Жаҳмийларнинг асосий эътиқодлари (6)

0

Мезонни инкор этишлари

Мезон – қиёмат кунида бандаларнинг савоб ва гуноҳлари ўлчанадиган тарозидир. У ҳақиқий тарози бўлиб, унинг икки палласи ва шайини бор. Оятларда охиратда бир тарози бўлиши умумий тарзда айтиб ўтилган. Масалан, “Анбиё” сурасида Аллоҳ таоло шундай деган: “Биз қиёмат куни учун адолатли тарозиларни қўямиз. Шундай экан, бирон жонга ҳеч қандай зулм қилинмайди. Агар савоб ёки гуноҳ хантал уруғича бўлса ҳам, биз уни олиб келамиз (ҳисоб-китобдан четда қолдирмаймиз). Биз етарли даражада ҳисоб-китоб қилурмиз”. Қиёматда тарози бўлиши ҳақида бунда бошқа бир қанча оятлар ҳам бор. Уларда тарозилар адолатли бўлиб, унда савоблар оғир ёки енгил келиши, савоби оғир келганлар жаннатда фаровон ҳаёт кечириши, енгил келганлар эса дўзахда куйиши айтиб ўтилган.

Ҳадисларда мазкур тарози ҳақида батафсил сўз юритилган, яъни унинг икки палласи, шайини борлиги, унда бандаларнинг яхшию ёмон барча амаллари ўлчаниши айтилган. Қолаверса, тарозида фақат савоб ва гуноҳлар битилган номаи аъмоллар ўлчанадими ёки банданинг ўзи ҳам тортиладими деган мазмунда ва қандай амаллар оғир келиши ҳақида ҳам баҳс юритилган. Масалан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Икки сўз борки, улар Раҳмонга суюкли, тилга енгил ва тарозида оғирдир. Бу икки сўз “субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ”  ва “субҳаналлоҳил азийм”дир” (Бухорий (6406) ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса Расули акрам шундай деганлар: “Қиёмат куни гавдали ва семиз одам олиб келинади, лекин унинг Аллоҳ ҳузурида пашшанинг қанотича ҳам вазни бўлмайди. Мана, Аллоҳ таолонинг “Биз уларга қиёмат куни ҳеч бир оғирлик қилмаймиз”, сўзини ўқинглар” (Муслим (2785) ривояти).

Шу ва шунга ўхшаш ояту ҳадисларга биноан қиёматда тарози бўлишини бирон мусулмон инкор қилмайди. Фақат жаҳмийлар ва уларга эргашган баъзи бидъатчилар ҳеч бир асоссиз қиёматда тарози бўлишини инкор этишган. Уларнинг бу борадаги ягона далиллари бунинг ақлга тўғри келмаслигидир. Чунки жаҳмийларга кўра, маънавий нарсаларни ҳақиқий тарозида тортиб бўлмайди. Бу борада қанча оят ёки ҳадис келишидан қатъи назар, модомики жаҳмийларнинг ақлига тўғри келмас экан, улар бу оят ва ҳадисларни тан олмайдилар.

Жаннат ва дўзахни ўткинчи дейишлари

Аҳли суннат ва жамоат эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло жаннатни яратган ва у мўминлар учун абадий даргоҳ бўлади. Дўзахни эса кофирлар учун яратган ва у гуноҳкорларга вақтинчалик, кофирларга эса абадий даргоҳ бўлади. Жаҳмийлар жаннату дўзахнинг абадий бўлишини ҳам инкор этишади ва бу гапни биринчи бўлиб улар айтишган. Жаҳмийлардан олдин на бирон саҳоба, на тобеин, на бирон имом ва на бирон аҳли суннат ва жамоатга мансуб олим жаннат ва дўзахнинг абадий эканини инкор этишган. Жаҳмийлар эса Аллоҳ таоло яратган бирон махлуқот ё мавжудот абадий қолиш хусусиятига эга бўлолмайди, деб эътиқод қилишади. Айнан мана шу эътиқодларига таянган ҳолда жаннат ва дўзах абадий бўлиши ҳақидаги барча ояту ҳадисларни инкор этишган. Уларнинг адашган жойлари ҳам шунда. Аллоҳ таоло бирон махлуқот ёки мавжудотни абадий қолдиришни истаса, у махлуқот ёхуд мавжудот асло ва асло фоний бўлмаслигини ақлларига сиғдира олмаганлар.

Жаҳм ибн Сафвон махлуқот ва мавжудотлар ичида ҳеч нарса абадий бўла олмаслигига улар орасида азалийлик сифатига эга бўлгани йўқ эканини далил қилган. Яъни, бирон бир яратилган нарса азалий бўлиши амри маҳол экан, худди шундай бирон яратилган нарса абадий бўлиши ҳам мумкин эмас, деган тушунчага таянган. У бу гапи билан Аллоҳ таолони поклашни, ҳеч бир махлуқот Унга абадийликда ҳам, азалийликда ҳам тенг бўла олмаслигини исботламоқчи бўлган. Лекин аслида бу гап Аллоҳ таолони поклаш эмас, У зотнинг қудратини камситиш бўлади. Чунки бирон махлуқот Аллоҳ таоло хоҳласа ҳам абадий қолиши мумкин эмас, дейиш очиқдан очиқ Аллоҳ таолонинг чексиз қудратини камситиш демакдир. Биз жаннат ва дўзах абадий деганимиз билан жаннат ва дўзах илоҳлик сифатига эга деб эътиқод қилмаймиз, албатта. Аксинча, Аллоҳ таолонинг қудрати билан абадий қолади, деб биламиз. Бизнинг бу тушунчаларимиз қандайдир фалсафа ёхуд ақлий далилга эмас, балки Аллоҳ ва Расулининг сўзига асосланган. Зеро, жаннат ва дўзахнинг абадийлиги бир қанча ояту ҳадисларда таъкидланган, жумладан:

1) “Бахтли бўлган кишилар осмонлару ер абадий қолар экан, Аллоҳ хоҳлаганича жаннатда абадий бўладилар. Уларга узлуксиз неъматлар берилади” (“Ҳуд” сураси, 108-оят). Бу оятда “Аллоҳ хоҳлаганича” деб қайд этилганининг сабаби Аллоҳ таолонинг хоҳиши барча нарсадан устун эканини билдиришдир.
2) “Улар жаннатдан асло чиқарилмайдилар” (“Ҳижр” сураси, 48-оят).
3) “Улар жаннатда абадий қоладилар” (“Нисо” сураси, 57-оят).
4) “Улар дўзахда абадий қоладилар” (“Нисо” сураси, 169-оят).
5) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Бир жарчи: “Эй жаннат аҳли, сизлар соғлом бўласизлар ва асло касал бўлмайсизлар! Ёш бўлиб яшайсизлар, асло қаримайсизлар! Яшайсизлар ва асло вафот этмайсизлар!”, деб жар солади” (Муслим (2837) ривояти).
6) Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатийлар жаннатга, дўзахийлар дўзахга кирганидан сўнг ўлим қўчқор шаклида олиб келинишини ва барчанинг кўз олдида сўйилишини, сўнг: “Эй жаннат аҳли, абадий қоласизлар, бундан сўнг ўлим йўқ! Эй дўзах аҳли, абадий қоласизлар, бундан сўнг ўлим йўқ!”, дейилишини айтганлар (Муслим (2849) ривояти).

Мазкур оят ва ҳадислар жаннат ҳам, дўзах ҳам абадий қолишига далил бўлади. Уларнинг фоний бўлишига баъзи бидъатчиларнинг ақлига тўғри келмаслигидан бошқа далил йўқ. Бу эса уларнинг фоний эканига далил бўла олмайди. Агар биз охират борасидаги ишларда Аллоҳ ва Расулининг гапига эмас, бадъатчиларнинг ақлига таянадиган бўлсак, унда нафақат сироту мезон, жаннату дўзахни, балки умуман қайта тирилишни ҳам инкор қилишимиз керак бўлади, Аллоҳ сақласин!

Жаҳмийлар жаннат ва дўзахнинг абадий эканини инкор этишган бўлса, бошқа бир гуруҳ бидъатчилар ўзларининг “доно” ақлларига суяниб, жаннату дўзах ҳануз яратилмаган, деган эътиқодни “ихтиро” қилишди. Ваҳоланки, бир қанча оят ва ҳадисларда жаннат яратилгани таъкидланган, жумладан:

1) Аллоҳ таоло жаннат ҳақида шундай дейди: “Аллоҳ уларга остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларни ҳозирлаб қўйди, улар бу жаннатларда абадий қолгайлар” (“Тавба” сураси, 89-оят);
2) Дўзах ҳақида эса: “Аллоҳ уларга (яъни, мунофиқларга) қаттиқ азоб ҳозирлаб қўйган”, деган (“Мужодала сураси, 15-оят);
3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меърожга чиққанларини айтиб берар эканлар: “Сўнг жаннатга киритилдим. Қарасам, у ерда дур қуббалар бор экан. Жаннатнинг тупроғи миск экан”, деганлар (Бухорий (3342) ривояти). Жаннат ва дўзах аллақачон яратилгани ва ҳозирда бор эканига далолат қиладиган бундан бошқа яна бир қанча ояту ҳадислар бор. Шу далилларга таянган ҳолда биз аҳли суннат ва жамоат ўлароқ Аллоҳ таоло жаннат ва дўзахни яратган ва айни дамда жаннат ҳам, дўзах ҳам мавжуд, деб эътиқод қиламиз.

Шу билан жаҳмийларнинг асосий эътиқодлари қисқача баён этилди. Иншааллоҳ, кейинги мақоламизда уламоларнинг жаҳмийлар ҳақида билдирган фикри, яъни улар ҳақида қандай ҳукм чиқарганлари тўғрисида сўз юритамиз.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг