Пайғамбар уйида бир кеча (1)

0

Бу дарсимиз “Пайғамбар уйида бир кеча” – деб номланади. Бугунги дарсимизда “Умму Заръ ҳадиси” деб танилган машҳур ҳадисни ўрганамиз. Хонадонларда эр-хотин ўртасидаги илиқликни қайта пайдо қилиш учун бундай дарсларга жуда ҳам муҳтожмиз. Афсуски, бугунги кунда унинг ўрнини совуқчилик эгаллаган ва эр-хотин орасидаги алоқа “ажрашгандан кўра яшаганим маъқул” деган асосга қурилган. Кўп оилалар болалар етим қолмаслиги учун бирга яшаб келмоқда. Аслида эса эр ҳам, аёл ҳам ажрашиш ниятидалар, бир-бирини кўргани кўзи йўқ. Лекин болалар сабаб сабр қилмоқдалар. Ўрталарида фарзанд бўлмаса, аллақачон ажрашиб кетган бўлардилар.

Аксар мусулмон хонадонлар бу илиқлик йўқолиб кетиши туфайли қийналмоқда. Бу ва бу каби дарслар бунинг сабаби эркаклар аёлларга муомала қилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан юрмаганлари эканини баён қилиб беради. Қолаверса, аёллар ҳам эркаклар билан бўладиган муомала, эрга вафодорлик, аёл нима учун яратилганини англаб етиш, эркакка қай даражада итоат қилиш кераклигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидан  ўрнак олишлари лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга бир қанча ўринда намуна бўлганлар. Аксинча, у зотнинг бутун ҳаётлари бундай меҳр-муҳаббатли намуналарга бой. У зот аёлларга жуда ҳам юмшоқ ва олийжаноблик билан муомала қилар ва бизни ҳам шунга буюриб: “Аёлларга юмшоқ муомалада бўлинглар!” – деган эдилар. Биз эр-хотин алоқаси борасидаги энг паст кўриниш ёки нима қилса зарари камроқ бўлиши ҳақида эмас, балки энг юқори кўриниш ҳақида сўз юритамиз ва энг намунали эр-хотин мисолларини айтиб ўтамиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ер юзидаги энг афзал турмуш ўртоқ бўлганлар. Сўзимиз давомида бунга ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Қуйидаги ҳадисни имом Бухорий ўзининг саҳиҳида “Никоҳ” фасли “Оиласи билан кечаси гаплашиш” бобида, имом Муслим “Яхши хислатлар” бобида, имом Насоий “Аёллар билан муомала” бобида ва яна бошқа кўп имомлар ривоят қилишган, мен сўзим асносида улар ривоят қилган қўшимчаларни ҳам айтиб ўтаман.

Ойша розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир ҳикояни айтиб бердилар: “Ўн бир аёл бир ерда ўтириб, ҳеч нарсани яширмасдан эрлари ҳақида айтиб беришга келишиб олдилр.

Биринчиси: “Эрим чиқиш қийин бўлган тоғ чўққисидаги  озғин туя гўштига ўхшайди. Чиқай десанг осонмас, олай десанг семизмас” – деди.

Иккинчиси: “Эримни ғийбат қилмайин, ундан ажраб қолмайин. Агар айтсам сирлари, қолмас икир-чикирлари” – деди.

Учинчиси: “Эрим узун бўйли, бироз калта фаҳмли. Гапирсам, талоқ эшитганим, жим турсам, аросатда қолар ҳолим” – деди.

Тўртинчиси: “Эрим Тиҳома оқшоми: на иссиғу на совуқ, қўрқув нима билмассан, малолни ҳис этмассан” – деди.

Бешинчиси: “Эрим уйда қоплон, кўчада арслон, кўрганин сўрамас ҳеч он” – деди.

Олтинчиси: “Эрим ейди қўшиб-қўшиб, ичса ичар симириб, ётса олар ўраниб. Хабар олайин дебон, узатмас қўлин ҳеч бир замон” – деди.

Еттинчиси: “Эрим силласи қуриган, йўлини топа олмайдиган. Эсипаст бироз гўё, ҳар айб унда мухайё. Ё ёргайдир бошингни, ё синдиргай бир жойингни, ё қилар ҳар иккисини” – деди.

Саккизинчиси: “Эрим юмшоқ қуёндек, ҳиди хушбўй райҳондек” – деди.

Тўққизинчиси: “Эримнинг бўйи узун, қиличининг қини узун. Ўчоғининг кўп кули, йиғингоҳга яқин ўйи” – деди.

Ўнинчиси: “Эримниннг исми Молик. Билмайсизда, ким Молик?! Таърифига тил ожиз Молик. Кўпдир унинг туяси, аксари турар уйда барчаси, баъзилари яйловларда. Эшитса гар туялар дўмбиранинг овозин, кутгайлар ўлимларин” – деди.

Ўн биринчиси: “Абу Зар эрим мени, билмайсизда сиз уни. Осди қулоғимга сирға, тўлди билагим ёққа. Мақтади мени менга, ошиқ бўлдим ўзимга. Тоғ бағрида турар эдим, озғин қўйлар боқар эдим. Мени у ердан олиб, ўз қавмига олиб келди. Улар от ва туяли, янчиб, элаб ер эди. Гапирсам мен олдида, деёлмас: бас ҳеч кимса. Ухлайман қуёш чиққунча, ичаман то тўйгунча. Абу Зарнинг онаси, танимайсиз сиз уни. Каттадир сандиқлари, кенгдир уй-ҳовлилари. Абу Зарнинг ўғлини, билмайсизда сиз уни. Хурмо шохи унинг ётоғи, тўйдирар уни эчки туёғи. Абу Зарнинг қизини, танитай сизга уни: ота-онасига итоатли. Тўлдириб турар кийимини, куйдирар жон қўшнисини. Абу Зарнинг чўриси, танимайсиз сиз уни. Тарқатмагай сиримизни, исроф қилмас озуқамизни, қуш ини қилмас уйимизни” – деди. Ҳатто Абу Зарнинг итигача мақтади ва: “Кувилар пишилаётганида Абу Зар кўчага чиқди, арслондек икки ўғлонли бир соҳибжамолни кўрди. Икки арслон кириб аёл биқинидан, ўйнашар эди анордек икки кўкраги билан. У аёлга уйланиб, мени талоқ қилди. Шундан кейин бир бой билан турмуш қурдим. У қўлида тутиб найза, зотдор от минар эди. Менга ҳар турли яхшиликни қилган эди. Ҳар турли чорвадан бир жуфтдан берган эди. “Булардан егин тўйиб- тўйиб, оиланга ҳам бер” – дер эди. Менга берган ҳамма нарсаси Абу Зарнинг энг кичик идишига ҳам тенг келмайди” – деди”.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ойша розияллоҳу анҳога: “Биз худди Абу Зар билан Умму Зардекмиз” – дедилар.

Имом Насоий ривоятларида: “Лекин мен сизни талоқ қилмайман” – деганлар. Бу зиёда фақат имом Насоий ривоятларида келган.

Бу ҳадисни сўзлари жуда ҳам чуқур маъноли. Ойша розияллоҳу анҳо ўта фасоҳатли эдилар. Оталари Абу Бакр Сиддиқни ҳимоя қилиб сўзлаган нутқлари жуда ҳам гўзал. Уни Абу Бакр Анборий алоҳида китоб қилиб шарҳлаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчиси ва бутун дин масъулияти у зотнинг зиммаларида бўлишига қарамасдан Ойша розияллоҳу анҳо бу узун ҳикояни айтиб берганларида қулоқ солиб тингладилар ва яна ҳикоя тугаганида унда айтилган энг афзал шахсни танлаб: “Биз худди Абу Зар билан Умму Зардекмиз” – дедилар.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг