Эҳтиёж туғилганда эгнидаги кийимига намоз ўқиш ҳақида

0

Юз ўнинчи ҳадис

 

عَنْ أنَس بْنِ مَالِكٍ رضيَ الله عَنْهُ قَالَ: كنا نُصَلي مَعَ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم في شِدّةِ الْحَرِّ، فإذا لَمْ يَسْتَطِعْ أحَدُنَا أنْ يُمَكِّنَ جبهتَهُ مِنَ الأرْض بَسَطَ ثَوْبَهُ فَسَجَدَ عَلَيْهِ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз жазирама иссиқда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқир, борди-ю, (ер иссиқлиги сабабли) пешонамизни ерга қўя олмасак кийимимизни тўшаб, унинг устига сажда қилар эдик» [Бухорий: 1209 ва Муслим: 620].

Шарҳ:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёзнинг жазирама иссиқ кунлари одатда пешин намозини саҳобалар билан ер совумасдан ўқир эдилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жазирама иссиқ кунлари пешин намозини саҳобалар билан офтоб тафти босилиб, ер ҳали совуб улгурмаган вақтда ўқир эдилар.

2 – Ер иссиқлиги ё совуқлиги ёки унда тикан борлиги каби сабаблар туфайли ерга бирон нарса тўшашга эҳтиёж туғилса, кийим ёки бошқа нарса тўшаб, унинг устига сажда қилиш жоиз. Айрим уламолар бу борада ҳолатга қараб иш тутилади деганлар. Унга кўра, жойнамоз каби намозхон аъзоларидан ажралиб турадиган нарсалар устига эҳтиёж бўлмаса ҳам сажда қилиш жоиз ва бунинг ҳеч макруҳ жойи йўқ. Аммо намозхон ўзига туташ бўлган эгнидаги кийимларига сажда қилиши, эҳтиёж бўлмаса, макруҳдир.

Мазкур (яъни юз ўнинчи) ва бундан олдинги (яъни юз тўққизинчи) ҳадис ўртасида сиртдан қараганда зиддият борга ўхшайди. Шу сабабли уламолар бу икки ҳадис ўртасини мувофиқлаштиришга уринишган. Улар орасида жумҳур уламолар билдирган фикр энг тўғрироғи бўлиб, унга кўра, жазирама иссиқ кунлари пешин намозини бироз кечиктириб ўқиш афзал. Анас розияллоҳу анҳунинг ҳадисини эса қуйидагича тушунишимиз мумкин: Пайғамбаримиз ва саҳобалар пешин намозини бироз кечиктириб ўқишса-да, ер ҳамон совумаган бўларди. Негаки, жазирама кунлари ер анча муддатдан кейин совийди. Бинобарин, офтоб тафти қайтган бўлса-да, аммо ер ҳамон иссиқ бўлгани учун сажда қилганда ерга бирон нарса тўшашга эҳтиёж туғилади. Ҳадисда пешинни совутишдан ернинг совуши эмас, балки офтоб тафти қайтиб, инсон бадани бироз совуши назарда тутилган.

Изоҳ қолдиринг