Али розияллоҳу анҳу: Умар Форуқ билан аҳли байт ўртасидаги муносабатлар (2)

0

Умар розияллоҳу анҳу Али розияллоҳу анҳуни ўзидан сўнг халифаликка номзодлар қаторига киритгани

Умар розияллоҳу анҳу жароҳат олиб, ўлим тўшагида ётган пайтида мусулмонлар ундан ўзларига васият қилишини ва ўрнига бирон кишини халифа қилиб қолдиришини сўрадилар. У: “Мен бу ишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан рози бўлган ҳолларида вафот этган мана бу кишиларни энг лойиқ инсонлар деб биламан”,  деб Али, Усмон, Зубайр, Талҳа, Саъд ва Абдураҳмонни санади[1]. Сўнгра у улар ичидан хоссатан уч кишини – Али, Усмон ва Абдураҳмонни чорлаб, уларга насиҳат қилди[2].

Умар розияллоҳу анҳу давлат раҳбари эди, бинобарин у ўзидан сўнг энг муносиб кишини халифа қилиб қолдириши лозим эди. У бунга қўлидан келганича ҳаракат қилди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан рози ҳолда вафот этган олти кишини бошқалардан кўра бу ишга лойиқ деб кўрди. Гарчи уларнинг ҳар бирида бошқасида бўлмаган айрича фазилатлар бўлса-да, барчасини бу вазифанинг уддасидан чиқишга бир-бирига яқин даражада деб кўрди. Шу боис ўз ичларидан бир кишини халифаликка тайин қилишни шу олти кишига топширди, ўзи улардан бирини аниқ тайин қилиб қўйса, бошқаси ундан кўра лойиқроқ бўлиб чиқишидан қўрқди. Бу одил ва холис имомнинг ижтиҳоди Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари татбиқи эди: “Уларнинг ишлари ўзаро шўро-маслаҳат (билан) бўлур”  [Шўро: 38], “Ишларингизда улар билан маслаҳатлашинг” [Оли Имрон: 159].

Унинг бу ижтиҳодига барча саҳобалар рози бўлдилар, улардан бирон кишининг норози бўлгани билинган эмас. Бу ҳақда батафсил маълумотга эга бўлишни истаганлар Умар розияллоҳу анҳу ҳақида бериб борилаётган мақолаларимизга мурожаат қилсинлар.

Али розияллоҳу анҳунинг Умар розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганидан кейин айтган сўзлари

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Умар розияллоҳу анҳунинг тобути ердан кўтарилишидан олдин одамлар унинг ҳаққига дуо ва истиғфор айтиб туришган эди, мен ҳам улар ичида эдим, бирдан биров елкамга қўлини қўйди. Қарасам, Али ибн Абу Толиб экан. У Умарга Аллоҳнинг раҳматини сўради, сўнг деди: “Ортингиздан ўзингизга ўхшаган, мен Аллоҳга унинг амалидек амал билан йўлиқишни истайдиган бирон кишини қолдирмадингиз. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни иккала биродарингиз билан бирга қилади, деб ўйлардим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мен, Абу Бакр ва Умар бордик, мен Абу Бакр ва Умар кирдик, мен, Абу Бакр ва Умар чиқдик”, деганларини кўп эшитганман”[3].

Али Умарни тўғриликка муваффақ этилган шахс деб айтгани

Маълумки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нажрон аҳли билан бир неча шартлар асосида битим тузган ва уларга бу ҳақда бир васиқа ёзиб берган эдилар. Унда битилган шартлар ичида улар тўлаб турадиган жизя миқдори ҳам белгилаб берилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам уларга айни шартлар билан васиқани янгилаб берганди. Сўнг Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида у уларни мазкур битимга қатъий риоя қилмаганликда айблаб, улар тарафидан мусулмонларга зарар етишидан хавфсираб, уларни Арабистон марказидан Ироқ ва Шомга сургун қилган эди. Усмон халифалиги даврида улар ундан ўзлари учун бироз енгилликлар олишга муваффақ бўлишганди[4]. Энди Али розияллоҳу анҳу халифа бўлгач, улар ўша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан берилган шартлар асосида васиқани янгилатиш умидида унинг ҳузурига келдилар.

Абдухайрдан шундай ривоят қилинади: Мен нажронликлар келганида Али розияллоҳу анҳунинг ёнида эдим. Ўшанда мен, агар Али Умарга қарши гап гапирса, бугун гапиради, дедим. Улар салом бериб, унинг олдида қатор турдилар. Кейин улардан бири қўйнидан бир мактубни чиқариб, Алига узатди ва: “Эй амирулмўъминин, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтиб турган ва сиз ўз қўлингиз билан ёзган васиқа”, деди. Мактубни қўлига олган Алининг кўз ёшлари ёноқларини юва бошлади. Сўнг у бошини кўтариб деди: “Эй нажронликлар, тўғри, бу менинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ёзган охирги ёзувим эди”. Улар дедилар: “Унда битилган нарсаларни бизга беринг”. Али деди: “Мен сизларга ўзимнинг бу ҳақдаги фикримни айтаман. Умар сизлардан олиб қўйган нарсани ўзи учун олмаганди, мусулмонлар жамоати манфаатини кўзлаб олганди. Мен унинг қилган ишини тўғри деб биламан. Аллоҳга қасамки, мен Умарнинг ишларидан бирортасини рад этмайман. Зеро, Умар тўғриликка муваффақ этилган шахс эди”[5].

Али розияллоҳу анҳунинг: “Мен Умар боғлаган тугунни ечиб юбормайман”, деб айтгани ҳам ривоят қилинган[6].

Умар ибн Хаттоб бу ерга тушишни истамас эди, мен ҳам тушмайман

Али розияллоҳу анҳу Жамал ҳодисасидан фориғ бўлганидан кейин Басрага келди ва Маккага кетиш истагини билдирган уммулмўъминин Ойша розияллоҳу анҳони кузатиб қўйди. Сўнг Басрадан Кўфага қараб юрди ва ҳижрий 36 йили ражаб ойининг ўн иккинчи куни Кўфага етиб келди. Оқ саройга тушиши таклиф этилганида у: “Йўқ, Умар ибн Хаттоб унга тушишни ёқтирмас эди, мен ҳам истамайман”, деди, сўнг Раҳбага тушди ва катта жомеда икки ракаат намоз ўқиди[7].

Аҳли байт Умар розияллоҳу анҳуни яхши кўргани

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадони аҳлидан кўплари ўз фарзандларига Умар розияллоҳу анҳунинг исмини қўйишган. Бу эса уларнинг Умар Форуқни яхши кўришларига, шахсиятига қойил қолишларига, улуғ ахлоқини эътироф этишларига, исломга тақдим қилган буюк хизматларини қадрлашларига, уни аҳли байт билан боғлаб турадиган мустаҳкам дўстлик ва қуда-андачилик алоқаларига эҳтиром кўрсатишларига далолат қилади.

Биринчи бўлиб, унинг исмини Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Умму Ҳабиб бинти Рабеа деган аёлидан кўрган фарзандига қўйди. Унинг бу ўғли узоқ умр кўргани, 85 ёшида вафот этгани ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг меросининг ярмига эга бўлгани айтилади. Чунки унинг бошқа ака-укалари бўлмиш Абдуллоҳ, Жаъфар ва Усмон илгарироқ Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга қатл қилинган ва Умар уларнинг меросини олганди[8].

Али розияллоҳу анҳунинг ўғли Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳам Умар ибн Хаттобга бўлган муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиромда отасига эргашиб, ўғилларидан бирига Умар деб исм қўйганди[9].

Ҳусайн ибн Али ҳам бир ўғлини Умар деб номлаган, ундан кейин унинг Зайнул обидийн лақабли ўғли Али ҳам ўғилларидан бирига Умар деб исм қўйганди. Шунингдек, Козим лақабли Мусо ибн Жаъфар ҳам бир ўғлига Умар деб исм қўйган. Булар барчаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларини маҳкам тутган ва аҳли суннат ва жамоат манҳажидан чиқмаган аҳли байтнинг имомлари эди.

Умар розияллоҳу анҳу Ҳусайн ибн Али зурриёти давом этишига сабабчи

Аллоҳ таоло Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳунинг зурриётлари давом этишига сабабчи қилиб қўйди. Боиси, Умар розияллоҳу анҳу форс асирлари ичида бўлган форс шоҳи Яздижирднинг қизини Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳуга ҳадя қилди ва ундан Ҳусайннинг Зайнул обидийн Али исмли ўғли дунёга келдики, Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг барча авлоди унинг наслидан тарқалди ва унга нисбат берилади[10]. Ҳусайн авлодидан бўла туриб, Умар ибн Хаттобни сўкадиган кимсалар кўзларини очсинлар, аввало Аллоҳ, қолаверса Умарнинг шу иши сабабли уларнинг насли давом этиб турибди[11].

Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг Умар розияллоҳу анҳу ҳақида айтган гапи

Ҳафс ибн Қайс айтади: Мен Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Али ибн Абу Толибдан маҳсига масҳ тортиш ҳақида сўраган эдим: “Масҳ тортавер, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам масҳ тортган”, деди. “Мен сиздан сўраяпман, сиз ҳам тортасизми?”, деган эдим, у: “Мен сенга Умардан хабар берсам, мендан ўзингиз нима дейсиз, деб сўрайсан-а! Умар мендан ва бутун ер юзидагилардан яхшироқ эди”, деди. Мен: “Эй Абу Муҳаммад,  одамлар сизларни туқя қилади (яъни ботинда бошқа нарсага эътиқод қилиб, зоҳирда бошқа нарсани айтади), деб айтишади”, дедим. Шунда у – қабр билан минбар оралиғида турган ҳолимизда – хитоб қилиб: “Ё Аллоҳ, менинг тилимдаги гапим ҳам, дилимдаги гапим ҳам шу! Бундан кейин мен ҳақимда бировларнинг гапига асло қулоқ солма!”, деди[12].

[1] Бухорий (3700).
[2] “Бидоя ва ниҳоя” (7/142).
[3] Бухорий (3685).
[4] “Ас-сиёсатул молия ли усмон ибн аффон” (105-бет)
[5] “Мухтасар мин китобил мувофақа” (139-бет). “Фиқҳул имом Али”да (2/813) Байҳақий “Сунан”идан нақл қилинган, санади мурсал.
[6] Ибн Аби Шайба, “Мусаннаф” (12/33, №12054).
[7] Муҳаммад Канъон, “Тарихул хилофатир рошида” (383-бет).
[8] “Ал-фусулул муҳимма” (143-бет). “Аш-шийъа ва аҳлул байт” (133-бет).
[9] “Аш-шийъа ва аҳлул байт” (133-бет).
[10] “Умдатут толиб фий ансоби Абит Толиб” (2-бўлим). “Изҳабуу фа антумур рофиза” (232-бет).
[11] “Изҳабуу фа антумур рофиза” (232-бет).
[12] Муҳаммад Абдулвоҳид Мақдисий, “Ан-наҳю ан саббил асҳоб ва мо фийҳи минал исми вал иқоб” (57-бет).

Изоҳ қолдиринг