Акалардан олдин уйланиш дурустми?

0

Савол:

Илтимос, саволимга жавоб берсангиз. Ёшим 24да, уйланмаганман. Уйланишимга яна икки йил бор. Шароитим шуни тақозо қиляпти. Қизлар билан юрай десам, гуноҳидан қўрқяпман. Юрмай десам, қизларни хоҳлаб қийналяпман. Асабийлик, жирракилик, ишёқмаслик, одам суймасликдан қийналяпман, бора-бора ҳаётга қизиқишим сўниб, мақсадсиз инсонга айланиб қоляпман. Докторлар ҳам уйланишинг керак, гармонал ёшдасан, дейишмоқда. Аммо олдимда акаларим бор. Шунга нима деб маслаҳат берасизлар.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Динимиз эркакни ҳам, аёлни ҳам имкон қадар тез турмуш қуришга тарғиб қилган. Сабабсиз турмуш қурмасликдан қайтарган. Зеро, сабабсиз турмуш қурмаслик жамиятда зино ва бачавозлик каби турли хил иллатлар авж олишига сабаб бўлади. Модомики, ҳолат сиз айтган даражада бўлса, унда уйланишингиз вожиб бўлади. Чунки жинсий истак инсонни гуноҳга ундаса ва инсон ўзини тийиб туришига кўзи етмаса, ҳаромни олдини олиш фарз бўлгани учун уйланиши ҳам фарз бўлади. Шариатимизда инсон акаларини кутиб уйланмаслигига бирон асос йўқ. Бироқ ҳаромга юриш хавфи бўлганида уйланиши тайин эканига бир қанча кўрсатмалар бор. Шунинг учун биринчи навбатда уйланишингизни тавсия қиламиз, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг