Усмон розияллоҳу анҳу: Зотус саворий (кемалар) жанги

0

Румликлар (византияликлар) Африкада мусулмонлардан қақшатқич зарба егач ва мусулмонлар Ўрта ер денгизи соҳилларида денгиз флоти ташкил этиб, Родосдан Барқагача бўлган соҳиллар улар назоратига ўтиб, румликларнинг соҳил бўйи минтақалари хатар остида қолгач, Рум қироли Қустантин Ҳирақл (Констант Ираклий) қуруқликда кетма-кет етган мағлубиятлар учун мусулмонлардан аёвсиз ўч олиш мақсадида Византиянинг денгиз флотини йиғиб, мингта кемани урушга олиб чиқди. Халифа Усмон розияллоҳу анҳу румликларнинг тажовузкорона ҳаракатлари йўлини тўсишга қарор қилди. Унинг амри билан Муовия розияллоҳу анҳу Буср ибн Артаа қўмондонлигида Шом флотини жиҳодга сафарбар этди ва бу қўшин Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳ бошчилигидаги Миср флотига бориб қўшилди. Абдуллоҳ ибн Саъд бирлашган қўшиннинг умумий қўмондони этиб тайинланди. Мусулмонларнинг жами кемалари сони икки юзта эди.  Ислом флоти қўшини йўлга чиқди, улар ичида ўтган жангларда чиниққан энг баҳодир мусулмон мужоҳидлар бор эди. Улар бундан олдин бир неча жангларда румликларни мағлубиятга учратган бўлиб, шу боис кемаларининг сони душман кемалари сонидан бир неча баробар кам бўлишига қарамасдан душманларининг шавкати уларни умуман чўчитмас, улардан асло ҳайиқмасдилар. Мусулмонлар Аллоҳнинг динини азиз қилиш ва румликлар шавкатини синдиришга қатъий азму қарор билан денгизга чиқдилар.

Ушбу жангнинг бир неча тарихий сабаблари бор эди:

1) Мусулмонлар Африкада румликларга кучли зарба бергандилар;

2) Рум (Византия) ўзининг шарқий ва жанубий соҳилларида мағлубиятга учраган ва бу минтақалар тўлалигича исломий флот назорати остига ўтганди;

3) Рум исломий флот кучайиб кетишидан ва мусулмонлар Қустантинияга уруш очиш ҳақида ўйлаб қолишларидан қўрқарди;

4) Қустантин Ҳирақл қуруқликдаги кетма-кет мағлубиятлардан ҳамда Шом, Миср диёри ва Барқа (Ливия) соҳилидаги мағлубиятларидан сўнг ўз қироллиги ҳайбатини қайтариб олишни истаётганди.

5) Рум ўз наздида муваффақияти кафолатланган ва ғалаба қилишлари деярли нақд бўлган бир урушга кираётганди. Румликлар учун бу уруш Ўрта ер денгизида ҳукмронликни қўлларида ушлаб қолиш, оролларини сақлаб қолиш ва улар орқали араб ўлкалари соҳилларига ҳужум қилиш имкониятини қўлдан чиқармаслик учун жуда муҳим эди.

6) Искандария (Александрия) византияликлар наздида жуда катта эътиборга эгалиги боис уни мусулмонлардан қайтариб олиш улар учун жуда муҳим саналарди. Дарҳақиқат, тарихий битикларда Искандария аҳолиси Қустантин Ҳирақл билан ёзишмалар олиб боргани собит бўлган. Мана шулар Зотус саворий урушининг баъзи сабаблари эди.

Ушбу жанг қаерда бўлиб ўтган?

Муаррихлар бу саволга ягона аниқ бир жавоб тополмаганлар. Араб манбаларида жанг бўлиб ўтган макон номи аниқ айтилмаган, фақат биргина манбада жой номи аниқроқ келган ва бошқа бир манба румликлар шу ерга қараб ҳаракатланишганини айтиб ўтган. “Тарихи Табарий”, “Комил фит тарих”, “Бидоя ва ниҳоя” ва бошқа тарихий манбаларда мазкур уруш воқеа-ҳодисалари кенг ёритилгани ҳолда унинг бўлиб ўтган аниқ жойи ҳақида маълумот учрамайди. Ёлғиз Доктор Шавқий Абу Халил “Нужуми зоҳира” китоби муаллифининг жанг Искандария соҳиллари яқинида бўлгани ҳақидаги сўзларига[1] суяниб ва Ибн Халдуннинг “Тарих” китобида айтган: “Ибн Абу Сарҳ Африкани қўлга киритиб, Мисрга қайтиб келгач, Қустантин Ҳирақл 600 кема билан Искандарияга уруш учун йўл олди[2], деган гапларига таяниб, ушбу жангнинг Искандария соҳиллари яқинида бўлганини таъкидлайди. Ажнабий манбаларда эса Зотус саворий жанги Финикия  жанги деб берилади. Финикия  Искандария ғарбидаги Марса Матруҳ шаҳри яқинидаги бир жойнинг номидир.

Жанг тафсилоти

Молик ибн Авс ибн Ҳадсон айтади: Зотус саворийда мен ҳам иштирок этганман. Биз денгизда душманга тўқнашдик, бундан олдин шу қадар кўп сонли флотни кўрмаган эдим. Шамол бизга қарши эсар, бу эса душманга қўл келарди. Биз шамол тинишини кутиб, лангар ташладик. Душман кемалари ҳам бизга яқин жойда лангар ташлади. Шамол тингач, биз румликларга, то уруш бошлангунига қадар ўртамизда омонлик ҳукм суриб турсин, дедик. Улар рози бўлишди ва ўзларига ҳам биздан омонлик талаб қилишди[3]. Сўнг мусулмонлар румликларга: “Агар истасанглар, соҳилга тушиб, то биримиз аниқ ғалаба қозонгунимизча ўша ерда уруш олиб борамиз, истасанглар денгизда урушамиз”, дедилар. Молик ибн Авс айтади: Улар бир овоздан гувуллаб: “Сувда, сувда, сувда!”, деб қичқирдилар. Бу эса румликлар ўзларининг денгизда жанг олиб бориш маҳоратларига ўта қаттиқ ишонишини ва денгиз жангида тажрибалари кўплиги учун ғалаба қозонишга бўлган умидларини кўрсатарди. Ҳақиқатан ҳам улар бундай жангларда чиниқишган, сувда жанг қилиш санъатини яхши ўзлаштиришганди. Шу боис ғалаба қозонишларига аниқ ишонишарди, қолаверса, мусулмонларнинг бу борада ҳали ғўр ва тажрибасизликларини яхши билишарди[4].

Ҳар икки флот шу кеча денгизда тунади. Мусулмонларнинг мавқеи душманникига қараганда анча заиф эди. Бош қўмондон ёрдамчилари билан маслаҳатлашганида улар: “Тонггача кутайлик, сўнг ишларимизни тартибга келтириб, душманимизни синовдан ўтказамиз”, дейишди. Мусулмонлар тунни Аллоҳга ялиниб-ёлвориб дуо-илтижолар қилиш, Аллоҳнинг зикри ва таҳажжуд намози билан ўтказдилар, уларнинг асалари ғўнғиллашига ўхшаш овозлари денгиз тўлқинларининг кемаларга шалоплаб урилишига қўшилиб кетганди. Византияликлар эса тунни кемаларида занг чалиб ўтказишди. Тонг отгач, Қустантин зудлик билан жанг бошлаш тараддудига тушди. Бироқ Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳ мусулмонлар билан бомдод намозини адо этгач, обрў-эътиборли ва фикрли кишилар билан кенгаш ўтказди ва улар билан ажойиб бир режага келишиб олди. Яъни, улар очиқ денгизда бўлишларига қарамай жангни қуруқлик жанги тарзида олиб боришга қарор қилдилар. Бу қандай амалга оширилар эди? Абдуллоҳ ибн Саъд кемаларни душман кемаларига яқин олиб боришга буюрди. Улар яқинлашиб бордилар, ҳатто кемалари душман кемаларига тегиб тўхтади. Сўнгра фидоийлар ёки замонавий тил билан айтганда амфибия одамлар ўзларини сувга отиб, мусулмонларнинг кемаларини душман кемаларига мустаҳкам арқонлар билан тортиб боғладилар. Шундай қилиб, денгиз бўйлаб 1200 кема, ҳар ўн ё йигирма кема бир-бирига маҳкам боғланиб, гўё кичик оролчалардек сафга тизилди. Абдуллоҳ ибн Саъд мусулмонларни кемалар четига сафга тизиб чиқди, уларга ваъз-насиҳатлар қилишга, Қуръон оятларидан, хусусан бирдамлик, сабр ва саботга чорловчи Анфол сураси оятларидан ўқиб, уларни жангга руҳлантиришга киришди.

Сўнг византияликлар жанг бошладилар. Улар ўзларининг албатта ғалаба қозонишларига аниқ ишонган, ғалабани гўё нақд қилиб қўйган эдилар. Шу боис улар ғалабага бўлган ишонч турткиси билан мусулмонлар кемалари томон ёпирилдилар, мақсадлари биринчи зарбадаёқ ислом флоти шавкатини узил-кесил яксон қилиб ташлаш эди. Шу илинжда румликлар ёнма-ён турган кемалардаги мусулмонлар сафларига отилдилар. Жанг келишилганидек бошланди ва ҳар икки тараф аёвсиз шиддат ила урушга киришди. Икки тарафнинг жангчилари бир-бирига аралашиб кетганидан камон отиш ё найзабозликка ўрин қолмади. Жанг асосан қилич, ханжар ва пичоқ каби кескир қуроллар воситасида амалга ошди. Жасадлар сувга улоқтирилар, уларнинг қони билан сув юзи қирмизи тус олганди. Тўлқинлар кемаларни суриб бориб, соҳил яқинига етказиб қўйди. Мусулмонлар жуда кўп қурбон бердилар, румликлардан ўлганлар сон-саноқсиз эди. Ҳатто византиялик тарихчи Феофан (Theophanes) таъбири билан айтганда, бу жанг румликларга нисбатан иккинчи Ярмук бўлганди[5]. Табарий уни шундай сифатлайди: “Бу жангда денгиз суви қизариб, қон сувга ғолиб бўлди”[6]. Румликлар мусулмонлар қўмондони Абдуллоҳ ибн Саъднинг кемасини чўктириб юборишга ва шу билан мусулмонларни бошсиз қолдиришга уриниб кўрдилар. Румликларнинг бир кемаси унинг кемасини боғлаб, четга тортиб кетиш учун яқинлашиб келиб, кемага занжирлар отишди, бироқ Алқама ибн Язид кемани ва қўмондонни қутқариб қолди, у ўзини занжирларга отиб, уларни қиличи билан узиб ташлади[7].

Мусулмонлар ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, сабру матонат билан жанг қилдилар. Пировардида Аллоҳ таоло уларга ғалаба ато этди ва румликларнинг соғ қолган кемалари чекинди. Қирол Қустантин мусулмонлар қўлига асир тушишига сал қолди, лекин у ярадор ҳолида қочиб қутулишга муваффақ бўлди.

[1] “Ан-нужумуз зоҳира фий мулуки миср вал қоҳира” (1/80).
[2] “Тарихи Ибн Халдун” (2/468).
[3] Тарихи Табарий (5/292).
[4] Шавқий Абу Халил, “Зотус саворий” (67-бет).
[5] Шавқий Абу Халил, “Зотус саворий” (67-бет).
[6] Тарихи Табарий (5/293).
[7] “Зотус саворий” (68-бет).

Изоҳ қолдиринг