Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Абу Бакр Сиддиқнинг муртадларга қарши олиб борган урушлари

0

Муртаднинг маъноси

“Муртад” арабча сўз бўлиб, луғавий маъноси “ортга қайтувчи” демакдир. Шаръий истилоҳда эса ислом динидан чиқиб, кофирликка қайтган кишига муртад дейилади.

Бошқача айтганда, муртад – намоз, рўза, закот, пайғамбарлик, мўминларни дўст тутиш каби динда очиқ маълум бўлган нарсаларни инкор қилган ёки кофирликдан бошқага таъвил қилиб бўлмайдиган сўз ё иш содир этган кимсадир.

Муртадлик турлари ва унинг келиб чиқиш сабаблари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг юз берган муртадликнинг бир неча сабаблари мавжуд бўлиб, улар жумласига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан саросимага тушиб қолиш, кишининг дини заифлиги ва уни яхши англамаслиги, жоҳилиятга мойиллик, қабилавий таассубчилик, ҳокимиятга интилиш, дин орқали бойишни кўзлаш, ҳасадгўйлик ва бошқа сабабларни киритиш мумкин.

Муртадлик турларига келсак, кимдир исломни бутунлай тарк этиб, бутпарастликка қайтиб кетган бўлса, кимдир пайғамбарлик даъво қилиб чиқди. Кимдир намозни ташлашга чақирди. Кимдир исломни эътироф этгани ва намоз ўқигани ҳолда закот беришдан бош тортди. Кимдир Пайғамбар вафотларидан сўнг саросимага тушиб, энди мусулмонлар тирқираб, йўқ бўлиб кетса керак, деган гумонда исломни тарк этиб, жоҳилиятга қайтди.

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ Сиддиқ давридаги муртадларни васфлаб шундай дейди: “Муртадлар икки тур бўлди: бир тури диндан қайтиб, унга қарши чиқди, куфрга қайтиб кетди. Бу турдаги муртадлар ўзи икки тоифа эди: бир тоифаси Бани Ҳанифалик Мусайламага эргашганлар ва унинг пайғамбарлик даъвосини тасдиқлаганлар, шунингдек Асвад Ансий ва унга эргашган яманликлар. Бу тоифа аҳли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувватларини тамомила инкор қиларди. Иккинчи тоифаси диндан қайтдилар, шариатларни инкор қилдилар, намоз, закот ва бошқа диний мажбуриятларни тарк қилиб, илгариги жоҳилият ҳаётига қайтиб кетдилар. Иккинчи турдаги муртадлар эса намоз ва закот орасини ажратган, намозни эътироф этгани ҳолда закот фарзлигини инкор қилган кимсалардир”[1].

Пайғамбаримиз ҳаётларининг охирги даврларида кўринган муртадлик

Муртадликнинг илк кўринишлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига узоқ-яқин элатлар ва қабилалардан вакиллар келгани туфайли “элчилар йили” деб тарихда ном олган ҳижрий тўққизинчи йили кўринган эди. Бу даврга келиб, Арабистон ярим ороли бошқаруви деярли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларига ўтган ва муртадлик ҳаракатлари кенг шаклда бош кўтара олмаганди. Ўша йили Ямоманинг Бани Ҳанифа қабиласидан келган элчилар ичида каззоб Мусайлима ибн Сумома исмли кимса ҳам бўлиб, унда калондимоғлик ва бошлиқликка интилиш бор эди. Ўшанда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан халифаликни ўзларидан сўнг унга қолдиришини сўраганида у зотдан қатъий рад жавобини олганди. У юртига қайтгач, ўзини пайғамбар деб эълон қилди.

Ҳижрий ўнинчи йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул вадоъдан сўнг хасталаниб вафот этгач ва бунинг хабари одамлар орасида овоза бўлгач, кул босган чўғ аста аланга олишга тушди, илонлар инларидан бош чиқара бошладилар, дилларида мараз бўлган кимсалар бош кўтаришга журъатланишди. Ямомада Мусайлима Каззоб, Яманда Асвад Ансий, яна бир жойда Тулайҳа Асадий деган кимсалар пайғамбарлик даъвоси билан ўртага чиқдилар. Аввалги иккиси исломга энг қаттиқ душманлик қилувчи ва асло ортга чекинмай, ўз муртадлик йўлларида олға интилувчи кимсалар бўлди. Шунинг учун бўлса керак, Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга у иккисининг оқибати ёмонлик билан тугашини башорат бериб, тушларида кўрсатганди. У зот бир куни минбарда хутба қилиб туриб шундай дедилар: “Эй одамлар, бугун тушимда кўрдимки, билагимда иккита тилла билагузук бор экан. Мен уларни ёқтирмасдан пуфлаб юборган эдим, учиб йўқ бўлиб кетишди. Мен уларни анави икки каззобга: яманлик ва ямомаликка таъбир қилдим”[2].

Сиддиқнинг муртадларга нисбатан мавқеи

Диндан қайтиш юз бергач, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу шу мавзуда одамларга хутба қилди. Хутбасида Аллоҳга ҳамду сано айтганидан сўнг шундай деди: “Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборган даврда одамлар илмсиз, ислом ғариб, арқони чириган, кийими эскиган, аҳли ундан адашган гумроҳ эди. Аҳли китоблар китобларини ўзгартириб юборган ва уларга ёт нарсаларни қўшиб юборган эди. Араблар ўзларини Аллоҳнинг ҳимоясида деб даъво қилганлари ҳолда Унга ибодат ва дуо қилмас эдилар. Аллоҳ уларнинг ҳаётларини оғир ва ночор қилиб қўйганди. Сўнг Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборди. Умматини афзал уммат қилди. Уларга нусрат берди. Кейин Аллоҳ Пайғамбарини вафот эттирди. Шундан сўнг шайтон халқлар бошига миниб олди, қўлларидан етаклаб ҳалокат сари бошлади. “Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтган. Энди агар у вафот этса ёки ўлдирилса, ортингизга (яъни куфрга) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким ортига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилувчи бандаларини муносиб мукофотлайди”. [Оли Имрон: 144]. Атрофдаги араб қабилалари чорва моллари закотини беришдан бош тортишди… Аллоҳга қасамки, мен улар билан то Аллоҳ ваъда қилган ғалабасини бермагунича ва биздан ўлдирилганлар шаҳид бўлиб жаннатга эришмагунларича Аллоҳнинг амри устида урушаман. Аллоҳнинг қазойи қадари ва қуйидаги сўзлари ҳақ-ростдир: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ер юзида халифа қилишни ваъда қилди” [Нур: 55]”[3].

Айрим саҳобалар, жумладан Умар розияллоҳу анҳу ҳам Абу Бакр Сиддиққа ҳозирча закот беришдан бош тортганларни қўйиб туришни ва то иймон қалбларига мустаҳкам ўрнашиб олгунига қадар улар билан муроса қилиб туришни маслаҳат бердилар, иймонлари кучайганидан сўнг улар ўзлари закотни беришади, дедилар. Аммо Сиддиқ розияллоҳу анҳу бундай қилишдан қатъиян бош тортди[4].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этиб, у зотдан сўнг Абу Бакр халифа қилингач ва араблардан баъзилари кофир бўлиб кетгач, Умар ибн Хаттоб Абу Бакрга: “Сиз қандай қилиб одамларга қарши жанг қиласиз, ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен одамлар билан то улар “Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг расулидир” деб гувоҳлик бергунларига қадар жанг қилишга буюрилдим. Ким: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деса, мендан қони ва молини сақлаб қолади, бундан фақат Исломнинг ҳаққи мустасно. Унинг ҳисоб-китоби эса Аллоҳга ҳавола”, деганлар-ку?!”, деди. Шунда Абу Бакр: “Аллоҳга қасамки, намоз билан закот орасини ажратган кимсалар билан албатта жанг қиламан. Зеро, закот молнинг ҳаққи. Аллоҳга қасамки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бериб келишган биргина улоқчани агар менга беришдан бош тортишса, бунинг учун улар билан албатта жанг қиламан”, деди. Умар айтади: “Қасамки, Аллоҳнинг ўзи Абу Бакрнинг қалбини очиб қўйган экан. Билдимки, у ҳақ экан”[5].

Умар розияллоҳу анҳу кейинчалик: “Аллоҳга қасамки, муртадларга қарши урушиш масаласида Абу Бакрнинг иймони тарозида бутун умматнинг иймонидан оғирроқ тош босган”, деган эди[6].

[1] Нававий, “Шарҳи саҳиҳи муслим” (1/202).
[2] “Муснади Аҳмад” (11407). Шу мазмундаги ҳадис Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳ ҳадис тўпламларида ҳам бор.
[3] Бидоя ва ниҳоя” (6/316).
[4] Бидоя ва ниҳоя” (6/315).
[5] Бухорий (1400). Муслим (20).
[6] Муҳаммад Аҳмад Бошмил, “Ҳуруби ридда” (24-бет).

Изоҳ қолдиринг