Тавҳид ақидаси: Ширкнинг таърифи

0

Ширкнинг таърифи:

Ширк – Аллоҳга улуҳияти ва рубубиятида бошқа бировни шерик қилишдир. Кўпинча ширк Аллоҳга қўшиб бошқага ҳам дуо қилиш ёки қурбонлик ва назр қилиш, қўрқиш, умид қилиш, муҳаббат қўйиш каби фақат Аллоҳга бағишланиши лозим бўлган ибодат турларини Ундан ўзгага йўналтиришда намоён бўлади. Ширк гуноҳлар ичида энг каттаси бўлиб, бунинг бир неча сабаблари бор:

  • Чунки у илоҳлик хусусиятларида махлуқни холиққа ўхшатишдир. Ким Аллоҳга бировни шерик қилса, уни Унга ўхшатган бўлади. Бу эса Аллоҳ таоло қуйидаги оятда айтганидек энг катта зулмдир: «Чунки ширк келтириш катта зулмдир» [Луқмон: 13]. Зулм – бир нарсани ўз ўрнидан бошқа жойга қўйиш демакдир. Ким Аллоҳдан бошқага ибодат қилса, у ибодатни ўз ўрнидан бошқа жойга қилган ва уни нолойиқ томонга буриб юборган бўлади. Бу эса энг катта зулмдир.

  • Аллоҳ таоло ширкдан тавба қилмаган одамни кечирмаслигини хабар берган: «Аллоҳ Ўзига (бошқа бировнинг) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради» [Нисо: 48].

  • Аллоҳ таоло мушрикка жаннатни ҳаром қилганини, у жаҳаннамда абадий куяжагини хабар берган: «Ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади ва борар жойи дўзах бўлади. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» [Моида: 72].

  • Ширк барча амалларни бекор қилади. Аллоҳ таоло деди: «Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўларди» [Анъом: 88]. Яна деди: «Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалгиларга ҳам шундай ваҳий қилингандир: “Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетгай ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қоласан”» [Зумар: 65].

  • Мушрикнинг қонини тўкиш ва молини олиш ҳалолдир. Аллоҳ таоло деди: «Уруш ҳаром қилинган ойлар ўтгач, мушрикларни топган жойингизда ўлдиринглар, асир олинглар, қалъаларида қамал қилинглар, йўлларига пистирма қўйинглар!» [Тавба: 5]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамлар билан улар то «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтмагунларича урушишга буюрилдим. Агар уни айтсалар, мендан қонларини ва молларини сақлаб қоладилар, исломнинг ҳаққи бундан мустасно» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

  • Ширк гуноҳи кабираларнинг энг каттасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга катта гуноҳларнинг энг каттасини айтиб берайми?» дедилар. «Ҳа, ё Расулуллоҳ» дейишди. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш…», дедилар (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Аллома Ибн Қаййим «Ал-жавобул кофий» китобида ёзади: «Аллоҳ субҳонаҳу хабар берадики, яратиши ва амру фармон беришидан мақсад – бандалар Аллоҳнинг исм ва сифатларини таниб, ёлғиз Ўзига шерик келтирмасдан ибодат қилишлари ва ўрталарида адолатни барпо қилишларидир. Зеро, еру осмонлар шунинг учун яратилган. Аллоҳ таоло айтганидек: «Дарҳақиқат, Биз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжатлар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон-тарози туширдик» [Ҳадид: 25] .

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло пайғамбарларини юбориш ва китобларини туширишдан мақсад одамлар адолатни барпо қилишлари эканини хабар берди. Адолатнинг энг каттаси тавҳиддир. У адолатнинг боши ва асосидир. Ширк эса зулмдир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Чунки ширк келтириш катта зулмдир» [Луқмон: 13 ].

Демак, ширк зулмлар ичида энг катта зулм, тавҳид эса адолатлар ичида энг катта адолатдир. Тавҳидга зид бўлган ҳар қандай иш катта гуноҳларнинг энг каттасидир. Аллоҳ мушрикка жаннатни ҳаром қилди. Унинг қонини, молини, аҳлини тавҳид аҳлига ҳалол қилди. Аллоҳга бандаликни бажо келтиришмагани боис уларни қул қилишга рухсат берди. Мушрикнинг ҳеч бир амали Унинг ҳузурида мақбул бўлмайди, У мушрик ҳақида қилинган шафоатни ҳам қабул қилмайди, охиратда унинг бирон бир дуосини ижобат қилмайди. Зеро, мушрик Аллоҳни билмайдиган жоҳилларнинг энг жоҳилидирки, Унга махлуқини баробар билди. Бу эса ўтакетган жаҳолатдир. Шунингдек – гарчи мушрик воқеда Раббига зулм қилмаган ва ўз жонига зулм қилган эса-да – бу унинг тарафидан содир этилган энг катта зулм ҳамдир.

  • Ширк – Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзини ундан пок санаган айбу нуқсондир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ Ўзини ундан поклаган нарсани У зотга нисбатлаган бўлади. Бу ўта оғир туғён ва Аллоҳга қаттиқ қарши чиқишдир.

Изоҳ қолдиринг