Қазо намоз ва уни тезроқ ўқиш ҳақидаги боб

0

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ: ((مَنْ نَسِيَ صَلاةً فَلْيُصَلِّهَا إذَا ذَكَرهَا وَلا كَفَّارَةَ لَهَا إلاَّ ذَلِكَ. “أَقِمْ الصَّلاةَ لِذِكْرِي”)).

وَلِمُسْلِمٍ: ((مَنْ نَسِيَ صَلاةً أَوْ نَامَ عَنْهَا. فَكَفَّارَتُهَا: أَنْ يُصَلِّيَهَا إذَا ذَكَرَهَا)).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир намозни эсдан чиқариб (қазо қилиб) қўйса, эслаган заҳоти ўқиб олсин. Зеро, эсдан чиқарилган намознинг бундан бошқа каффорати йўқ», дея қуйидаги оятни ўқидилар: «Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!» [Бухорий: 597 ва Муслим: 684].

Муслим келтирган бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир намозни ёдидан кўтарилгани ёки ухлаб қолгани сабабли қазо қилса, унинг каффорати эслаганда ўқиб олишдир», деганлар [Муслим: 684].

Шарҳ:

Дарҳақиқат, шариатимизда намознинг кириш ва чиқиш вақтлари аниқ қилиб белгиланган. Бирон намозни вақти кирмасдан олдин ўқиш ёки вақти чиққунга қадар қасддан кечиктириш жоиз эмас. Борди-ю, инсон ухлаб қолиб ёки эсдан чиқариб намозни қазо қилса, узрли бўлгани учун гуноҳкор бўлмайди, лекин эслаган ёки уйғонган заҳоти қазосини ўқишга шошилиши, уни ҳечам кечиктирмаслиги керак. Негаки, намозни ўз вақтидан кечиктирганининг каффорати қазосини тезроқ ўқишидир. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мени зикр қилиш учун (яъни эслаган заҳотинг) намозни тўкис адо қил!», оятини ўқидилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур оятни ухлаш ёки ёддан чиқиш сабабли қазо қилинган намоз ҳукми ҳақида сўзлай туриб тиловат қилишларидан тушиниладики, намозни эслаган заҳоти қазосини ўқиш лозим.

Уламолар ихтилофи:

Қазо намозни дарҳол ўқиш вожибми ёки кечиктириб ўқиса ҳам бўладими?

Бу борада уламолар турли фикрлар билдирган. Жумҳур (яъни кўпчилик) уламолар, жумладан, мазҳаббоши имомлар: Абу Ҳанифа, Молик, Аҳмад ва уларнинг издошлари қазо намозни дарҳол ўқиш вожиб, деган фикрни билдиришган.

Имом Шофеийнинг фикрича, қазо намозни дарҳол ўқиш мустаҳаб бўлиб, уни кечиктириб ўқиса ҳам бўлади.

Имом Шофеий ўз фикрини қуйидаги далил билан қўллаб-қувватлаган. Сафарларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар бир жойда тунаб, бомдод намозига ухлаб қолишади. Уйғонганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозининг қазосини ўша ерда ўқимайдилар. Балки саҳобаларни сафар анжомларини олиб бошқа ерга ўтишга буюрадилар ва ўша ерда бомдоднинг қазосини ўқийдилар. Агар қазо намозни дарҳол ўқиш вожиб бўлганда Пайғамбаримиз бомдоднинг қазосини уйғонган ерда ўқиган бўлар эдилар.

Жумҳур уламолар ўз фикрларини шарҳланаётган Анас розияллоҳу анҳунинг ҳадиси билан қўллаб-қувватлашган. Зеро, ушбу ҳадисда қазо намозни эслаган заҳоти ўқиш кераклиги айтилмоқда. Имом Шофеий келтирган далилга жумҳур уламолар шундай деб жавоб беришган: «Қазо намозни дарҳол ўқиш вожиб дегани намозни мукаммал ва тўлиқ ўқишга ёрдам берадиган айрим сабабларга кўра уни бироз кечиктириш жоиз эмаслигини англатмайди. Бинобарин, намозга жамоат йиғилиши ёки жамоат кўпайиши ва ҳоказо сабабларга кўра, қазо намозни бироз кечиктириш жоиз».

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ «Намоз» китобида бу ҳақда батафсил сўз юритган ва қазо намозни кечиктириш жоиз деган фикрнинг заифлигини исботланган.

Фарз намозни то вақти чиққунга қадар қасддан ўқимаган одам ўша намознинг қазосини ўқийдими ёки йўқми?

Бу борада уламоларимиз турли фикрларни билдирган. Жумладан, Ибн Қаййим «Намоз» китобида ушбу масалага оид уламоларнинг фикрларини келтиради. Биз қуйида мазкур фикрларни қисқача келтириб ўтамиз.

Шубҳасиз, барча уламолар иттифоқ қилишича, ҳеч бир узрсиз фарз намозни то вақти чиққунга қадар қасддан ўқимаган киши катта гуноҳга қўл урган бўлади.

Тўрт имом (Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий ва Аҳмад)нинг фикрига кўра, ҳеч бир узрсиз фарз намозни то вақти чиққунга қадар қасддан ўқимаган киши, агар Аллоҳ кечирмаса, жазо-уқубатга лойиқ бўлиши билан бир қаторда ўша намознинг қазосини ўқиши вожибдир.

Бир гуруҳ салаф ва улардан кейин келган бир гуруҳ халаф уламоларимизнинг фикрига кўра, ҳеч бир узрсиз фарз намозни то вақти чиққунга қадар қасддан ўқимаган кишининг ўша намоз қазосини ўқишга имкони йўқ, ўқиса ҳам қабул бўлмайди. Бу ҳолатда қилган ишига пушаймон бўлиб, ҳақиқий тавба қилиши, кўп истиғфор айтиши ва кўп нафл намозлар ўқиши керак бўлади.

Қасддан қазо қилинган намозни ўқиш вожиб деган уламоларнинг далиллари

Уйқу ёки унутиш сабабли намозни қазо қилган инсон, бундай ҳолатларда маъзур бўлишига қарамай, қазосини ўқиши вожиб экан, сабабсиз қасддан намозни ўқимаган осий одамга қазосини ўқиши вожиб дейиш янада тўғрироқ бўлмайдими?! Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар Хандақ жанги куни аср намозини кун ботгандан кейин ўқиганлар. Маълумки, улар аср намозига ухлаб ҳам қолишмаган, намозни эсдан чиқариб ҳам қўйишмаган эди. Ўша куни аср намози баъзи саҳобаларнинг ёдидан кўтарилган бўлиши мумкин бўлса-да, аммо уларнинг барчаси намозни эсдан чиқариб қўйиши мумкин эмас. Қазо намозни ўқиш вожиб деган фикрни Абу Амр ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ ҳам қўллаб-қувватлаган.

Зоҳирийлар, Ибн Таймия ва Ибн Қаййим қасддан тарк қилинган намоз қазосини ўқиш вожиб эмас, деган фикрда бўлишган. Ибн Қаййим «Намоз» китобида бу фикрни қўллаб-қувватлайдиган бир қанча далилларни келтирган ва қарши фикр эгаларининг далилларига жавоб бериб чиққан. Шарҳланаётган мазкур Анас розияллоҳу анҳунинг ҳадиси шулар жумласидан бўлиб, унда намозга ухлаб қолган ва намозни эсдан чиқариб қўйган одам қазосини ўқиши вожиблиги айтилган. Бундан шуни тушунишимиз мумкинки, бу икки ҳолатдан бошқа ҳолатларда намознинг қазосини ўқиш вожиб эмас экан. Зеро, шариатимизда келган буйруқлар икки қисмдан иборат:

  1. 1- Муайян вақтга чекланмаган буйруқлар.

  2. 2- Муайян вақтга чекланган буйруқлар. Бунга жума намози ва арафа кунини мисол қилиш мумкин.

Муайян вақтга чекланган ибодатлар чекланган вақтлардагина қабул бўлади. Демак, бирон узрли сабабсиз вақтидан кечиктирилган намоз белгиланган вақтда ўқилмагани боис қабул бўлмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким қуёш ботмасидан олдин бир ракаатга улгуриб қолса, аср намозига улгурибди». Агар аср намозини кун ботгандан кейин ўқиш мутлақо дуруст бўлганида, кун ботмасдан олдин бир ракаатга улгурадими ёки улгурмайдими, намозга улгурган саналавериши керак эди.

Жанг майдонида турган мусулмонлар шундай қийин ҳолатда ҳам намозни вақтида адо этишга буюрилдилар. Албатта бу – шариатимиз намозни ўз вақтида ўқишга қанчалик эътибор қаратганига далолат қилади. Агар намозни вақтидан кечиктириб ўқишга рухсат бўлганида, намозни рукн ва шартларини тўлиқ қилиб, кечиктириб ўқишга буюрилган бўлар эдилар. Бу эса шариатимиз намоз шартларидан бўлмиш вақтни ундаги бошқа рукн ва шартлардан устун қўйганига далолат қилади.

Намозни то вақти чиқиб кетгунига қадар бепарволик билан қасддан ўқимаган одамнинг ўқиган қазо намози қабул бўлмайди деган сўздан бу одамга бирон узр туфайли намозни қазо қилган одамга нисбатан енгил жазо қўлланган, дегани тушунилмайди. Негаки, бирон узр сабабли намозни вақтида ўқий олмаган одам маломат қилинмайди. Намозни қасддан тарк қилган одамга кучлироқ жазо бериш учун унинг ўқиган қазо намози қабул қилинмайди.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ бу борада ўта батафсил сўз юритган. Ким батафсил маълумотга эга бўламан деса, Ибн Қаййимнинг «Намоз» китобига мурожаат қилишини тавсия қиламиз.

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ бу масала ҳақида шундай дейди: “Намозни қасддан тарк қилган инсон унинг қазосини ўқиши жоиз эмас, борди-ю, ўқиса ҳам дуруст бўлмайди. Балки бундай кимса кўпроқ нафл намозлар ўқиши, шунингдек, нафл рўзалар тутиши лозим. Мазкур фикрни имом Шофеийнинг шогирди Абу Абдураҳмон, Довуд ва унинг издошлари каби бир гуруҳ салафи солиҳин уламоларимиз айтишган. Бу фикрга хилоф келган бирон далил бўлмай, аксинча, далиллар уни қўллаб-қувватлайди”. Сиддиқ Ҳасанхон ҳам ўзининг «Равзатун надийя» китобида мазкур фикрга мойил бўлган.

Мазкур масалада келтирилган фикрларни қисқача баён қилмоқчи бўлганим шулардан иборат эди. Янада Аллоҳ билгувчироқ.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Намозга ухлаб қолган ёки намозни унутиб қўйган одам уйғонган ёки эслаган заҳоти қазосини ўқиб олиши вожиб.

2 – Қазо намозни дарҳол ўқиш вожиб. Қазо намозни уйғонган ёки эслагандан кейин яна кечиктириш бепарволик саналади.

3 – Унутиб қўйиш, ухлаб қолиш каби узрли сабабларга кўра бирон фарз намозни вақтидан кечиктирган одам гуноҳкор бўлмайди. Лекин намоз вақти киргандан кейин ёки вақтида уйғонишга кўзи етмасдан ухламоқчи бўлса, намоз вақти чиқмасдан уйғона олиши учун керакли чора-тадбирларни кўриши шарт бўлади.

Ҳадисда зикр қилинган каффорат бир гуноҳ қилгани туфайли эмас. Балки тарк қилинган намознинг ўрнини ундан ўзга бирон амал, масалан, етим-мискинларга таом бериш, қул озод қилиш ва ҳоказо ишларнинг ҳеч бири боса олмагани учун ўшанинг ўзини қилиш лозим бўлади.

Мазкур масала ҳақида янада батафсил маълумот олиш учун қуйидаги мақола ва фатволарга мурожаат қилишингизни тавсия қиламиз:

Уйқу ёки унутиш сабабли қазо бўлган намознинг ҳукми
Қазо намозлар қай тартибда ўқилади?
Қазо намозларнинг суннати ўқиладими?
Савол-жавоб: “Макруҳ вақтларда қазо ўқиш жоизми? Суннат намознинг қазоси ҳам ўқиладими?” (Шайх Содиқ Самарқандий)
Савол-жавоб: “Қазо намозлари бор одам таҳажжуд намози ўқиса бўладими?” (Шайх Содиқ Самарқандий)
Савол-жавоб: “Қазо намозлари ўрнига эҳсону садақалар қилса бўладими?” (Шайх Содиқ Самарқандий)
Барча қазо намозларга каффорат бўладиган намоз ҳақида

Изоҳ қолдиринг