсадга асосланган масжидда намоз ўқишдан қайтарди. Бу борада Аллоҳ таоло шундай дейди: “Яна шундай кимсалар ҳам борки, улар (мўминларга) зиён етказиш, куфрни кучайтириб ва мўминлар ўртасига тафриқа солиш, ҳамда илгари Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши урушган (бир) кимсага кўз тутиш учун (фитна юзасидан) масжид қуриб олдилар. Яна: “Биз фақат яхшиликнигина истаган эдик”, деб қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ гувоҳлик берурки, улар шак-шубҳасиз ёлғончидирлар. (Эй Муҳаммад), ҳеч қачон у масжидда намозга турманг! Биринчи кундан тақво асосига қурилган масжид борки, сиз ўшанда туришингиз лойиқроқ. Унда покликни севадиган кишилар бордир. Аллоҳ эса ўзларини мудом пок тутгувчи зотларни севар. Бас, бу биноларини Аллоҳдан қўрқиш ва Унинг ризолиги асосига қурган киши яхшироқми ёки биноларига емирилаётган жар ёқасини асос қилиб олиб, шу сабабли ўзи ҳам жаҳаннам ўтига қулаган кимсами?! Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас”. [Тавба: 107-109].

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion4 fikr

  1. ASSALAMU ALAYKUM VA ROXMATULLOH. ALLOH ROZI BOLSN BARCHA XIZMAT QILAYOTGAN BUTODARLARIMIZDAN. 1 IKTIMOS TAKLIF BOR EDI. YA’NI OYATLARNI OZ XOLICHAXAM (ARABIY LUG’AT BN) QOLDIRSALARING YAXSHI BOLARDI. ALLOH ROZI BOLSN.

    • Abu Anas Habibulloh

      Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ! Муҳтарам биродар Муслим, саҳифамизга қаратган эътиборингиз учун ташаккур. Саҳифамиздаги мақолалар асосан араб тилини билмайдиган ўзбек китобхонларга мўлжалланган. Шу боис Мақолаларимиз арабча матнлардан холидир. Оятларнинг арабча матни билан танишмоқчи бўлганлар учун сура ва оят рақамлари берилган. Аллоҳ ҳимматингизни янада зиёда қилсин!

      • Assalamu alaykum Va rohmatulloh! Alloh rozi bosin hammeladan ustozlarm shu “soglom E’tiqodga yollanma” ni pdf farmti bormi

  2. assalamu alaykum va rohmatullohi va barokatux! Alloh hammeladan rozi bosin, ilmilani ziyoda qsn AMIN. iltimos boridi pdf farmat скачать qilish iloji bormi okala?

Изоҳ қолдиринг