Усмон розияллоҳу анҳу: Умматни бир мусҳафга жамлагани (2)

0

Қуръони каримни ёзиш босқичлари

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу давридаги учинчи босқич

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ҳузайфа ибн Ямон Усмон ҳузурига келди, у ўшанда Шом ва Ироқ аҳли билан биргаликда Армения ва Озарбайжонда фатҳ ҳаракатлари олиб бораётган эди. Ҳузайфани уларнинг Қуръон қироатидаги ихтилофлари ташвишга солиб қўйган эди. У Усмонга: “Эй амирулмўъминин, бу уммат Китоб ҳақида яҳуд ва насоролар ихтилофига ўхшаш ихтилофга тушиб қолишларидан олдин уларни тўхтатиб қолинг”, деди. Шундан сўнг Усмон Ҳафсага одам юбориб: “Саҳифаларни бизга бериб туринг, улардан нусха кўчириб, сўнг қайтариб берамиз”, деди. Ҳафса уларни Усмонга юборди. Сўнг Усмоннинг буйруғи билан Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн Ос ва Абдураҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишом саҳифаларни китобга кўчирдилар. Усмон уларга: “Агар Қуръондан бирор оят хусусида ихтилоф қилсанглар, уни Қурайш тилида (лаҳжасида) ёзинглар, чунки Қуръон уларнинг тилида нозил бўлган”, деди. Улар шундай қилдилар. Саҳифаларни мусҳафларга кўчириб олишгач, Усмон уларни Ҳафсага қайтариб берди. Сўнг ҳар бир ўлкага улар кўчирган мусҳафдан бир нусха юборди ва Қуръон битилган бундан бўлак ҳар қандай саҳифа ёки мусҳафни ёқиб юборишга буюрди”[1].

Қуръон Абу Бакр Сиддиқнинг саҳифаларида жамланиб тургани ҳолда Усмоннинг уни бир мусҳафга жамлашига туртки бўлган сабаб мусулмонларнинг Қуръон қироатида ихтилофга тушишлари бўлганди. Зеро, бу уларни Аллоҳнинг китоби борасида хатарли фитнага тушириши мумкин эди. Зотан Қуръон шариатнинг асоси ва диннинг устуни, умматнинг ижтимоий, сиёсий ва ахлоқий биноси пойдеворидир. Ихтилоф кучайиб, ҳатто баъзилар бир-бирига: “Менинг қироатим сенинг қироатингдан яхшироқ ва тўғрироқ” деб айтган ҳолатлар бўлди. Бу нарса Ҳузайфани қаттиқ ташвишга солди ва мусулмонларнинг халифаси ва имоми ҳузурига ошиқиб, ундан умматни ихтилофлар домига тушишдан тўхтатиб қолишини сўради.

Усмоннинг жумҳур саҳобалар билан маслаҳатлашуви

Усмон розияллоҳу анҳу муҳожир ва ансорларни йиғиб, улар билан бу мавзуда маслаҳатлашди. Улар ичида умматнинг энг кўзга кўринган кишилари, улуғ саҳобалар ва буюк имомлар бор эди. Усмон муаммони уларга арз қилди, барчалари биргаликда бош қотирдилар, ўртада баҳс-мунозаралар бўлди ва охир-оқибат Усмоннинг қарорини қўллаб-қувватлаш фикрига тўхталдилар.

Усмоннинг Қуръонни жамлаши бидъат иш бўлмади, балки ундан олдин Абу Бакр Сиддиқ бу ишга қўл урганди. Қолаверса, у буни ўз фикридан келиб чиқибгина эмас, балки саҳобалар билан маслаҳатлашиб қилди[2].

Али розияллоҳу анҳу Усмонни бу иши учун қоралайдиган кишиларга танбеҳ бериб, шундай деган эди: “Эй одамлар, Усмонни айблашда ҳаддан ошманглар, у ҳақда фақат яхши гап айтинглар. Аллоҳга қасамки, у Қуръон ҳақида қилган ишини бизларнинг барчамиз, яъни саҳобалар номидан қилди. Қасамки, агар унинг ўрнида мен волий бўлсам, мен ҳам шундай қилган бўлардим”[3].

Сиддиқнинг жамлаши билан Усмоннинг жамлаши ўртасидаги фарқ

Ибн Тийн айтади: “Абу Бакр билан Усмоннинг жамлаши ўртасидаги фарқ шундаки, Абу Бакрнинг жамлаши Қуръон унинг ҳофизлари кетиши билан йўқ бўлиб кетишидан қўрққани учун эди. Чунки у бир китобда жамланган эмасди. Абу Бакр унинг сура ва оятларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиган тартибда саҳифаларда жамлади. Усмоннинг жамлаши эса қироат йўлларида ихтилоф кўпайиб кетгани учун бўлиб, ҳамма ўз луғатида (лаҳжасида) ўқиганидан одамлар бир-бирларини хатокор санашга бориб қолганди. Усмон ихтилоф кучайиб кетишидан қўрқиб, саҳифаларни битта мусҳафга тартиб билан жамлади ва бунда Қуръон Қурайш луғатида тушган, деган эътиборда фақат уларнинг луғатига чекланди. Бунгача исломнинг аввалида оғирлик ва машаққатнинг олдини олиш учун Қуръонни арабларнинг бошқа луғатларида (лаҳжаларида) қироат қилинишида бемалоллик бор эди. У энди бунга эҳтиёж қолмади, деган фикрга келди ва фақат битта луғатга чекланишга қарор қилди”.

Қози Абу Бакр Боқиллоний айтади: “Абу Бакр Қуръонни айни кўринишда – китоб шаклида жамлашни эмас, балки одамларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган қироатларда жамлашни ва ундан бошқасини бекор қилишни ҳамда Пайғамбаримиз ўқиган тартибда тартибланган, тиловати мансух бўлмаган бир мусҳаф теварагида тутишни мақсад қилганди”.

Ҳорис Муҳосибий айтади: “Одамлар ичида Қуръонни Усмон жамлаган, деган гап кенг тарқалган. Аслида ундай эмас, Усмон ироқликлар ва шомликлар қироатларнинг ҳарфларида ихтилофга тушишганини билгач, фитнанинг олдини олиш мақсадида муҳожир ва ансорлар билан келишиб, одамларни фақат бир қироатга келтирди. Бунгача мусҳафлар Қуръон нозил қилинган етти ҳарф (лаҳжа)да мутлақ кўринишларда қироат қилиниб келарди. Қуръонни биринчи бўлиб жамлаган киши Абу Бакр эди. Али розияллоҳу анҳу: “Агар мен волий бўлганимда ҳам мусҳафлар борасида Усмон қилган ишни қилган бўлардим”, деган эди”[4].

Қуртубий айтади: “Усмон одамларни ўз мусҳафига жамлашининг нима ҳикмати бор, ҳолбуки Абу Бакр бундан олдин бу ишни тўла амалга оширган эди-ку, дейилса, жавоб шуки, Усмон ўз қилган иши билан мусҳафни янгидан яна қайта жамлашни мақсад қилмади. Маълумки, у Ҳафсага одам юбориб, саҳифаларни бизга бериб туринг, улардан нусха кўчириб, сўнг қайтариб берамиз, деди. Усмон бу ишни фақат турли ўлкаларда одамлар қироатда ихтилофлашиб қолганлари учун ва иш кучайиб, Ҳузайфа айтганидек катта фитна содир бўлишини олдини олиш учун қилди”[5].

Усмон турли диёрларга юборган мусҳафлар сони

Усмон розияллоҳу анҳу мусҳафларни жамлаш ишидан фориғ бўлгач, ҳар ўлкага биттадан мусҳаф юборди ва у юборган мусҳафдан бошқача бўлган ҳар қандай мусҳафларни ёқиб юборишни буюрди. Ўлкаларга юборилган мусҳафлар адади ҳақида турли фикрлар айтилган. Баъзилар тўртта деган ва аксар уламолар иттифоқ қилган фикр шудир. Бешта, олтита, еттита ва саккизта деганлар ҳам бўлган. Тўртта мусҳафдан бирини Мадинада олиб қолди, биттасини Шомга, биттасини Кўфага, биттасини Басрага юборди. Бешта деганлар юқоридагидан ташқари бешинчи мусҳафни Маккага юборган, деганлар. Олтита деганлар олтинчисини Баҳрайнга юборганини ёки ўзига олиб қолганини айтганлар. Еттита деганлар еттинчисини Яманга юборган, деганлар. Саккизта деганлар саккизинчисини Усмон ўзида қолдирган ва шаҳид бўлганида қони тўкилган мусҳаф ўша эди, деганлар[6].

У ҳар бир мусҳаф билан бирга уни одамларга мутавотир қироатда тўғри ўқишни ўргатадиган бир кишини юборди. Абдуллоҳ ибн Соибни Маккага, Муғийра ибн Шиҳобни Шомга, Абу Абдураҳмон Суламийни Кўфага, Омир ибн Қайсни Басрага юборди, Зайд ибн Собитни Мадинада одамларга Қуръон ўргатишга масъул қилди[7].

[1] Бухорий (4987).

[2] “Фитнату мақтали Усмон” (1/78).

[3] “Фатҳул Борий” (9/18).

[4] Содиқ Уржун, “Усмон ибн Аффон” (178-бет).

[5] “Ал-жомеъ ли аҳкомил қуръон” (1/87).

[6] “Азвоул баён фий тарихил қуръон” (77-бет).

[7] Содиқ Уржун, “Усмон ибн Аффон” (180-бет).

Изоҳ қолдиринг