Али розияллоҳу анҳу: Усмоннинг ўлдирилиши фитнасига муносабати (2)

0

Али розияллоҳу анҳунинг қамал асносидаги мавқеи

Қўзғолончи гуруҳлар Усмон розияллоҳу анҳунинг уйларини қамал қилиб, унинг ташқарига чиқишига тўсиқ қўйдилар. Усмон ибн Аффон ҳатто масжидга намозга чиқиши ҳам ман қилинди. У ўзига етган бу балоларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганларидек сабру матонат билан, қазо ва қадарга бўлган кучли иймони билан қаршилади. У имкон қадар муаммога ечим топишга уринди. Фитна авжига чиққан ўша кунлар воқеаларини кузатсангиз гувоҳ бўласизки, Усмон гоҳо одамларга мусулмоннинг қони ҳаромлиги, уни ноҳақ тўкиш асло дуруст эмаслиги ҳақида хутба қилаётган бўлар, гоҳо одамлар билан сўзлашиб, уларга ўзининг фазилатлари ва исломдаги улуғ хизматларини изҳор қилиб, бунга улуғ ўнта жаннати саҳобани гувоҳ қилаётган бўлар, гўё бу билан у мана шундай фазлу илм эгаси бўлган киши дунёга берилиши ва охиратдан дунёни устун кўриши мумкин эмаслигини, омонатга хиёнат қилиши ва умматнинг моллари ва қонларига тажовуз қилиши асло ақлга тўғри келмаслигини, бундай хиёнатнинг Аллоҳ ҳузуридаги оқибатини яхши билишини айтаётгандек бўларди. Зотан,  Усмон розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида тарбия олганди, у зотнинг шахсан ўзлари ва бошқа афзал саҳобалар унинг фазли ва поклигига гувоҳлик бергандилар. Шундай зот энди ёши етмишдан ўтиб, саксонга яқинлашганда шундай муомалага лойиқ кўриладими?!

Тўполончилар Мадинада ҳукмни тўла қўлга олдилар, кўпинча одамларга улар имом бўлиб намоз ўқишди[1]. Шунда саҳобалар иш улар ўйлаганидек эмаслигини идрок қилдилар ва оқибати ёмон иш содир бўлишидан хавотирга тушдилар. Улар қўзғолончилар Усмонни ўлдиришга аниқ чоғланаётганини тушундилар, унга ўз ҳимояларини таклиф қилдилар ва тўполончиларни Мадинадан ҳайдаб чиқаришга ҳозирликларини етказдилар. Бироқ Усмон ибн Аффон уни деб мусулмонларнинг қони тўкилишини истамади. Кибор саҳобалар Усмондан сўрамасдан ҳам ўз ўғилларини унинг ҳимояси учун юбордилар. Али розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайн, шунингдек, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абдуллоҳ ибн Умар кабилар унинг ҳимояси учун ҳозир бўлдилар. Ҳасан ўша куни ҳовлидан яраланган ҳолда кўтариб олиб кетилди. Ундан ташқари, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Муҳаммад ибн Ҳотиб, Марвон ибн Ҳакам ҳам жароҳатландилар[2]. Али розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳуни энг қаттиқ мудофаа қилган кишилардан бири бўлди, бунга Усмоннинг яқин кишиларидан бири ва ўша кунлари унинг ёнида бўлган Марвон ибн Ҳакам гувоҳлик берган[3].

Шунингдек, Ибн Асокир Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Али Усмонга одам юбориб: “Мен билан бирга 500 совутли жангчи бор, изн беринг, мен сизни ҳимоя қилай, чунки сиз қонингизни ҳалол қиладиган (ўлимга лойиқ) бирон иш қилганингиз йўқ”, деди. Усмон унга: “Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин, мени деб қон тўкилишини истамайман”, деб жавоб йўллади[4].

Қамал асносида Али розияллоҳу анҳунинг Усмон розияллоҳу анҳу тарафида тургани ҳақида бир талай ривоятлар келган. Ушбу хабарлардан бирида айтилишича, қўзғолончилар Усмондан ичимлик сувини ҳам тўсиб қўйишди, ҳатто унинг аҳли оиласи ташналикдан ўлаёздилар. Шунда Али розияллоҳу анҳу унга уч меш тўла сув юборди, сувни унга етказиш асносида Бани Ҳошим ва Бани Умайянинг бир неча кишилари жароҳат олдилар ва бир амаллаб сувни унга етказдилар.

Воқеа-ҳодисалар тезлашиб кетди, қўзғолончилар Усмоннинг уйига бостириб кириб, уни ўлдирдилар. Бу пайт кўпчилик саҳобалар масжидда эди. Усмоннинг қатл этилгани хабари етгач, улар ғам-андуҳдан эс-ҳушларини йўқотаёздилар. Али ўғиллари ва жиянларига: “Сизлар эшик олдида бўла туриб, Усмоннинг ўлдирилишига қандай йўл қўйдинглар?!”, деб, ғазаб билан Ҳасанга тарсаки тортиб юборди, ҳолбуки у яраланганди. Али Ҳусайннинг ҳам кўкрагига мушт туширди, Зубайрнинг ва Талҳанинг ўғилларини сўкиб уришди, сўнг ғазабнок ҳолда уйига чиқиб кетди.

Кейинроқ Басрадаги бир хутбасида Али розияллоҳу анҳу: “Билиб қўйинглар, одамлар Усмонни мен ўлдирганимни айтишмоқда. Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, мен уни ўлдирмадим ва ўлдиришга ёрдам ҳам бермадим”, деганди[5].

Али розияллоҳу анҳунинг ушбу фитнага нисбатан мавқеи насиҳат, маслаҳатлашув, қулоқ солиш ва итоат қилиш, фитна асносида Усмон розияллоҳу анҳунинг ёнида маҳкам туришдан иборат бўлди. У Усмонни энг қаттиқ мудофаа қилувчи инсонлардан бўлди, уни ҳеч қачон ёмонламади, ҳолатни ислоҳ қилишга ва халифа билан унга қарши чиққанлар ўртасидаги жарликни йўқотишга уринди, фитнани бартараф этиш учун қўлидан келган ишни қилди. Лекин Аллоҳнинг иродаси экан, амирулмўъминин Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қўзғолончилар қўлида шаҳидликка эришди[6].

Али ва Усмон хонадони ўртасидаги қудачилик алоқалари

Ҳеч қачон Бани Ҳошим билан Бани Умайя ўртасида айрим ислом ва мусулмонларнинг душманлари уйдирган ва унинг атрофида афсоналар тўқигани каби адоват, нафрат, бир-бирини ёмон кўриш деган нарса бўлмаган. Ҳар бир инсофли кишига маълумки, Бани Умайянинг Бани Ҳошим билан алоқалари амакиваччалик, биродарлик ва оға-инилик алоқаларидан иборат эди. Улар бир-бирларини ҳурмат қилишар, қадрлашар, ғам-қайғуларини баҳам кўришарди. Ҳаммалари битта мусаффо чашмадан сув ичишган, ростгўй ва омонатли мураббий зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган ягона ҳақ диннинг таълимотларидан суғорилган эдилар.

Абу Суфён билан Аббос ўртасида илгаридан ҳамма ҳавас қилгудек дўстлик бор эди[7].

Икки қабила ўртасида исломдан илгари ҳам, кейин ҳам қудачилик алоқалари мавжуд эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўрт қизларидан учтасини Бани Умайяга келин қилиб берган эдилар. Куёвлари Абул Ос ибн Рабеъ ҳам, Усмон ибн Аффон ҳам Бани Умайядан эди.

Қолаверса, Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммаларининг, яъни оталари Абдуллоҳнинг эгизак синглиси Умму Ҳаким Байзо бинти Абдулмутталибнинг невараси, яъни қизи Арвонинг ўғли эди.

Усмон розияллоҳу анҳунинг ўғли Абон ибн Усмон ҳам Бани Ҳошимдан уйланган, Али розияллоҳу анҳунинг туғишган оғаси Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қизи Умму Гулсум унинг никоҳида эди[8].

Али розияллоҳу анҳунинг невараси Сакина бинти Ҳусайн Усмон розияллоҳу анҳунинг невараси Зайд ибн Амр ибн Усмонга турмушга чиққан эди.

Али розияллоҳу анҳунинг яна бир невараси Фотима бинти Ҳусайн Усмон розияллоҳу анҳунинг яна бир невараси Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Амр ибн Усмоннинг аёли эди.

Бани Умайянинг саййиди Абу Суфённинг қизи Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо эса, маълумки, Бани Ҳошимнинг саййиди ва бутун инсониятнинг пешвоси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари эди.

Абу Суфённинг яна бир қизи Ҳинд Бани Ҳошим уруғидан Ҳорис ибн Навфалга турмушга чиққан эди[9].

Убайдуллоҳ ибн Аббос ибн Абдулмутталибнинг қизи Лубобага Утба ибн Абу Суфённинг ўғли Валид уйланганди[10].

Бани Ҳошимдан бўлган Рамла бинти Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Абу Толибга аввал Бани Умайялик Сулаймон ибн Ҳишом ибн Абдулмалик, сўнгра Абулқосим ибн Валид ибн Утба ибн Абу Суфён уйланганди[11].

Шунингдек, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қизи Рамла Марвон ибн Ҳакамнинг ўғли Муовияга турмушга чиққан[12].

Али ибн Абу Толибнинг чевараси Нафиса бинти Зайд ибн Ҳасан Абдулмалик ибн Марвоннинг ўғли Валидга турмушга чиққан[13].

Бу икки хонадон ўртасида бундан бошқа ҳам қудачилик алоқалари мавжуд бўлиб, мен улардан энг машҳурларини келтириб ўтдим.

[1] «Сияри аъломин нубало” (3/515).
[2] “Тарихи халифа” (174-бет).
[3] “Тарихул ислом” (460-бет).
[4] “Тарихи Димашқ” (403-бет).
[5] Ибн Асокир (39/453).
[6] Абдулҳамид Али, “Хилофату Али ибн Абу Толиб” (87-бет).
[7] “Аш-шийъа ва аҳлул байт” (141-бет).
[8] “Аш-шийъа ва аҳлул байт” (141-бет). Дайнаварий, “Ал-маориф” (86-бет).
[9] Ибн Саъд, “Табақот” (5/15).
[10] “Аш-шийъа ва аҳлул байт” (143-бет). “Насабу қурайш” (123-бет).
[11] Аш-шийъа ва аҳлул байт” (143-бет).
[12] Аш-шийъа ва аҳлул байт” (143-бет). “Насабу қурайш” (45-бет).
[13] [13] Ибн Саъд, “Табақот” (5/234).

Изоҳ қолдиринг