Умавийлар давлати: Сиффин жанги (2)

0

Муовия розияллоҳу анҳунинг Али розияллоҳу анҳу мактубига жавоби

Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид этилганидан кейинги уч ой мобайнида Али розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳуга бир неча мактублар юборди, бироқ Муовия унинг мактубларини жавобсиз қолдирди. Охири Муовия бир кишини мактуб билан юборди. У Али розияллоҳу анҳу ҳузурига келганида Али ундан: “Нима хабар келтирдинг?”, деб сўради. У: “Мен ҳузурингизга қасос ўтида ёнаётган бир қавм олдидан келдим, ортимда Дамашқ масжиди минбаридаги Усмоннинг қонли кўйлаги остида йиғлаб турган олтмиш минг инсонни қолдириб келдим”, деб жавоб берди. Али деди: “Эй Аллоҳ, мен Сенга Усмоннинг қонидан поклигимни билдираман”. Сўнг Муовиянинг элчиси Али ҳузуридан чиқиб, қайтиб кетди. Усмонни ўлдирган хаворижлар уни қўлга тушириб, қатл қилмоқчи бўлдилар, аммо элчи қийинлик билан қочиб қутулди[1].

Али розияллоҳу анҳу Шом ғазотига ҳозирланиши

Амирулмўъминин Али розияллоҳу анҳуга Муовиянинг жавоби келгач, халифа Шом аҳлига қарши уруш қилишга қарор қилди. Сўнг Миср волийси Қайс ибн Саъдга, Кўфа волийси Абу Мусо Ашъарийга, Басра волийси Усмон ибн Ҳанифга мактуб йўллаб, одамларни урушга сафарбар этишларини буюрди. Одамларга хутба қилиб, уларни жангга ундади ва жанг ҳозирлигини кўришни бошлаб юборди. Мадинага Қусам ибн Аббосни бош қилиб қолдириб, ўзи унга итоат қилганлар билан биргаликда унга итоатсизлик қилган, унинг амрига қарши чиққан ва унга байъат бермаган кишиларга қарши урушиш мақсадида Мадинадан чиқди. Ўғли Ҳусайн розияллоҳу анҳу унинг олдига келиб: “Отажон, қўйинг шуни, бу ишда мусулмонларнинг қони тўкилиши бор”, деб уни бу ишдан қайтаришга уриниб кўрди. Лекин Али розияллоҳу анҳу унинг сўзларини қабул қилмади. Балки урушга қатъий қарор қилиб, қўшинни ҳозирлашга киришди. Қўшин байроғини Муҳаммад ибн Ҳанафияга берди, Ибн Аббосни ўнг қанотга, Умар ибн Абу Саламани чап қанотга амир қилди. Чап қанотга Амр ибн Суфён ибн Абдуласадни қўйгани ҳақида ҳам айтилган. Қўшиннинг олд қисмига Абу Лайло ибн Амр ибн Жарроҳни амир қилди. Мадинага Қусам ибн Аббосни бош қилиб қолдирди. Энди Мадинадан йўлга чиқмоқчи бўлиб турганларида, тарихда “Жамал ҳодисаси”[2] номи билан машҳур воқеа сабаб бўлиб, Али бошчилигидаги қўшин Шомга юриш қилишдан тўхталишга мажбур бўлди[3].

Али розияллоҳу анҳу Жамал жангидан сўнг Жарир ибн Абдуллоҳни Муовия ҳузурига йўллагани

Али розияллоҳу анҳу Жамал ҳодисасидан фориғ бўлганидан кейин Басрага келди. Сўнг Басрадан Кўфага қараб юрди ва ҳижрий 36 йили ражаб ойининг ўн иккинчи куни Кўфага етиб келди. Оқсаройга тушиши таклиф этилганида у: “Йўқ, Умар ибн Хаттоб унга тушишни ёқтирмас эди, мен ҳам истамайман”, деди, сўнг Раҳбага тушди ва катта жомеда икки ракаат намоз ўқиди. Сўнг одамларга хутба қилди, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарди, Кўфа аҳлини мақтади. Сўнг Усмон халифалиги давридан Ҳамазон волийси бўлган Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалийга ва Озарбайжон волийси бўлган Ашъас ибн Қайсга ўз қўл остидагилардан у учун байъат олишларини, сўнг унинг ҳузурига келишларини буюриб, мактуб йўллади. Улар унинг амрига итоат қилиб, ҳузурига етиб келдилар. Али Муовияни ўзига байъат беришга чорлаш учун одам юбормоқчи бўлганида Жарир ибн Абдуллоҳ: “Эй амирулмўъминин, унинг ҳузурига мени юборинг. Чунки у билан орамизда дўстона муносабат бор, мен сизга ундан байъат олиб бераман”, деди. Аштар унга: “Эй амирулмўъминин, уни юборманг. Мен бунинг унга мойил бўлиб кетишидан қўрқаман”, деди. Али: “Уни тинч қўй”, деди. Сўнг уни мактуб билан Муовия розияллоҳу анҳу ҳузурига юборди. Мактубда Муовияга муҳожир ва ансорлар Али розияллоҳу анҳунинг байъатига иттифоқ қилишгани ва Жамал ҳодисасида бўлиб ўтган иш ҳақида хабар бериб, уни барча одамлар қатори унга байъат беришга чақирди. Жарир ибн Абдуллоҳ Муовия ҳузурига бориб, унга мактубни топширди. Муовия розияллоҳу анҳу Амр ибн Осни ва Шом улуғларини ўз ҳузурига чорлаб, улар билан маслаҳатлашди. Улар то Усмоннинг қотилларини ўлдирмагунича ё қотилларни уларга топширмагунича унга байъат беришдан бош тортдилар. Шундай қилмаса, унга қарши охирги қонлари қолгунча урушишларини билдирдилар. Жарир Али ҳузурига қайтиб, уларнинг сўзларини етказди. Шунда Аштар: “Эй амирулмўъминин, мен сизга Жарирни юборманг деган эдим-ку. Агар мени юборганингизда Муовия қай эшикни очса, уни ёпган бўлардим”, деди. Жарир унга: “Агар ўрнимда сен бўлганингда, улар Усмоннинг қасосига сени ўлдирган бўлардилар”, деди. Аштар: “Қасамки, агар мени юборганингизда Муовиянинг жавоби мени қизиқтирмасди ва мен уни тезда фикридан қайтарган бўлардим. Эй Жарир, агар амирулмўъминин сен ҳақингда менинг гапимга кирганида, сени ва сен кабиларни то умматнинг иши барқарор ҳолга келгунига қадар ҳибс қилган бўларди”, деди. Шунда Жарир ғазаб билан туриб кетди, сўнг Қирқисияга[4] кетиб, ўша ерда туриб қолди. У бўлиб ўтган гап-сўз ҳақида Муовияга хат ёзиб юборди. Муовия жавоб йўллаб, уни ўз ҳузурига чорлади[5]. Шундай қилиб, Аштар саҳобий Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуни амирулмўъминин Али розияллоҳу анҳудан узоқлашишига ва ундан айрилиб кетишига сабабчи бўлди. Жарир ибн Абдуллоҳ Қирқисия ва бошқа ерларга волий эди ва ўзининг Бажила қабиласига бошлиқ эди. Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий гўзал юзли ва истарали киши бўлиб, ўзи ҳақида сўзлаб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени қачон кўрсалар, юзимга табассум билан боқардилар”, деган эди. У Мадинага келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда хутба қилиб турган эканлар. Хутбалари орасида: “Сизларга мана шу эшикдан юзида фаришта сиймоси бўлган, яманликларнинг энг яхшиларидан бўлган бир киши кириб келади”[6], деб хабар берган ва ўшанда Жарир кириб келган экан.

Али розияллоҳу анҳу Шомга юриш бошлаши

Амирулмўъминин Али розияллоҳу анҳу Шомга юриш бошлашга тайёргарлик кўриб, одамларни урушга сафарбар этди ва кўпсонли қўшин йиғди. Қўшин сони ҳақида ҳар хил сўзлар айтилган бўлиб, барчаси заиф ривоятлардир. Фақат биргина санади ҳасан бўлган ривоятда қўшин сони эллик минг кишидан иборат бўлгани нақл қилинган[7]. Амирулмўъминин Алининг қўшини Кўфадан икки мил узоқликдаги Нахлада йиғилди. Ироқнинг турли томонларидан қабилалар йиғилиб келди. Али розияллоҳу анҳу уларга Абу Масъуд Ансорийни бошлиқ қилди. Нахийладан Зиёд ибн Назр Ҳорисий саккиз минг аскар, Шурайҳ ибн Ҳоний тўрт минг жангчи юборди. Шундан сўнг Али розияллоҳу анҳу қўшини билан Мадоинга (Бағдодга) қараб юрди, у ерда ҳам унинг қўшинига аскарлар қўшилди, уларга Саъд ибн Масъуд Сақафийни амир қилди. У ердан уч минг кишилик гуруҳни Мосулга жўнатди. Али розияллоҳу анҳу Фуротнинг шарқий соҳили бўйлаб Жазиранинг асосий йўлидан юриб, Қирқисия яқинига етиб келди. Шу ерда унга Муовия урушиш учун чиққани ва Сиффинга лашкаргоҳ қургани хабари келди. Шундан сўнг Али розияллоҳу анҳу Раққага[8] келди ва Фуротнинг ғарбий соҳили бўйлаб юриб, Сиффинга етиб келди[9].

[1] “Бидоя ва ниҳоя” (7/240).
[2] Ойша, Талҳа ва Зубайр розияллоҳу анҳумнинг Басрага, Жамал жангига чиқишларидан иборат бу воқеанинг тафсилотини билишга қизиққанлар Али розияллоҳу анҳу ҳақида бериб борилаётган мақолаларимизга мурожаат қилишлари мумкин.
[3] “Бидоя ва ниҳоя” (7/240).
[4] Қирқисия – Хобур дарёсининг Фуротга қуйилиш қисмида жойлашган чоғроқ шаҳар. “Муъжамул булдон” (4/328).
[5] “Бидоя ва ниҳоя” (7/265).
[6] Муслим (2475).
[7] “Тарихи Халифа” (193-бет), санади саҳиҳ.
[8] Раққа – Суриядаги машҳур шаҳар, Фуротнинг шарқий соҳилида жойлашган. “Муъжамул булдон” (3/153).
[9] “Тарихи Табарий” (5/604).

Изоҳ қолдиринг