Шианинг таърифи

0

Шиа сўзининг маъноси

Араб тилида шиа сўзи издош, ёрдамчи, яқин одамлар дегани. Азҳарий: “Шиа дегани инсоннинг ёрдамчилари, унинг издошлари дегани” – деган. Зубайдий: “Бир масалада бирлашган ёки бирон шахснинг атрофига йиғилиб, унга ёрдам бераётган жамоат шиа дейилади” – деган.

Шиа сўзи Қуръонда бир қанча маъноларда ишлатилган:

  1. Тўда, гуруҳ маъносида: “Кейин ҳар бир гуруҳдан қайси кимса Раҳмонга қаттиқроқ осий бўлган бўлса (ўшани) суғуриб оламиз (ва уни жаҳаннамга улоқтирамиз)” (Марям 69).
  2. Фирқа ва тоифа маъносида: “Динларини бўлиб, ўзлари ҳам фирқа-фирқа бўлиб олганлар тўғрисида ҳеч нарсага (масъул) эмассиз…” (Анъом 159).
  3. Ўхшаш маъносида: “Ахир биз сизларга ўхшаган (кофирлар)ни ҳалок қилдик. Бирон бир ибрат олувчи йўқми?!” (Қамар 51).

Шианинг истилоҳий маъноси

Уламолар шиани турлича таърифлашган. Биз қуйида бу сўзларни қисқача айтиб ўтамиз:

  1. Бу исм Али розияллоҳу анҳу ва у кишининг аҳли байтини ўзига дўст тутганларга ишлатилади.
  2. Шиа – Али розияллоҳу анҳуни қўллаб-қувватлаб, у киши расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафларидан кўрсатма билан халифа бўлган, ундан олдинги халифалар унга зулм қилиб халифа бўлишган, деб эътиқод қиладиган тоифа.
  3. Али розияллоҳу анҳуни Усмон розияллоҳу анҳудан афзал деб биладиганлар шиа дейилади.
  4. Али розияллоҳу анҳуни ундан олдинги халифалардан афзал, халифаликка фақат аҳли байт лойиқ, улардан бошқаларнинг халифалиги ботил, дейдиганларнинг барчаси шиа дейилади.

Юқоридаги таърифлардан тўртинчиси энг тўғри таъриф ҳисобланади. Чунки биринчи таърифда: “Али розияллоҳу анҳу ва у кишининг аҳли байтини ўзига дўст тутганлар” – дейилди. Аҳли суннат ҳам Али розияллоҳу анҳуни ва у кишининг аҳли байтини ўзларига дўст тутадилар. Лекин улар шиа эмаслар.

Иккинчи таъриф ҳам тўлиқ таъриф бўла олмайди. Чунки баъзи шиалар Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг халифалигини тўғри деб билишади…

Учунчи таъриф ҳам тўғри эмас. Чунки баъзи шиалар Усмон розияллоҳу анҳудан ўзларини буткул йироқ санашади…

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг