Сийратнинг аҳамияти (1)

2

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёт йўлларини ўрганиш мусулмон киши учун жуда ҳам муҳим бўлиб, унинг бир қанча фойдалари бор. Жумладан:

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсини таниб, қилган ишлари, айтган сўзлари ва тақриротларини[1] ўрганиб, у кишига эргашиш. Бу нарса мусулмон кишида расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан муҳаббат уйғотади ва у муҳаббатни кучайтиради.
  2. У киши билан бирга жанг қилган саҳобаларни танитиб, уларга нисбатан муҳаббат пайдо қилади. Бу эса уларнинг йўлида юришга чорлайди.
  3. Қолаверса, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари мусулмон кишига у зотнинг туғилишларидан тортиб, то вафот этгунларича бўлган барча нозик нуқталар ва тафсилотларни, жумладан, ёшлик ва йигитлик чоғларини, даъватлари ва жиҳодлари қандай бўлгани, бу йўлдаги матонатларини ва душманлар устидан қандай ғалаба қозонганларини ёритиб беради.
  4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир вақтнинг ўзида ҳам эр, ҳам ота, ҳам лашкарбоши, ҳам жангчи, ҳам ҳоким, ҳам сиёсатчи, ҳам даъватчи, ҳам зоҳид, ҳам қози эканликларини янада очиқроқ кўрсатиб беради.

Қолаверса, ҳар бир мусулмон пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларидан ўзига керакли йўл-йўриқ ва сабоқларни топа олади. Масалан, даъватчи расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларида даъват услубларини ва унинг кетма-кет келадиган босқичларини топиб, ҳар бир босқичнинг ўзига мос даъват воситаларини ўрганади. Бу унга одамлар билан боғланишда, уларни исломга даъват қилишда керак бўлади. Аллоҳнинг калимасини олий қилиш йўлида қанчалик ҳаракат қилганларини, бу йўлдаги тўсиқ ва машаққатларга қарши қандай йўл тутганларини, қийинчилик ва фитналар чоғида қандай йўл тутиш керак эканини ўрганади. Тарбиячилар эса пайғамбаримиз сийратларидан  тарбияга оид дарслар ўрганишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай қилиб барча инсонларга ўз таъсирларини ўтказганларини кўради. Зеро, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни қўл остларида тарбиялаб, улардан Қуръонга эргашадиган мисли йўқ бир авлодни етиштирдилар ва улардан амри маъруф ва наҳий мункар қиладиган энг афзал умматни чиқардилар ва улар билан бутун ер юзига адолат нурини таратган бир давлатни ташкил қилдилар. Жангчи қўмондонлар пайғамбаримиз сийратларидан қўшинлар, қабилалар, халқлар ва миллатларни бошқариш борасидаги пухта низом ва нозик услубларни, аниқ режалар тузиш ва уларни тўла-тўкис амалга оширишни, адолат тамойилини ўрнатиш, қўшин ва амирлар, халқ ва ҳокимлар орасида шўро қоидаларини ўрнатишга қаттиқ эътибор бериш кераклигини ўрганадилар. Сиёсатчи бўлса, ўзининг йўлдан озган энг ашаддий сиёсатчи душманлари билан қандай муомала қилишни ўрганади. Бунга мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай Ибн Салул билан қилган муомалалари яққол мисол бўлади. У ўзини мусулмон қилиб кўрсатсада, қалби кофир, ич-ичидан расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга адовати бор эди. У динга қарши қанча-қанча фитналар уюштириб, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кучсизлантириш ва одамларда у кишига нисбатан нафрат уйғотиш мақсадида у зотнинг шаънига тегадиган ҳар хил миш-мишлар тарқатар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса унга яхши муомала қилар, унинг бу ишларига сабр қилардилар. Бора-бора унинг асл башараси барчага намоён бўлди. Барча одамлар, ҳатто ўзининг энг яқинлари ҳам уни ўз ораларидан чиқариб юборишиб, уни ёмон кўриб қолдилар ва расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофига йиғилдилар.

Уламолар ҳам сийратдан Қуръони Каримни тушунишга ёрдам берадиган сабоқлар олишади. Зеро, сийрат Қуръони Каримнинг амалий тафсири ҳисобланади. Чунки сийратда кўп оятларнинг нозил бўлиш сабаблари ва тафсирлари айтиб ўтилади. Бу эса олимларга оятларни тушуниш, улардан ҳукм олиш ва унда айтилган воқеаларни кўз олдига келтира олишда ёрдам беради, оятлардаги шаръий ҳукмлар ва шаръий сиёсат асосларини ўргатади. Олимлар сийратни ўрганиш орқали исломнинг турли соҳаларида тўғри тушунчага эга бўладилар, носих ва мансух[2]  ва шу каби бошқа илмларни билиб оладилар ва бу илмлар билан ислом руҳи ва унинг олий мақсадларини ҳис қиладилар. Зоҳидлар эса сийратдан зоҳидлик маъноларини, унинг моҳияти ва асл мақсади нима эканини ўрганишади. Тижоратчилар ҳам сийратдан тижоратдан мақсад нима экани ва унинг қоидаларию йўлларини ўрганадилар. Мусибатланганлар ҳам сийратдан сабрнинг энг юқори даражаларини ўрганиб, уларнинг ислом даъвати йўлида юришга янада қатъиятлари ошади ва Аллоҳ таолога ишончлари зиёдалашиб, оқибат тақводорларники эканига аниқ ишонишади.

 Уммат сийратдан юксак одоблару мақтовга сазовор хулқлар, соғлом ақидалару тўғри ибодатлар, руҳни юксалишию қалб поклиги, Аллоҳ йўлида жиҳод қилишу у зотнинг йўлида шаҳид бўлишга интилишни ўрганишади. Шунинг учун ҳам Али ибн Ҳусайн: “Бизга расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғазотларини худди Қуръондаги бир сурани ўргатгандек ўргатишарди” – дейди. Воқидий Муҳаммад ибн Абдуллоҳдан, у киши эса амакилари Зуҳрийдан: “Ғазот илмида дунё ва охират илми бор” – деган гапни ривоят қилган[3].

Исмоил ибн Муҳаммад ибн Саъд ибн Абу Ваққос шундай деганлар: “Отам бизга расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғазотларини ўргатиб, уларни бизга бирма-бир айтиб берар ва: “Бу ота-боболарингиз тарихи, уни асло унутманглар! ” – дер эди”[4].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматни тарбиялаб, давлат барпо қилишдаги йўлларини ўрганиш уламолар ва бошлиқларга, фуқаҳо ва ҳокимларга ислом ва мусулмонларнинг азизлигига элтувчи йўлни топишларига ёрдам беради. Бу эса тараққиёт омиллари ҳамда қолоқлик сабабларини ўрганиш билан бўлади. Уммат сийратдан расулуллоҳнинг шахсларни тарбиялаш, мусулмон жамоат қуриш, жамиятни қайта тиклаш, ҳамда давлат барпо қилиш борасидаги тушунчаларини ўрганади. Мусулмонлар расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларида у зотнинг даъватдаги ҳаракатлари ва унинг босқичларини, мушрикларнинг бу даъватни йўқотиш мақсадида қўллаган услубларига қарши курашишга расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қодир эканлари ва Ҳабашистонга ҳижрат қилишдаги тузган чуқур режалари, Тоиф аҳлини даъват қилиб қаноатлантиришга уринишлари, сўнг эса ҳаж мавсимларида бутун қабилаларга даъватни таклиф қилишларини ва ансорларни секин-аста даъват қилиб, кейин Мадинага қилган муборак ҳижратларини ўз кўзи билан кўради.

Ҳижрат воқеасини чуқур ўрганган ва ундан олдинги, ундан кейинги ишлардаги пухта режа ва у уни мукаммал амалга ошириш жараёни билан танишган киши расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларида ваҳий ёрдамида тузилган режа бор бўлиб, режа билан иш қилиш суннатнинг бир бўлаги ва бу мусулмон кишидан талаб қилинган барча ишларда илоҳий буйруқ эканини англаб етади.

Мусулмон киши расулуллоҳнинг манҳажларидан келишмовчиликларни идора қилишнинг барча услубларини ва ҳар бир босқични бошқариш, биридан иккинчисига ўтишда пухта йўл тутишни, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай қилиб яҳуд ва мунофиқлар, кофирлару насронийлар каби рақибларга қарши курашганлари ва Аллоҳнинг тавфиқи ила уларнинг барчаси устидан қандай қилиб ғолиб бўлганларини, ғолибликнинг Аллоҳ таоло Қуръонда айтиб ўтган шартлари ва воситаларига амал қилиш лозимлигини ўрганади.

[1] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тақриротлари деб, ҳузурларида қилинган амалга сукут сақлаганлигига айтилади ва у кишининг сукут сақлашлари шу ишнинг шаръан жоиз эканига далил бўлади.

[2] шариатда бирор мавзуга тегишли бўлган ҳукмни вақт ўтиши билан расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ва у киши тарафидан ўзгартириш учун айтилган иккинчи ҳукм “носих”, аввалги эски ҳукми эса “мансух” дейилади.

[3] Ибн Касирнинг “Бидоя ва ниҳоя” китобидан.

[4] “Бидоя ва ниҳоя”

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion2 fikr

Изоҳ қолдиринг