Кофирларга оид никоҳлар ҳақида

0

Никоҳ ортидан келиб чиқувчи ҳукмлар борасида кофирлар ўртасидаги никоҳлар мусулмонлар ўртасидаги никоҳлардан фарқ қилмайди. Агар кофирларга оид никоҳлар ислом шариати ҳукмларига мувофиқ бўлса, албатта бундай никоҳ мўътабар саналади. Борди-ю, улар ўртасидаги никоҳ ислом шариати ҳукмларига кўра нодуруст бўлса ҳам аралашилмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кофирлар ўртасидаги никоҳларга аралашмаганлар, бу никоҳларнинг ислом шариати талаб қилган шартларга нечоғлик мувофиқ ёки зид эканини суриштириб ўтирмаганлар. Балки у зот кофирлар ўртасидаги никоҳларни эътироф этганлар. Ҳолбуки, улар ичида маҳрамларнинг ўзаро турмуш қуришини жоиз санаган мажусийлар ҳам бор эди.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Агар кофирлар ўз ўрталарида ҳукм қилишимизни сўраб биз мусулмонларга мурожаат қилишса, албатта улар ўрталарида шариатимиз ҳукмларига мувофиқ тарзда ҳукм қилишимиз керак. Аллоҳ таоло айтади: «Агар ҳукм қилсангиз, улар (яъни кофирлар) ўртасида адолат (яъни ҳақ бўлган ислом ҳукми) билан ҳукм қилинг» [Моида: 42]. Агар кофирлар бизлардан уларни никоҳлаб қўйишимизни сўрашса, никоҳнинг шариатимизда белгиланган рукн ва шартларига риоя қилиш лозим бўлади.

(2) Кофирлар ўз динларига биноан никоҳ шартномасини тузиб бўлгач ҳукм қилиш учун бизларга мурожаат қилишса, у ҳолда қараймиз: агар мазкур ҳолатда ислом шариати бўйича аёл эркакка ҳалол бўлса, ўрталаридаги никоҳни қолдирамиз, агар аёл эркакка ҳалол бўлмаса, никоҳни бекор қиламиз.

(3) Агар кофир эр-хотин исломни қабул қилсалар, бунинг бир неча ҳолатлари бор:

а) ҳар иккиси бир вақтда исломни қабул қилишса, никоҳ ўз ҳолича қолаверади, янгидан никоҳ тузишга ҳожат йўқ.

б) дастлаб эр исломни қабул қилса-ю, хотини аҳли китоблардан бўлиб, ҳануз исломни қабул қилмаган бўлса, улар ўртасидаги никоҳ бузилмайди. Чунки мусулмон эр аҳли китоблардан бўлган аёлга уйланиши ҳалолдир. Агар ҳолат аксинча бўлса, яъни дастлаб аёл  исломни қабул қилса, у ҳолда ўрталаридаги никоҳ эрининг исломни қабул қилишига боғлиқ бўлиб қолади.

в) аҳли китоблардан бўлмаган кофир эр-хотиндан бири исломни қабул қилса (ёки эр исломни қабул қилса-ю, хотини аҳли китоблардан бўлмаса), ҳадислар далолат қилишича, мазкур ҳолатда никоҳ иккинчи тарафнинг исломни қабул қилишига боғлиқ бўлиб туради. Бинобарин, дастлаб эр исломни қабул қилган, сўнг аёли мусулмон бўлса, ўрталаридаги никоҳ давом этаверади, янгидан никоҳ тузишга ҳожат йўқ. Борди-ю, дастлаб аёл исломни қабул қилса ва эр ҳам аёлнинг иддаси тугашидан олдин мусулмон бўлса, у ҳолда ўрталаридаги никоҳ давом этаверади. Аммо эр исломни қабул қилишидан олдин аёлнинг иддаси тугаган бўлса, у ҳолда аёл хоҳлаган бошқа эркакка турмушга чиқиши ёки эрини кутиши жоиз. Агар эрини кутса ва у мусулмон бўлса, гарчи иддаси тугаган бўлса ҳам, ўрталаридаги никоҳ давом этаверади, никоҳни янгилашга ҳожат қолмайди. Агар никоҳдан кейин жинсий яқинлик қилмасдан бурун кофир эр-хотиндан бири исломни қабул қилса ҳам ҳукм ўзгармайди, фақат мазкур ҳолатда шариатимизда маълум бўлганидек, аёл идда сақламайди. Мазкур ҳолатларда эр-хотин ўртасидаги никоҳнинг давом этавериши рожиҳ – тўғрироқ фикрдир. Бу фикрни Ибн Қаййим ва устози Ибн Таймия ихтиёр қилишган. Қолаверса, шаръий далиллар ҳам шу фикрни қўллаб-қувватлайди. Жумладан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган асарда у шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (қизлари) Зайнабни Абул Ос ибн Рабеъга эски никоҳ билан қайтариб бердилар, қайтадан никоҳ ўқимадилар»[1].

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: «Маълумки, Абу Суфён ибн Ҳарб Макка фатҳ қилинган йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага киришидан олдин у зотнинг олдиларига чиқиб мусулмон бўлган, хотини Ҳинд эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккани фатҳ қилмагунча исломни қабул қилмаган, шунга қарамасдан улар иккиси эски никоҳларида қолаверган эди…»[2].

(4) Собиқ ҳолатларда эски никоҳ давом этиши учун аёлнинг эрига абадий ёки вақтинчалик маҳрам бўлиши каби никоҳни ботил қиладиган омиллар бўлмаслиги шарт қилинади. Агар шундай омиллар мавжуд бўлса, ўрталаридаги никоҳ бузилади.

(5) Эр исломни қабул қилган пайтда опа-сингил хотинлари бўлса, улардан бирини танлайди, шунингдек, тўрттадан ортиқ аёли бўлса, кўпи билан тўрттасини қолдириб, қолганларининг жавобини беради.

(6) Эр-хотиндан бири исломни қабул қилса, ҳолбуки эр аёлига уйланган пайтда аёли мусулмон эркакдан ажралиб идда сақлаётган бўлса, мазкур ҳолатда никоҳ бузилишига уламолар иттифоқ қилишган.

Масалан, бир мусулмон киши аҳли китоб аёлга уйланган, сўнг уни талоқ қилган бўлади. Аёл идда сақлаётган пайтда унга бир кофир уйланади. Сўнг ҳануз аёлнинг иддаси битмай туриб эр-хотиндан бири исломни қабул қилса, улар ўртасидаги никоҳ бекор қилинади. Аммо мазкур ҳолатда аёл кофир кишидан талоқ қилиниб идда сақлаётган бўлса, рожиҳ фикрга кўра, улар ўртасидаги никоҳ бекор қилинмайди.

(7) Агар эр-хотин аёлнинг иддаси тугагач исломни қабул қилган бўлса ёки никоҳ валий ва гувоҳларсиз амалга ошган бўлса ёки эр аёлини мажбурлаб никоҳига олган ва мазкур ишлар уларнинг динида никоҳнинг дуруст бўлишига таъсир қилмаса, у ҳолда исломни қабул қилишгач ўрталаридаги эски никоҳ давом этаверади.

(8) Агар эр-хотин исломни қабул қилишларидан олдин белгиланган маҳр шариатга мувофиқ бўлса, аёл ўша маҳрни олади. Борди-ю, олдин белгиланган маҳр шариатга хилоф бўлган фосид маҳр бўлса ва аёл уни қўлига олган бўлса, у ҳолда маҳр масаласи ҳал бўлган саналиб, янгидан маҳр бериш шарт эмас. Шунингдек, эр аёлига маҳр сифатида ароқ берган ва аёл уни қабул қилиб олган бўлса, маҳр масаласи ҳал бўлган ҳисобланади. Аммо аёл ароқни ҳануз қабул қилиб олмаган бўлса, у ҳолда ароқни ўрнига унинг қийматини олади.

(9) Агар эр аёлига маҳр белгиламаган бўлса, олдин айтиб ўтганимиздек, унга маҳри мисл берилади.

(10) Агар мусулмон эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан кейинги дастлабки жинсий яқинлик қилишдан олдин муртад бўлса, шу заҳоти ўрталаридаги никоҳ ботил бўлади. Аммо жинсий яқинликдан кейин муртад бўлса, никоҳнинг ботил бўлиши идданинг тугашига боғлиқ бўлиб туради. Шунга кўра эр-хотиндан муртад бўлгани исломга қайтса, ўрталаридаги никоҳ давом этаверади, агар исломга қайтмаса, никоҳ бузилган саналади. Бинобарин, аёл иддаси тугагач бошқа эркакка турмушга чиқиши ёки турмушга чиқмай муртад эрининг исломга қайтишини кутиши жоиздир.

[1] Абу Довуд (2240), Термизий (1143), Ибн Можа (2009) ривояти. Ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадислар бор
[2] «Зодул маод» (5/138-139).

Изоҳ қолдиринг