Турлича мол-мулклар закоти қандай ҳисобланади?

0

Савол:

Бир кишининг қўлида айланма пули, биржа ва банкда қимматбаҳо қоғозлари, далада экинзорлари, боғлари ва уч хил чорваси бор. Бу киши закотни умумий молларини ҳисоблаб битта қилиб берадими ёки деҳқончиликдан алоҳида, чорвадан алоҳида, айланма пулидан ва жамғармаларидан алоҳида закот чиқарадими?

Жавоб:
Алҳамдулиллаҳ;

Бундай инсон қўлидаги нақд пуллар, тижорат учун сотиб олган товарлар қиймати, шунингдек, биржа ёки банкдаги қимматбаҳо қоғозлар қийматини ҳисоблаши, агар нисобга (85 грам соф олтин қийматига) етиб, орадан бир йил (ҳижрий ҳисобда) ўтган бўлса, уларнинг умумий қийматининг қирқдан бирини закот сифатида чиқариши вожиб бўлади.

Даладаги экинлар ва боғлар закотига келсак, бундай экин ва мевалар асосий ва жамғариладиган экин ва мевалардан иборат бўлиб, йиғиб олинган ҳосил нисобга (беш васақ[1]) етган бўлса, агар ёмғир сувлари ёки анҳор лабидаги экинлар, шунингдек, суғоришга эҳтиёж бўлмаган, томири узунлиги сабаб ер ости сувлари ёрдамида униб-ўсган лалми экинлардан бўлса ушр, яъни ҳосилнинг ўндан бирини, чархпалак, ҳайвонлар ва турли техникалар воситасида суғориладиган, бошқача қилиб айтганда суғориш харажат талаб қиладиган экинлардан бўлса ушрнинг ярмини, яъни ҳосилнинг йигирмадан бирини закот сифатида бериш фарз.

Чорва молларига (туя, қорамол ва қўй-эчкилар) келсак, улардан ҳар бири белгиланган нисобга етиб, ҳавл айланган (яъни нисобга етган кундан эътиборан ҳижрий ҳисобда бир йил ўтган) бўлса, шунингдек, барча учун очиқ бўлган, шудгор қилинмайдиган ёки суғорилмайдиган саҳро ёки қир-адирлардаги яйловларда боқилсагина улардан закот берилади. Чорва молларидан ҳар бир турнинг ўзига хос нисоби мавжуд. Масалан, 30-39 бош оралиғида қорамоли бўлган киши битта бир ёшли бузоқ, 40-59 бош оралиғида эса битта икки ёшли урғочи тана бериши вожиб бўлади. Шунингдек, 40-120 оралиғида қўй-эчкилари бор инсон битта қўй, 121-200 оралиғида эса иккита қўй бериши вожиб ва ҳоказо. Агар инсон чорва молларини уйида ёки фермерлик хўжалигида емиш бериб боқса, у ҳолда улардан келадиган даромаддан закот беради. Бунинг учун у ушбу даромадни мавжуд нақд пул ва тижорат молларига қўшиб ҳисоблайди ва албатта бундай мол-мулклардан закот вожиб бўлиши учун нисоб ва ҳавл (орадан бир йил ўтиши) шарт қилинади, валлоҳу аълам.

Эслатма: закот аҳкомларини батафсил ўрганиш учун саҳифамиздаги фиқҳ рукни закот бобига мурожаат қилишингиз мумкин.

[1] Бир васақ 60 соъга тенг бўлиб, бир соъ ўрта ёшли одамнинг ўртача ҳовучи билан тўрт ҳовучга тенг. Шунда беш васақ тақрибан 653 килограмга тенг келади.

Изоҳ қолдиринг