Пайғамбарлар қиссаси: Қурбонлик қилинишга буюрилган киши Исмоил алайҳиссаломдир

0

Қурбонлик қилинишга буюрилган киши Исмоил алайҳиссалом эканини исботлайдиган далиллар

Каъбада осиғлиқ турган бу шохнинг ўзи қурбонлик қилинишга буюрилган киши Исмоил алайҳиссалом эканига далилдир. Чунки у Маккада истиқомат қилган. Исҳоқ алайҳиссалом бўлса ёшлик чоғида Маккага ташриф буюрганини билмаймиз, валлоҳу аълам.

Қолаверса, Қуръоннинг зоҳиридан ҳам шу нарса тушунилади. Қуръон қурбонлик қилинишга буюрилган киши айнан Исмоил алайҳиссалом эканини кўрсатади. Чунки Қуръон Исмоил алайҳиссалом қиссасини зикр қилиб, сўнг шундай деди: «Биз Иброҳимга (келажакда) набий ва солиҳлардан бўлажак Исҳоқ исмли ўғил кўриши башоратини бердик» [Соффот: 112]. Қурбонлик қилинишга буюрилган киши Исҳоқ алайҳиссалом деган кишининг бирдан-бир таянган ҳужжати исроилийёт хабарлардир. Маълумки, яҳуд ва насороларга оид китоблар, айниқса, улардаги мазкур мавзуга тегишли жойи шубҳасиз ўзгартирилган. Чунки аҳли китобларнинг манбаларида «Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга ёлғиз ўғли (араб тилига таржима қилинган бир нусхада: тўнғич фарзанди) – Исҳоқни сўйишга буюрди», дейилади. Мана шу жойдаги Исҳоқ сўзи уйдирма, ёлғон ва тиқиштирилган сўздир. Негаки, Исҳоқ Иброҳим алайҳиссаломнинг ёлғиз ва тўнғич фарзанди бўлмай, аксинча, бундай фарзанд Исмоил алайҳиссаломдир. Уларни бундай қилишга ундаган нарса арабларни кўролмаслик ва уларга бўлган ҳасаддир. Зеро, Исмоил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга мансуб бўлган Ҳижоз ўлкасида яшовчи арабларнинг отаси бўлса, Исҳоқ алайҳиссалом аҳли китоблар мансуб бўлган Яъқуб, яъни Исроил алайҳиссаломнинг отасидир. Аҳли китоблар бу шараф-фазилатни ўзларига бурмоқчи бўлишиб, Аллоҳнинг каломини ўзгартириб, унга қўшимча киритдилар. Бўҳтончи бу қавм шараф ва фазилат Аллоҳнинг қўлида экани ва уни истаган бандасига насиб этажагига иқрор бўлмадилар.

Дарҳақиқат, қурбонлик қилинишга буюрилган киши Исҳоқ алайҳиссалом эканини бир гуруҳ салаф уламолари ва улардан бошқа кўплаб уламолар айтганлар. Улар бу маълумотни Каъбул Аҳбордан ёки аҳли китобларнинг саҳифаларидан олганлар, валлоҳу аълам. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон саҳиҳ ҳадис келмаганки, биз унга таяниб Қуръони каримдан тушунилган зоҳир тушунчани тарк қилсак. Қолаверса, бу нарса Қуръондан шунчаки тушунилибгина қолмай, аксинча, мушоҳада қилиб кўрилганда Қуръондан тушунилгани, балки Қуръонда очиқча айтилгани, балки Қуръонда айнан баён қилингани қурбонлик қилишга буюрилган киши Исмоил алайҳиссалом эканидир.

Муҳаммад ибн Каъб Қуразий қуйидаги ояти каримадан қурбонлик учун бағишланган киши Исҳоқ алайҳиссалом эмас, балки Исмоил алайҳиссалом эканини исботлаш учун келтирган далил нақадар кучли ва қониқарлидир:  «Шунда Биз унга (яъни Сорага) Исҳоқ исмли ўғил кўриш башоратини ва Исҳоқдан кейин Яъқуб исмли набира кўриш башоратини бердик» [Ҳуд: 71]; Муҳаммад ибн Каъб Қуразий айтади: «Қандай қилиб Иброҳим алайҳиссаломга Исҳоқ ва ундан Яъқубнинг туғилиши башорат берилиб, сўнгра ҳали ундан бирон кимса туғилишидан илгари ёш Исҳоқни қурбонлик сифатида сўйишга буюрилади?! Бундай бўлиши мумкин эмас. Чунки бу юқорида айтиб ўтилган башоратга зиддир, валлоҳу аълам».

Дарҳақиқат, Суҳайлий Муҳаммад ибн Каъб Қуразий келтирган далилга қуйидагича эътироз билдиради: «Аллоҳ таолонинг «Шунда Биз унга (яъни Сорага) Исҳоқ исмли ўғил кўриш башоратини бердик» – деган сўзи тўлиқ гап бўлиб, ундан кейинги «ва Исҳоқдан кейин Яъқуб исмли набира кўриш башоратини бердик», деган сўзи башорат бериш доирасидан ташқари алоҳида бошқа бир тўлиқ гапдир. Чунки оятдаги «Яъқуб» сўзи олд кўмакчиси такрорланмасдан туриб қаратқич келишигида келиши араб тили қоидаларига кўра жоиз эмасдир. Шундай экан, «Яъқуб» сўзи яширин феъл таъсирида тушум келишигида келган ва аслида бу гапнинг тўлиқ шакли қўйидагичадир: «ва Исҳоқга Яъқуб (исмли ўғил)ни ато этдик». Бироқ Суҳайлийнинг бу гапи қониқарли эмас.

Шунингдек, Суҳайлий қурбонликка аталган киши Исҳоқ алайҳиссалом эканини устун билиб, бу фикрни қўллаб-қувватлаш учун Аллоҳ таолонинг: «У Иброҳим билан бирга юрадиган бўлгач», деган сўзини ҳужжат қилди. Чунки Исмоил отаси Иброҳим алайҳиссаломнинг ёнида эмас, аксинча, ёшлик чоғида онаси билан Макка тоғларида яшаган эди. Шундай экан, қандай қилиб у отаси билан бирга юриши мумкин?! Суҳайлийнинг бу сўзи ҳам қониқарли эмас. Негаки, Иброҳим алайҳиссаломнинг вақти-вақти билан ўғли Исмоилдан хабар олиб туриш мақсадида Буроқ воситасида Маккага борганлиги  ривоят қилинган, валлоҳу аълам.

Қурбонлик қилинишга буюрилган киши Исҳоқ алайҳиссалом эканини айтган кишилардан бири Каъбул Аҳбордир. Шунингдек, бу сўз Умар, Аббос, Али, Ибн Масъуд, Масруқ, Икрима, Саид ибн Жубайр, Мужоҳид, Ато, Шаъбий, Муқотил, Убайд ибн Умайр, Абу Майсара, Зайд ибн Аслам, Абдуллоҳ ибн Шақиқ, Зуҳрий, Қосим, Ибн Абу Бурда, Макҳул, Усмон ибн Ҳозир, Суддий, Ҳасан, Қатода, Абул Ҳузайл ва Ибн Соботдан ривоят қилинган. Қолаверса, Ибн Жарир ҳам шу фикрни ихтиёр қилган (дарвоқе, унинг бу иши ажабланарли!) ва бу Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган икки ривоятнинг биридир.

Бироқ Ибн Аббос ва юқорида номлари зикр қилинган кишиларнинг аксаридан ривоят қилинган тўғри фикр, қурбонликка аталган кишининг Исмоил алайҳиссалом эканидир. Зеро, Мужоҳид, Саид, Шаъбий, Юсуф ибн Миҳрон, Ато ва бир қанча кишилар Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қурбонлика буюрилган киши Исмоил алайҳиссалом эканини ривоят қилганлар.

Ибн Жарир[1] Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Сўйилмай омон қолган киши Исмоил алайҳиссаломдир. Яҳудлар уни Исҳоқ алайҳиссалом деган хом хаёлга бориб ёлғон гапирдилар».

Имом Аҳмаднинг ўғли Абдуллоҳ отасидан ривоят қилишича, қурбонлик қилинишга буюрилган Исмоил алайҳиссаломдир.

Ибн Абу Ҳотим[2] шундай дейди: «Отамдан қурбонлик қилинишга буюрилган киши тўғрисида сўраган эдим: «Тўғрироғи, у Исмоил алайҳиссаломдир», дедилар».

Ибн Абу Ҳотим шундай дейди: «Али, Ибн Умар, Абу Ҳурайра, Абу Туфайл, Саид ибн Мусайяб, Саид ибн Жубайр, Ҳасан, Мужоҳид, Шаъбий, Муҳаммад ибн Каъб, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али ва Абу Солиҳдан ривоят қилинишича, қурбонлик қилишга буюрилган киши Исмоил алайҳиссаломдир. Шуниндек, Бағавий бу фикрни Рабеъ ибн Анас, Калбий ва Абу Амр ибн Алодан ҳикоя қилган».

Қолаверса, бу шахс Исмоил алайҳиссалом экани Муовия розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган. Умар ибн Абдулазиз ва Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Ясор ҳам шу фикрда бўлиб, Ҳасан Басрий: «Бунда шак-шубҳа йўқ», дер эди.

Муҳаммад ибн Каъбдан ривоят қилинишича, у Шомда халифа Умар ибн Абдулазиз билан бирга экан Аллоҳ таолонинг: «Шунда Биз унга (яъни Сорага) Исҳоқ исмли ўғил кўриш башоратини ва Исҳоқдан кейин Яъқуб исмли набира кўриш башоратини бердик» [Ҳуд:71], деган сўзидан қурбонлик қилинишга буюрилган киши Исмоил алайҳиссалом эканига далил чиқишини халифага зикр қилган. Шунда Умар ибн Абдулазиз унга шундай деган: «Мен бу тўғрида ўйлаб кўрмаган эканман. Дарҳақиқат, мен ҳам сенинг фикрингга қўшиламан».

Шундан сўнг Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ ўша пайтда халифалик диёри бўлмиш Шомда истиқомат қиладиган, аслида яҳудий бўлиб, сўнгра ислом динини қабул қилиб, астойдил ислом динига бўйсунган ва уни аҳли китобларнинг олимларидан санаган бир кишини ҳузурига чақириш учун унга одам юборади. У етиб келгач, Умар ибн Абдулазиз ундан сўрайди: «Иброҳим алайҳиссалом икки ўғлидан қай бирини сўйишга буюрилган?» Шунда бу киши шундай жавоб беради: «Эй мўминларнинг амири, Аллоҳга қасамки, Иброҳим алайҳиссалом сўйишга буюрилган ўғли Исмоилдир. Яҳудлар буни яхши биладилар. Бироқ Аллоҳ сўйишга буюрган киши ва Унинг буйруғига сабр қилгани боис Аллоҳ зикр қилган фазилат соҳиби сизларнинг оталарингиз бўлгани учун яҳудлар сиз арабларга ҳасад қиладилар. Улар бу ҳақиқатни инкор қиладилар ва Иброҳим алайҳиссаломнинг сўйишга буюрилган ўғли Исҳоқ алайҳиссалом дейдилар. Негаки, Исҳоқ алайҳиссалом яҳудларнинг отасидир».

Дарҳақиқат, ушбу масалани «Тафсир»[3] китобимизда далил-исботлари ва бу борада нақл қилинган маълумотлар билан қўшиб муфассал айтиб ўтганмиз. Мақтов ва миннат ёлғиз Аллоҳга хосдир[4]. 

[1]  «Жомеул баён», (10/ 513).
[2]  «Тафсир», (10/ 3223/ 18238).
[3]  (7\ 36-бет ва ундан кейинги бетлар).
[4]  Ушбу масалани мисли кўрилмаган даражада илмий тадқиқот қилган кишилардан бири имом Ибн Қаййим Жавзийя роҳимаҳуллоҳдир («Зодул маод», 1/ 71-75)
Дарҳақиқат, сийрати набавия мавзусига бағишланган камина қаламига мансуб катта ҳажмдаги «Ас-саҳиҳул мустасфа мин сийратин набиййил Мустафа» асарида ушбу масаладаги олимлар фикрларининг хулосасини тўплаганман.

Изоҳ қолдиринг