Муҳаддислар: Имом Суфён Саврий (1)

0

Исм-насаби:

Суфён ибн Саид ибн Масруқ ибн Рофеъ Саврий[1], куняси Абу Абдуллоҳдир[2].

Саврийнинг хонадони

Отаси:

Суфённинг отаси Саид ибн Масруқ Кўфа шаҳрининг мўътабар муҳаддис олимларидан бири бўлган. Яҳё ибн Маийн, Али ибн Мадийний, Абу Ҳотим Розий, Ижлий ва Насоий каби забардаст муҳаддис уламолар Саид ибн Масруқни ривоят қилган ҳадислари саҳиҳ саналадиган ишончли ровий деб айтишган. Шунингдек, Ибн Ҳиббон ўзининг «Ишончли ровийлар» номли асарида Саидни ишончли ровийлар қаторида зикр қилган.

Саид ибн Масруқ Абу Воил, Иброҳим Таймий, Хайсама ибн Абдураҳмон, Шаъбий ва Икрима каби буюк тобеинлардан ҳадислар ривоят қилган. Саиддан эса Аъмаш, Шўъба ибн Ҳажжож ва Абу Авона каби етук муҳаддис уламолар ҳадислар нақл қилишган.

Аҳмад ва Ибн Ҳиббоннинг айтишича, Саид ибн Масруқ ҳижрий 128 (милодий 745) йили вафот этган[3].

Онаси:

Суфённинг онаси тақводор ва солиҳа аёл эди. Ибн Жавзий ва Муновий Суфённинг онасини тақводор ва солиҳа аёллар қаторида зикр қилиб, барча муслима оналар ёд олишлари ва ҳар доим фарзандларига уқтиришлари керак бўлган қуйидаги қимматбаҳо сўзини нақл қилишган.

Кунларнинг бирида Суфённинг онаси унга деди: «Сен илм ўқи, мен ип йигириб рўзғорни ўзим тебратаман. Ўнта ҳадис ўргансанг, қара, юриш-туришингда, хулқ-атворингда ижобий томонга ўзгариш борми? Агар ўзгариш кўрмасанг, билгинки, олган илминг сенга фойда эмас, зарар беради».[4]

Ака-укалари:

Суфён Саврийнинг ака-укаси Умар ва Муборак ҳам муҳаддис олимлардан бўлган. Ибн Қутайба, Мақдисий, Ибн Ҳазм ва Ибн Ҳажар каби уламолар ўз китобларида уларнинг номларини зикр қилишган.

Таваллуд топган йили:

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ умавийлар хилофати, халифа Сулаймон ибн Абдулмалик даврида Ироқ ўлкасининг маркази саналган Кўфа шаҳрининг Асийр[5] деган жойида таваллуд топади. Воқидий, Ибн Саъд ва Бухорийнинг айтишича, Суфён ҳижрий 97 (милодий 715) йили дунёга келган[6].

Устозлари:

Суфён Саврийнинг киндик қони тўкилган Кўфа шаҳри ўша даврда ҳадис, фиқҳ каби шаръий илмлар ривожланган марказий шаҳарларнинг бири эди. Қолаверса, Саврийнинг хонадони ҳадис илми билан танилган обрў-эътиборли хонадонларнинг бири эди. Суфён ҳам отасининг йўлидан бориб, ҳадис ва фиқҳ илмларини таълим олди. У Абу Исҳоқ Сабеий, Мансур ибн Мўътамир, Салама ибн Куҳайл, Айюб Сахтиёний, Осим Аҳвал каби ўша даврнинг буюк олимларига шогирд тушиб, улардан илм олди. Ўз шаҳридаги олимлардан илм олиб бўлгач, Басра, Ҳижоз ва бошқа исломий ўлкалардаги буюк уламолар олдига илм талабида сафар қилди[7].

Шогирдлари:

Суфён ўз сафдошлари орасида тақвоси, илми, одоб-ахлоқи билан ажралиб турар эди.  Унинг шуҳрати бутун ислом ўлкаларига ёйилди ва ўша даврнинг буюк олимларидан бирига айланди. Бу буюк имомдан таълим олиш мақсадида унинг ҳузурига ер куррасининг турли чеккаларидан толиби илмлар кела бошлади. Натижада унинг қўлида талай буюк олимлар етишиб чиқди. Қуйида улардан айримларини зикр қиламиз:

  • Шўъба ибн Ҳажжож (ҳижрий 160 йили Басрада вафот этган). Ҳадис илмида амирулмўъминин лақабини олган етук муҳаддис олим.

  • Имом Молик ибн Анас (ҳижрий 179 йилда вафот этган). Ислом оламида кенг тарқалган машҳур фиқҳий тўрт мазҳаб асосчиларидан бири.

  • Яҳё ибн Саид Қаттон (ҳижрий 198 йилда вафот этган). Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Маийн, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ каби буюк олимларнинг устози.

  • Авзоий (ҳижрий 157 йили Байрутда вафот этган). Ўз замонасида шом диёрининг фиқҳ ва ҳадис илмида имоми бўлган.

  • Абдуллоҳ ибн Муборак (ҳижрий 181 йили Ҳийт деган жойда вафот этган). Ўзининг илми, тақвоси, сахийлиги ила оламга донғи кетган етук олим.

  • Суфён ибн Уяйна (ҳижрий 198 йили Маккада вафот этган). Ўз даврида Макка шаҳрининг пешво олимларидан бири бўлган.

Ҳадис илмидаги мартабаси:

Шўъба ибн Ҳажжож, Ибн Уяйна, Абу Осим, Ибн Маийн ва бошқа муҳаддис уламолардан: “Суфён ҳадис илмида мўминлар амири”, деган сўзлари нақл қилинган[8].

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтади: “Суфён Саврий тобеинлар даврида яшаганда, албатта унинг ўзига яраша ўрни бўлар эди”.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ироқ аҳли биздан ўзларининг дирҳаму кийим-кечаклари билан устун бўлиб келарди. Суфён (яъни Саврий) чиққандан бери илми билан биздан устун бўлиб кетди”.

Авзоий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бутун ислом уммати бир овоздан илми ва дин-диёнатидан рози бўладиган Суфёндан ўзга одам қолмади”.

Насоий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Суфённинг мартабаси уни ишончли деб айтишдан юксакдир. У сўзи мўътабар ҳисобланган имомларнинг бири. Мен умид қиламанки, у Аллоҳ таолонинг тақводорларга имом (ўрнак) қилган бандаларидан биридир”.

  Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен бир минг бир юзта устоздан ҳадислар ёздим. Лекин Суфёндан кўра афзалроқ одамдан ҳадис ёзмадим”. Шунда бир киши деди: “Эй Абу Абдураҳмон, Саид ибн Жубайр ва ундан бошқа катта олимларни кўрган бўла туриб, шундай дейсизми?”. Ибн Муборак деди: “Ҳақиқатдан ҳам айтганимдек, мен Суфёндан кўра афзалроқ одамни кўрмадим”.

Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Аббос даврида унга тенг келадигани бўлмаган, Шаъбий даврида унга тенг келадигани бўлмаган, Саврий даврида ҳам унга тенг келадигани бўлмаган”.

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ ҳайратомуз ҳифзу хотирага эга эди. Ижлий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Суфён бир эшитган нарсасини дарров ёдлаб олар эди”.

Суфённинг ўзи айтади: “Хотирамга жойлаган маълумотим ҳеч қачон менга хиёнат қилмаган, яъни ёдимдан чиқмаган”. Шу боис унинг ёддан биладиган ҳадислари ўттиз мингтагача етган. У билган барча ҳадисларини китобга қарамасдан ёддан айтиб бера олар эди. Ҳусайн ибн Ҳафсдан сўралди: “Суфён Саврий ушбу китоблардаги ҳадисларни китобга қараб айтиб берганми?”. У: “Йўқ, ёддан айтиб берган”, деди[9].

Фиқҳ илмидаги мартабаси:

Имом Суфён Саврий ҳадис илмида мана шундай олий мартабаларга эришиши билан бир қаторда фиқҳ илмида ҳам буюк мартабаларга кўтарилган. У фиқҳ илмида ўз тенгдошларидан ўзиб кетган эди. Саврий раҳимаҳуллоҳ уламолар орасида ўзининг ижтиҳоди ва фиқҳий масалалардаги теран фикри билан машҳур бўлди. Абу Ҳанифа ва Моликнинг мазҳаби сингари Саврийнинг ҳам одамлар мўътабар деб тан олган мазҳаби бор эди. Унинг мазҳабига то ҳижрий бешинчи асрга қадар амал қилиб келинган бўлиб, бу мазҳабга эргашганларга “саврийлар” деб айтилар эди. Саврий мазҳабининг кўзга кўринган уламоларидан Жунайд Бағдодийни ва Абу Солиҳ Ҳамдун ибн Аҳмад Найсабурийни зикр қилиш мумкин. Шунингдек, Дийнавар[10] шаҳрининг бир қанча олимлари Саврийнинг мазҳабида бўлишган[11].

Имом Саврийнинг фиқҳдаги мартабасини билишимизга буюк фуқаҳо ва муҳаддис олимларнинг айрим сўзларини келтиришимиз етади:

Хатиб Бағдодий айтади: Кунларнинг бирида Фирёбий имом Ибн Уйянадан бир фиқҳий масала ҳақида сўради, имом ўз фикрини айтди. Фирёбий: “Лекин Суфён Саврий бунинг аксини айтади”, деди. Шунда имом Ибн Уяйна деди: “Ҳеч қачон Суфёнга тенг келадиган одамни кўрмайсан”, яъни Суфённинг сўзини маҳкам тут, зеро, унга тенг келадиган олим йўқ[12].

Суфён ибн Уяйна айтади: “Ҳалол ва ҳаромни Суфён Саврийдан ҳам яхшироқ биладиган инсонни кўрмадим[13].

Ҳасан ибн Рабеъ айтади: Ибн Муборак вафотидан икки-уч кун олдин шундай деганини эшитганман: “Мен учун Суфён ибн Саиддан афзал фақиҳ йўқ[14].

Авзоий айтади: “Менга бу умматга бош бўладиган бир имомни танланг дейилса, Суфёндан бошқасини танламаган бўлардим[15].

Валид ибн Муслим айтади: “Суфён Саврий ҳали юзига ажин тушмай туриб, Маккада фатво сўралаётганини кўрдим[16].

Рай шаҳрининг қозиси Зубайр ибн Муслим кўп масалаларда Саврийдан фатво сўрар эди[17].

Шуайб ибн Ҳарб айтади: “Умид қиламанки, қиёмат куни Суфённи кўрган одамларга нисбатан Суфён Аллоҳнинг ҳужжати қилиб келтирилади. Уларга айтиладики, Пайғамбарларингизни кўрмадингиз, лекин Суфённи кўрдингиз-ку, нега унга эргашмадинглар?![18].

Афсус, Суфён Саврий ва унинг издошлари фиқҳ фанида ёзган китоблар бизнинг давримизга қадар етиб келмаган. Аммо Саврий мазҳабининг фиқҳда билдирган фикрларини машҳур фиқҳ китобларининг ичида кўришингиз мумкин.

Кейинги мақоламизда имом Саврийнинг тафсир илмидаги мартабаси, дунёдаги зуҳди ва тақвоси, ёзган китоблари ва вафоти ҳақида сўз юритамиз, иншааллоҳ.

 

[1] Имом Суфённинг насаби Савр ибн Абдумонот ибн Уд ибн Тобиха ибн Илёс ибн Музар ибн Низорга бориб тақалгани учун Саврга нисбат берилиб Саврий дейилган.
[2] Ибн Саъд: “Табақот”, 6/257, Табарий: “Зайл”, 105 ва Ибн Ҳазм: “Жамҳарати насаб”, 63.
[3] Ибн Қайсароний: 1/69, “Ниҳоя”: 119, “Таҳзиб”: 4/82 ва “Хулоса”: 142.
[4] “Адабул имло”, 109 ва “Сифату сафва”, 3/116.
[5] Асийр – Кўфа шаҳри атрофидаги саҳронинг номи бўлиб, у ерда Али розияллоҳу анҳу ўзи хусусида ғулув кетганларни ёқиб юборган.
[6] “Табақот”, 6/258 ва “Тарихи кабир”, 2/2/93.
[7] “Тарихи Бағдод”, 9/172, “Таҳзиб”, 4/111 ва “Жарҳ ва таъдил”, 2/1/222.
[8] “Тарихи Бағдод”, 9/152 ва “Таҳзибут таҳзиб”, 4/113.
[9] Имом Заҳабийнинг “Тазкиратул ҳуффоз”, (1/203) ва Сияри аъломун нубало”, (7/229) китобларига қаранг.
[10] Дийнавар – Ироқ билан Райнинг ўртасида, Кирманшоҳ яқинида жойлашган шаҳар. Қаранг: Ёқут, “Мўъжамул булдон”, (2/545) ва Абу Убайд Андалусий, “Мўъжам мастажмаъа минал булдон”, (4/1412).
[11] Қаранг: “Табақот Суламий”, (114 бет), “Вафоёт”, (2/26) ва “Шазарот”, (1/251).
[12] Бағдодий, “Тарихи Бағдод”, (9/156).
[13] Ибн Абу Ҳотим, “Жарҳ ва таъдил”, (2 мужаллад, 1 қисм, 223 бет).
[14] Бағдодий, “Тарихи Бағдод”, (9/157-162).
[15] Ибн Абу Ҳотим, “Жарҳ ва таъдил”, (2 мужаллад, 1 қисм, 224 бет).
[16] Юқоридаги манба.
[17] Юқоридаги манба.
[18] Юқоридаги манба.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг