Тавҳид ақидаси: Ибодат ҳудудини белгилашдаги хато тушунчалар баёни

0

Ибодатлар тавқифийдир

Дарҳақиқат, ибодатлар тавқифийдир, яъни ибодатлар жоиз бўлиши учун Китоб ва суннатдаги муайян далилга асосланган бўлиши лозим. Далилсиз ибодат бидъат деб эътибор қилинади ва қабул қилинмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ким бизнинг динимизда бўлмаган бир амални қилса, у рад қилингай» (Муттафақун алайҳ). Яъни, унинг бу иши мақбул бўлмайди, аксинча, гуноҳкор бўлади. Чунки, далилсиз ибодат қилган киши тоат-ибодат қилиш ўрнига гуноҳ ишга қўл урган бўлади. Қолаверса, шариат буюрган ибодатларни ҳаддан ошмасдан ёки бепарволик қилмасдан, қандай буюрилган бўлса ўшандай мўътадиллик ила адо этиш лозим. Аллоҳ таоло пайғамбарига шундай амр этади: «(Эй Муҳаммад), сиз ва сиз билан бирга тавба қилган зотлар ўзингизга буюрилгани янглиғ тўғри йўлда бўлингиз! Туғёнга тушмангиз!» (Ҳуд: 112).

Ушбу ояти карима ибодатларни адо этишнинг соғлом ва тўғри йўлини чизиб бермоқда. Бу эса уларни адо этишда ҳаддан ошиш ҳам, лоқайдлик ҳам бўлмаган мўътадил ва шариатга мувофиқ йўлни тутиш билан амалга ошади. Буни юқоридаги оятдаги “ўзингизга буюрилгани янглиғ” деган иборадан тушиниб олиш мумкин. Шунингдек, Аллоҳ таоло бу иборани таъкидлаб “Туғёнга тушмангиз!”, дея ибодатда ҳаддан ошишдан қайтармоқда. Саҳобалардан уч кишининг ўз амалларига кўнгли тўлмай, бири: «Мен умрбод рўза тутаман», иккинчиси: «Ухламасдан, тинимсиз намоз ўқийман», учинчиси: «Уйланмасдан ўтаман» деган сўзларини эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга шундай танбеҳ берганлар: «Мен бўлсам рўза ҳам тутаман, рўзасиз ҳам юраман, (кечаси) намоз ўқийман ва ҳам ухлайман. Аёлларга ҳам уйланаман. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас!» (Муттафақун алайҳ).

Ҳозирда ибодат борасида одамлар бир-бирига бутунлай қарама-қарши бўлган икки тоифага бўлиниб қолганини кўриш мумкин.

Биринчи тоифа ибодат тушунчасини ғоят тор тушуниб, уни адо этишга ўта лоқайд қарайди, айрим ибодат турларини умуман бажармайди, ибодатларни маълум бир амалларгагина ва масжидда адо этиладиган ибодатларгагина чеклаб қўяди. Улар учун уйда, ишхонада, бозорда, кўчада, ўзаро муомалаларда, сиёсатда, ҳукмда, низоларда ва ҳаётнинг бошқа майдонларида адо этилажак ибодат тушунчаси мавжуд эмас.

Тўғри, масжиднинг ўзига хос фазилати бор, беш вақт намоз масжидда адо этилиши вожиб. Бироқ, ибодат шугина эмас, ибодат мусулмон кишининг масжид ташқарисидаги барча ҳаётини ҳам қамраб олади.

Иккинчи тоифа эса ибодатларни татбиқ қилишда ўта қаттиқ, ҳаддан ошиш йўлини тутади. Мустаҳаб амалларни фарзу вожиб даражасига чиқаради, айрим мубоҳ (қилиш мумкин) ишларни ҳаром санайди. Унинг тутган йўлига қарши бўлганларни адашган ва хатокорликка ҳукм қилади, уларнинг тушунчаларини хатога чиқаради.

Аслида, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидир, ишларнинг ёмони эса динда янги пайдо қилинганларидир.

Дуруст ибодатнинг устунлари

Ибодатнинг асосий устунлари учта бўлиб, улар севги, хавф ва умидворликдир.

Хокисорликка йўғрилган муҳаббат ва умидворликка қоришган қўрқув… Ибодатда мана шу ҳолатлар жамул-жам бўлмоғи зарур. Аллоҳ таоло мўмин бандаларини шундай васф этади:

«Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар» (Моида: 54).

«Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари кучлироқдир» (Бақара: 165).

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарлари васфида айтади:

«Дарҳақиқат, улар яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар» (Анбиё: 90).

Салафлардан бири шундай деган экан: «Аллоҳга ёлғиз муҳаббат билангина ибодат қилган кимса зиндиқ (мунофиқ), ёлғиз умидворлик билангина ибодат қилган кимса муржиъ, ёлғиз қўрқув билангина ибодат қилган киши ҳарурий (хавориж), Унга севги, қўрқув ва умидворлик билан ибодат қилган киши мўмин муваҳҳиддир». Буни шайхулислом “Убудият” рисоласида зикр қилгач, шундай дейди: «Демак, Аллоҳнинг дини Унга ибодат, итоат ва бўйсунишдан иборат. Ибодатнинг асил маъноси хорлик ва хокисорликдир. Зотан, арабларда босилавериб, қадам изи бўлиб кетган йўлни “тариқ муъаббад” (طريق معبد) дейилади. Ибодат хокисорлик ва муҳаббат маъносини ўз ичига олган бўлиб, унинг зимнида Аллоҳ таолога чексиз муҳаббатга қоришиқ чексиз хокисорлик бордир. Биров бир одамга ёмон кўргани ҳолда бўйсуниб турса, унга сиғинган бўлмайди. Биров бир одамни яхши кўрса-ю, унга бўйсунмаса, унга сиғинган бўлмайди, ўз фарзандини ёки дўстини яхши кўргани каби. Шунинг учун Аллоҳнинг ибодатида бу икки сифатнинг биригина етарли бўлмайди, балки Аллоҳ бандага ҳамма нарсадан суюмлироқ бўлиши зарур бўлади ва унинг наздида Аллоҳ барча нарсадан буюкроқ бўлиши вожиб бўлади, балки тўла-тўкис муҳаббат ва бўйсуниш фақат Аллоҳгагина бўлмоғи лойиқдир…” (иқтибос тугади).

Ушбулар ибодатнинг марказий ўқи бўлиб, ибодат унинг атрофида айланади. Аллома Ибн Қаййим “Нунийя” номли қасидасида ушбу маънони ифодалаб, шундай дейди (шеър мазмуни):

“Раҳмонга бўлган ибодат Унга бўлган чексиз муҳаббат ҳамда обиднинг чексиз хокисорлигидан иборат бўлиб, шу иккиси ибодатнинг икки қутбидир. Ибодат фалаги шу икки қутб атрофида айланади. Унинг айланиши пайғамбарнинг амри биландир, нафсу ҳаво ва шайтон йўриғи билан эмас”.

Аллома ушбу сатрларда ибодатнинг маҳбубга – яъни, Аллоҳ таолога – муҳаббат ва хокисорлик узра айланишини фалакнинг икки қутби узра айланишига ташбеҳ қилмоқда ва ибодат фалагининг айланиши хоҳиш-ҳаво билан ёки нафсу шайтоннинг йўриғи билан эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрлари ва у зот келтирган шариат кўрсатмаси асосида бўлишини зикр қилмоқда.

Изоҳ қолдиринг