Умавийлар давлати: Сиффин жанги (ҳижрий 37 йил)

0

Жангдан олдинги воқеалар силсиласи

Умму Ҳабиба бинти Абу Суфён Усмоннинг қонли кўйлагини Муовия ва Шом аҳлига юборади:

Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилгач, уммулмўъминин Умму Ҳабиба бинти Абу Суфён розияллоҳу анҳо Усмоннинг аҳлига, менга Усмоннинг қонга бўялган кўйлагини беринглар, деб одам юборди. Улар унга Усмон ўлдирилган пайт эгнида бўлган ва унинг қонига бўялган кўйлагини, юлиб олинган бир тутам соқолини юбордилар. Сўнг у буларни Нўъмон ибн Башир орқали Шомга, Муовияга юборди. Бир ривоятда айтилишича, Нўъмон ибн Баширнинг қўлида Усмоннинг қонли кўйлаги ва унинг хотини Ноиланинг Усмонни қўли билан ҳимоя қилган пайт қилич кесиб юборган бармоқлари бор эди[1]. Усмоннинг хотини Ноила бинти Фарофиса Шомнинг Калб қабиласидан эди[2]. Нўъмон Шомга Муовия ҳузурига етиб келиб, унга бўлиб ўтган ҳодисани батафсил сўзлаб берди. Муовия у келтирган нарсаларни одамлар кўриши учун минбарга қўйди ва бармоқларни кўйлакнинг енгига осиб қўйди. Одамлар буни кўриб йиғладилар, бир-бирларини қотиллардан ўч олишга ундадилар, Шом эркаклари то Усмоннинг қотилларини ва уларни паноҳига олганларни ўлдирмагунларича хотинларига қўл теккизмасликка ва тўшакда ухламасликка қасам ичдилар. Муовия истаган нарса шу эди. Нўъмон ибн Башир Шом аҳлига тасвирлаб берган фожеа тафсилоти: халифанинг қатл этилиши, Мадинада одамлар боши устида суғурилган қиличлар, байтулмолнинг талон-тарож қилиниши, Ноиланинг бармоқлари кесилиши – буларнинг бари одамларнинг ҳамиятини қўзғотиб юборди, қонлар қизиб, ҳиссиётлар жўш урди, кўзлардан ёш қуйилди. Шундан сўнг Муовия бошлиқ Шом аҳли Усмоннинг қасосини талаб қилишга ва то қотилларни улар қўлига топширмагунича Алига байъат бермасликка қатъий қарор қилдилар.

Муовиянинг байъат бермаслиги сабаблари

Муовия розияллоҳу анҳу Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумо халифаликлари даврида Шомда волий эди. Али розияллоҳу анҳу халифа бўлгач, уни мансабидан бўшатиб, ўрнига Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумони волий қилишни истади. Ибн Умар узр айтиб кўнмагач, Али розияллоҳу анҳу унинг ўрнига Саҳл ибн Ҳанифни волий қилиб юборди. Бироқ, у Шомга яқинлашганида Водил-қурода Ҳабиб ибн Маслама бошлиқ Муовиянинг отлиқлари унинг йўлини тўсиб: “Агар сени Усмон юборган бўлса, хуш келибсан. Аммо бошқаси юборган бўлса, ортингга қайт”, деб ортига қайтариб юборишди[3].

Муовия ва Шом аҳли Али розияллоҳу анҳуга байъат беришдан бош тортдилар, ундан биринчи навбатда Усмон розияллоҳу анҳунинг қотилларидан қасос олишини талаб қилдилар, шундан кейингина унга байъат беришларини эълон қилдилар. Улар: “Қотилларни ўз паноҳига олган кишига байъат бермаймиз”, дедилар[4].

Қолаверса, улар ҳозирда Али розияллоҳу анҳунинг қўшини сафида бўлган Усмонннинг қотилларидан ўз жонларига хавф туйдилар. Шу боис улар: “То қотиллардан қасос олинмагунича Алига байъат бериш бизга вожиб эмас, агар бизга қарши уруш эълон қилинса, биз мазлум бўлган бўламиз. Чунки бутун мусулмонлар иттифоқига кўра, Усмон мазлум бўлиб ўлдирилди. Унинг қотиллари ҳозирда Алининг қўшини сафида, улар қудратли ва шавкатли, агар ҳозир байъат берсак, улар бизга зулму тажовуз қилишади, шу билан Усмоннинг қони зое бўлади”, дедилар. Муовия розияллоҳу анҳу Усмоннинг ҳаққини талаб қилиш ва қотилларидан қасос олишни ўзининг зиммасидаги мажбурият деб кўрарди, чунки ўзини унинг қасоскори деб биларди. Зеро, Аллоҳ таоло: “Кимки мазлум бўлган ҳолида (яъни, ноҳақ) ўлдирилса, биз унинг эгаси – вориси учун қасос олиш ҳаққини берганмиз”, деган [Исро: 33]. Шу боис Муовия одамларни йиғиб, уларга Усмон ҳақида сўзлади, унинг ақлсиз мунофиқ кимсалар қўлида мазлум бўлиб ўлдирилганини, улар уни ҳаром ойида ҳаром шаҳарда қатл этишганини айтди. Шундан сўнг одамлар ичида ғала-ғовур бошланди, бу ишдан норозилик изҳор қилиб, овозлар баланд кўтарилди. Улар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бир неча кишилар ҳам бор эди. Улардан бири Мурра ибн Каъб туриб, шундай деди: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзим эшитган бир ҳадис бўлмаганда эди, ҳозир гапирмаган бўлардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна ҳақида гапириб, унинг замони яқинлигини айтдилар. Шунда бошини ўраб олган бир одам ўтиб қолди. У зот: “Ўша куни бу ва унинг тарафдорлари ҳақ ва ҳидоят устида бўлади”, дедилар. Мен: “Шу одамми, ё Расулуллоҳ?” деб, у одамнинг юзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қаратдим. “Шу”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Қарасам, у Усмон экан”[5].

Муовияни Усмоннинг қотилларидан қасос талаб қилишига кучли таъсир кўрсатган ва уни бу мақсадни амалга оширишда маҳкам туришга ундаган бошқа бир ҳадис ҳам бор эди. Нўъмон ибн Башир айтади: “Ойша розияллоҳу анҳо шундай дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Усмон, Аллоҳ сизга бир кўйлак кийдирса керак. Агар мунофиқлар уни ечиб олмоқчи бўлсалар, то менга йўлиққунингизга қадар уни уларга ечиб берманг!”, дедилар уч марта. “Эй уммулмўъминин, нега илгари бу ҳадисни айтмагансиз?”, деб сўрадим. “Ёдимдан кўтарилган экан, қасамки, энди эсимга тушди”, деди. Мен бу ҳадисни Муовия ибн Абу Суфёнга айтиб берганимда у менинг гапимдан кўнгли тўлмади ва уммулмўъминин Ойша розияллоҳу анҳога, шу ҳадисни менга ёзиб юборинг, деб мактуб йўллади, сўнг Ойша розияллоҳу анҳо унга ёзиб юборди”[6].

Қотиллар борасида Аллоҳнинг ҳукмини ижро этишга бўлган қаттиқ ҳарислик Муовия ибн Абу Суфён бошлиқ Шом аҳлининг Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга байъатни рад этишларига асосий сабаб бўлганди, улар қасос ҳукмини ижро этиш байъатдан олдин бўлиши керак, деб ҳисоблагандилар. Муовиянинг халифалик талаб қилиш у ёқда турсин, Шом волийлигига бўлган тамаси ҳам бунга сабаб бўлмаганди. Чунки у халифалик мансаби ўша машҳур олти кишилик шўро аҳлидан бириники эканини ва Али бу ишга ундан кўра афзалроқ ва лойиқроқ эканини жуда яхши англарди.

Абу Муслим Хавлонийдан ривоят қилинади, у Муовиядан: “Сиз Али билан талашасизми ё сиз ўзингизни унга тенг деб биласизми?”, деб сўради. Муовия деди: “Йўқ, қасамки, мен унинг ўзимдан афзалроқ ва бу ишга мендан кўра муносиброқ эканини биламан. Лекин сизлар Усмоннинг мазлум бўлиб ўлдирилганини билмайсизларми, ахир?! Мен унинг амакиваччасиман ва хунини талаб қилувчисиман. Боринглар, унга айтинглар, менга Усмоннинг қотилларини берсин ва мен унга бўйсунаман”. Шундан сўнг Али ҳузурига бориб, унга унинг сўзларини етказдилар, бироқ у уларни унга бермади[7].

Аммо қадимда ва ҳозирда одамлар орасида тарқалган, Али билан Муовия ўртасидаги келишмовчиликнинг сабаби Муовиянинг хилофатга тама қилиши бўлгани, унинг Алига қарши чиқиши ва унга байъат бермаслигининг сабаби Али уни Шом волийлигидан бўшатганлиги бўлгани ҳақидаги гапларнинг асоси йўқ, улар саҳиҳ бўлмаган, нотўғри ривоятлардир.

Ибн Қутайба Дайнурийга нисбат берилган, аслида шиа эътиқодида бўлган бутунлай бошқа бир кимса томонидан ёзилган “Имомат ва сиёсат” китобида Муовия халифаликни даъво қилгани ҳақида ривоят келтирилади. Унда айтилишича, Али розияллоҳу анҳунинг яқин тобеларидан бўлган Ибн Кавво Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга шундай дейди: “Билиб қўй, Муовия “тулақо”лардан[8], отаси аҳзоблар[9] бошлиғи эди. У ўзбошимчалик билан халифалик даъво қилди. Агар сенга ростини айтса, уни мансабидан бўшатиш ҳалол бўлади, агар ёлғон гапирса, у билан гаплашишинг сенга ҳаром бўлади”[10]. Бу гапни амирулмўъминин Али розияллоҳу анҳуга нисбат бериш тўғри эмас, балки у шиа рофизаларнинг гапидир. “Имомат ва сиёсат” китоби ва ундаги ёлғон-яшиқ гапларнинг баёни, унда тарихий ҳақиқатлар сохталаштирилгани борасида ўз ўрнида сўз юритилади, иншааллоҳ.

Ҳақиқат шуки, Али билан Муовия ўртасидаги хилоф Муовия тарафдорларининг Алига байъат қилиши Усмон қотилларига қасос ҳукмини ижро қилишдан олдин бўлиши керакми ё кейинми, шунда эди. Бунинг хилофат ишига асло алоқаси йўқ эди. Муовия розияллоҳу анҳу ва унинг атрофидаги Шом аҳлининг райига кўра, Али розияллоҳу анҳу аввал Усмоннинг қотилларидан қасос олиши керак эди ва улар шундан кейингина унга байъат бермоқчи бўлгандилар[11].

Қози Ибн Арабий айтади: “Шом аҳли билан Ироқ аҳли ўртасидаги уруш сабаби улар ўртасидаги фикрлар хилма-хиллигига қайтади. Ироқликлар сўзсиз Алига байъат бериш ва унинг халифалиги остида бирлашишга чақирган эдилар. Шомликлар эса Усмоннинг қотилларидан қасос олишга имконият берилишига чақирдилар ва биз қотилларни паноҳига олган одамга байъат бермаймиз, дедилар”[12].

Имомул ҳарамайн Жувайний “Ламъул адилла”да айтади: “Муовия гарчи Алига қарши урушган бўлса-да, унинг халифалигини инкор қилмасди ва ўзини халифа деб даъво қилмаганди. У бор-йўғи Усмоннинг қотилларидан ўч олишни талаб қилган ва ўзининг бу ишини тўғри деб билганди. Бироқ унинг фикри хато эди”[13].

Муовиянинг хатоси Усмоннинг қотилларидан қасос олмагунига қадар Алига байъат беришни рад этишида ва қотилларни унинг қўлига топширилишини талаб қилишида эди. Чунки хун талаб қилувчининг ўзи қотилларга бевосита ҳукмни ижро қилиши дуруст бўлмайди. Балки бу иш ҳокимнинг буйруғи билан амалга ошиши, бунинг учун жабрланувчи унга арз қилиши ва ҳақни унинг ҳузурида талаб қилиши лозим.

Фатво уламолари иттифоқ қилганларки, бирон киши султон ёки султон вакилининг иштирокисиз ўзича бировдан қасос олиши ёки ундан ҳаққини ундириб олиши жоиз бўлмайди, чунки бундай қилиш фитна ва тартибсизлик ёйилишига олиб келади[14].

Айтиш мумкинки, Муовия розияллоҳу анҳу мужтаҳид эди, ижтиҳоди (изланиши) натижасида ўзини ҳақ деган хулосага келган эди. Дарҳақиқат, у Шом аҳлини йиғиб, уларга хутба қилганида ўзининг Усмоннинг амакиваччаси эканини ва унинг мазлум бўлиб ўлдирилганини айтиб, қуйидаги ояти каримани ўқиган эди: “Кимки мазлум бўлган ҳолида (яъни ноҳақ) ўлдирилса, биз унинг эгаси – вориси учун қасос олиш ҳаққини берганмиз” [Исро: 33]. Сўнг уларга: “Мен сизлардан Усмоннинг ўлдирилиши борасидаги фикрингизни билдиришингизни истайман”, деган эди. Шунда Шом аҳли барчаси бир овоздан унинг Усмоннинг хунини талаб қилишини қўллаб-қувватлаган ва бу ишда унга байъат беришган, то мақсадларига эришмагунларича жону молларини бу йўлда фидо қилишга аҳд беришган эди[15].

 

[1] “Бидоя ва ниҳоя” (7/539).
[2] Муҳаммад Жамил, “Тарихуд даъватил исломия” (398-бет).
[3] “Тарихи Табарий” (5/466).
[4] “Бидоя ва ниҳоя” (7/129).
[5] “Муснади Аҳмад” (17602).
[6] “Муснади Аҳмад” (24045), саҳиҳ ҳадис.
[7] “Сияру аъломин нубало” (3/140).
[8] Тулақолар – озод қилинганлар маъносида бўлиб, Макка фатҳ этилган куни исломни қабул қилган кишилар назарда тутилади. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: “Боринглар, озодсизлар” деб қўйиб юборган эдилар.
[9] “Аҳзоб” ёхуд “Хандақ” жангида Мадинага бостириб келган кофир жамоалардан иборат қўшин назарда тутилмоқда.
[10] “Имомат ва сиёсат” (1/113).
[11] “Бидоя ва ниҳоя” (8/129). “Фатҳул Борий” (13/92).
[12] “Авосим минал қавосим” (162-бет).
[13] “Ламъул адилла фий ақоид аҳлис сунна вал жамоа” (115-бет).
[14] “Тафсири Қуртубий” (2/256).
[15] “Таҳқиқ мавоқифи саҳоба” (2/152).

Изоҳ қолдиринг