Али розияллоҳу анҳу: Усмон ибн Аффон халифалиги даврида (2)

0

Али розияллоҳу анҳуни Усмон розияллоҳу анҳудан афзал санаш масаласи

Аҳли суннат эътиқодига кўра, Али розияллоҳу анҳуни Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумодан муқаддам қўйган киши адашган бидъатчи саналади. Али розияллоҳу анҳуни Усмон розияллоҳу анҳудан муқаддам қўйган киши хатокор саналса-да, адашган бидъатчи деб айтилмайди[1].

Аҳли илмлар ичида Али розияллоҳу анҳуни Усмон розияллоҳу анҳудан муқаддам ўринга қўйган киши ҳақида қаттиқ гапирган ва: “Кимда-ким Алини Усмондан муқаддам қўйса, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари омонатга хиёнат қилиб, Али ўрнига Усмонни (розияллоҳу анҳумо) халифаликка ихтиёр қилишган, деб даъво қилган бўлади”, деган кишилар ҳам бор[2].

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Гарчи бу масала – Усмон ва Али масаласи – унга мухолиф бўлган киши жумҳур аҳли суннат наздида ҳақдан озган ва адашган деб саналадиган асл-асослардан бўлмаса-да, аҳли суннат эътиқоди бўйича Усмон Алидан муқаддам туради. Аммо унда мухолиф бўлган киши йўлдан озган деб саналадиган масала – халифалик масаласидир. Боиси, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги биринчи халифа Абу Бакр, ундан кейин Умар, ундан кейин Усмон, ундан кейин Али деб эътиқод қиладилар. Ким ушбу имомлардан бирортасининг халифалигини ноҳақ деб айтса, у кимсани гумроҳликда эшакдан ҳам баттар деб биладилар”[3].

Ибн Таймия илм аҳлларининг Али розияллоҳу анҳуни Усмон розияллоҳу анҳудан афзал санаш масаласидаги сўзларини зикр қилиб, шундай дейди: “Бу борада икки хил сўз бор:

Биринчиси: Мумкин эмас. Ким Алини Усмондан афзал санаса, саҳобалар ижмосига хилоф қилгани учун суннатдан чиқиб, бидъатга кирган бўлади. Шунинг учун ҳам “Ким Алини Усмондан муқаддам қўйса, у муҳожиру ансорларга нисбатан ёмон гумонда бўлибди”, деб айтилган. Бу сўз Аюб Сахтиёний, Аҳмад ибн Ҳанбал, Дорақутний ва бошқа бир қанча имомлардан ривоят қилинган.

Иккинчиси: Алини муқаддам қўйган киши бидъатчи саналмайди. Чунки Усмон билан Алининг ҳоли (даражаси) бир-бирига жуда яқиндир”[4].

Али розияллоҳу анҳу давлат бошқаруви ва қозилик ишларида Усмон розияллоҳу анҳуга ёрдамчилик қилгани

Ҳусойн ибн Мунзир айтади: Усмон ибн Аффон ҳузурига ота бошқа иниси Валид ибн Уқба олиб келинди. Унга қарши икки киши ароқ ичгани ҳақида гувоҳлик берди, бошқа бир киши эса унинг қусаётганини кўрганига гувоҳлик берди. Усмон: “Ичгани учун қусган”, деди, сўнг уни дарралашга буюрди. Абдуллоҳ ибн Жаъфар дарралади, Али санаб турди. Қирқ даррага етгач: “Бўлди, бас”, деди. Сўнг: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қирқ дарра урдирганлар, Абу Бакр ҳам қирқ дарра урдирганлар, Умар саксонта урдирганлар, барчаси суннат, менга шуниси маъқул”, деди[5].

Бу ривоятдан Али розияллоҳу анҳу халифа Усмон розияллоҳу анҳунинг яқин кишиларидан ва ёрдамчиларидан бўлгани маълум бўлади. Али розияллоҳу анҳу Валид хусусида Усмонни айблаганларга раддия бериб шундай деганди: “Сизлар бу ишда Усмонни айблашинглар гўё бошқа бировни ўлдираман деб ўзига пичоқ урган кишининг ишига ўхшайди. Бир кишини ёмон қилмиши туфайли (бир ривоятда: сизларнинг гапларингиз билан) дарралатган ва ишдан бўшатган бўлса, бунинг учун нега Усмон айбланиши керак?!”[6]

Усмон Алидан ва бошқа кибор саҳобалардан Африка фатҳи ҳақида маслаҳат сўрагани

Халифа Усмон розияллоҳу анҳунинг Мисрдаги волийси Абдуллоҳ ибн Саъд Африка фатҳи учун бир қанча тайёргарлик ишларини олиб борганди. У Африка ҳудудларига отлиқ гуруҳларни юборар, улар Африканинг чекка қишлоқларига ҳужум қилиб, ғаниматлар олиб қайтишарди. Бу гуруҳларни юборишдан мақсад Африка фатҳига ҳозирлик кўриш, унинг вазиятини ўрганиш эди. Улар асосан разведка ва кузатув ишлари олиб бориб, душманнинг аҳволини ўрганишарди. Африка ҳақида, унинг кириш-чиқиш ўринлари, ҳарбий куч-қудрати, жангчилари адади, жуғрофий-стратегик мавқеи тўғрисида Абдуллоҳ ибн Саъдда етарли маълумотлар йиғилгач, у халифа Усмон ибн Аффонга мактуб йўллаб, уни ушбу маълумотлардан бохабар этди ва шу маълумотларга асосан Африкани фатҳ этиш ҳаракатларини бошлашга изн сўради. Усмон розияллоҳу анҳу саҳобаларни йиғиб, улар билан бу борада кенгаш ўтказди. Али, Талҳа, Зубайр, Аббос ва бошқа бир қанча саҳобаларни чорлаб, ҳар бири билан алоҳида гаплашди. Деярли ҳамма унинг бу ишини қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг Усмон жиҳодга сафарбарлик эълон қилди, Мадинада кўнгиллиларни рўйхатга олиш ва урушга ҳозирлик кўриш ишлари бошланди. Сўнг йиғилган қўшинни Абдуллоҳ ибн Саъд бошчилигида олиб бориладиган Африка фатҳига юборилди[7].

Усмоннинг одамларни бир қироатга жамлаши ҳақида Алининг фикри

Усмон розияллоҳу анҳу муҳожир ва ансорларни йиғиб, бу муҳим мавзуда фикрлашди. Барча саҳобалар, жумладан Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳам унинг бу қарорини қўллаб-қувватладилар. Усмон розияллоҳу анҳунинг Қуръонни бир мусҳафга жамлаши янгилик эмасди, ундан олдин бу ишга Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам қўл урганди. Қолаверса, у бу ишни саҳобалар маслаҳати билан қилди, улар бир овоздан уни қўллаб-қувватлаб: “Бу нақадар яхши фикр!”, дедилар.

Али розияллоҳу анҳу Усмонни бу иши учун айблайдиган кимсаларни бундай қилишдан қайтариб: “Эй одамлар, сизлар Усмон ҳақида ҳаддиларингдан ошманглар ва фақат яхши гап гапиринглар. Қасамки, у Қуръон борасида қилган ишини бизнинг, яъни барча саҳобаларнинг номидан қилди. Қасамки, агар унинг ўрнида мен волий бўлсам, мен ҳам у қилган ишни қилган бўлардим”, деганди[8].

 

[1] Мажмуул фатово (3/101).
[2] Усмон Хамис, “Ҳуқба минат тарих” (66-бет).
[3] Мажмуул фатово (3/101, 102).
[4] Аввалги манба.
[5] “Шарҳи нававий ала саҳиҳи муслим” (11/216)
[6] “Тарихи Табарий (5/278).
[7] Доктор Солиҳ Мустафо, “Либия минал фатҳил арабий ҳатта интиқолил хилофатил фотимия ила миср” (49-бет).
[8] «Фатҳул Борий” (9/18), санади саҳиҳ.

Изоҳ қолдиринг