Нафл ниятидаги одам фарз ниятидаги одамга имомлик қилиши

0

Юз ўн иккинчи ҳадис

عن جَابِر ِبن عَبْدِ الله رَضي الله عَنْهُمَا: أنَّ مُعَاذَ بْنَ جَبَل كَانَ يُصَلِّي مَعَ رَسُولَ الله صلى الله عليه وسلم الْعشَاءَ الآَخِرَةَ. ثم يَرْجِعُ إِلَى قَوْمِهِ فيُصلي بهم تِلْكَ الصلاةَ.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга хуфтон намозини ўқир, сўнг қавми олдига бориб, уларга ҳам ўша намозни имом бўлиб ўқиб берарди» [Бухорий: 700 ва Муслим: 465].

Шарҳ:

Муоз ибн Жабал Ансорий розияллоҳу анҳу Бану Салама қабиласидан эди. Бану Салама қабиласи Мадинаи Мунавваранинг ташқарисида истиқомат қилишарди. Муоз розияллоҳу анҳу яхши амалларга интилувчан эди. Шу боис фарз намозларни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўқишга тиришар эди. Муоз фарз намозни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортида ўқиб бўлгач, қавми олдига бориб ўша фарз намозни уларга имом бўлиб ўқиб берар эди. Бу намоз Муозга нисбатан нафл, унга эргашган қавмига нисбатан фарз саналарди. Бу ишдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бохабар бўла туриб, унга эътироз билдирмасдилар.

Уламолар ихтилофи:

Нафл намоз ўқиш ниятидаги инсон фарз намоз ўқимоқчи бўлган одамга имомликка ўтиши жоиз ё жоизмаслигида уламолар турли фикрларни билдиришган.

Зуҳрий, Молик ва ҳанафий мазҳаби уламолари айтишларича, шунингдек, имом Аҳмаддан нақл қилинган машҳур бир ривоятга кўра, нафл намоз ўқиш ниятидаги инсон фарз намоз ўқимоқчи бўлган одамга имомликка ўтиши жоиз эмас. Имом Аҳмаднинг кўпчилик издошлари ҳам шу фикрни ихтиёр қилишган. Улар ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Намозда имом эргашиш учун тайин қилинган. Унга хилоф иш тутманглар, деган сўзларини далил қилиб келтиришган. Уларнинг фикрича, муқтадийнинг нияти имомнинг ниятидан бошқа бўлиши имомга хилоф иш тутиш саналади.

Ато, Авзоий, Шофеий ва Абу Саврларнинг фикрича, шунингдек, имом Аҳмаддан нақл қилинган бошқа бир мўътабар ривоятга кўра, нафл ниятидаги инсон фарз ниятидаги инсонга имомликка ўтиши жоиз. Ушбу фикрни шайхулислом Ибн Таймия ҳам ихтиёр қилган. Улар ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун шарҳланаётган Муоз разияллоҳу анҳунинг ҳадисини далил қилиб келтиришган. Зеро, ҳадисда айтилишича, Муоз разияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидида у зотнинг ортида фарз намозни ўқиб, кейин қавми олдига бориб, уларга ўша намозни имомликка ўтиб ўқиб берар эди.

Муоз разияллоҳу анҳу ўқиган икки намоздан бири нафл экани аниқ. Бир қанча сабабларга кўра, охирги, яъни қавми билан ўқиган намози нафл бўлишга ҳақлироқ. Жумладан:

а) Инсон дастлаб зиммасидаги фарз намозни адо қилиши нафл намозни адо қилишдан ҳақлироқ саналгани боис Муознинг Пайғамбаримиз билан ўқиган намози фарз намоз бўлиши ҳақиқатга яқинроқ.

б) Муоз Пайғамбаримиз масжидида ўқиган намозини нафл, қавми билан ўқиган намозини фарз қилмаслиги муносиброқ.

Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ ушбу фикрни қўллаб-қувватлаш мақсадида етарлича батафсил сўз юритган ва биринчи фикри эгаларининг далилларига жавоб бериб чиққан.

Нафл намоз ўқиш ниятидаги инсон фарз намоз ўқимоқчи бўлган одамга имомликка ўтиши жоиз, деган уламоларнинг далилларидан яна бири шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хавф намозида бир гуруҳ саҳобалар билан икки ракаат намоз ўқийдилар. Салом берганларидан сўнг бошқа бир гуруҳ саҳобаларга икки ракаат намозга имомликка ўтадилар. Табиийки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккинчи гуруҳ саҳобаларга имомликка ўтганларида нафл намоз ниятида бўлганлар.

Қолаверса, муқтадийнинг нияти имомнинг ниятидан бошқа бўлиши имомга хилоф қилиш саналмайди. Ҳадисда айтилган имомга хилоф иш тутмасликдан мақсад муқтадий имомга бир рукндан бошқа рукнга кўчишида: рукуга кетишда, рукудан кўтарилишда хилоф иш тутмаслигидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Намозда имом эргашиш учун тайин қилинган. Унга хилоф иш тутманглар, дея ҳадис давомида буни баён қилиб шундай деганлар: “Агар такбир айтса, такбир айтинглар, имомдан олдин такбир айтманглар…”.

Ушбу фикрни шайхимиз Абдураҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ ҳам қўллаб-қувватлаган.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1- Нафл намоз ўқиш ниятидаги инсон фарз намоз ўқимоқчи бўлган инсонга имомликка ўтиши жоиз ва бу ҳадисда қайтарилган имомга хилоф иш тутиш қаторига кирмайди.
2- Фарз намоз ўқиш ниятидаги инсон нафл намоз ўқимоқчи бўлган инсонга имомликка ўтишга янада ҳақлироқ.
3- Фарз намозни қайта ўқиш жоиз. Хусусан, агар қайта ўқиш ортидан бирон фойда кўзда тутилса. Масалан, қироат қилишни билмайдиган одам ортида намоз ўқиган бўлса ёки ёлғиз ўзи намозни ўқиб бўлгач масжидга кириб, одамлар жамоат бўлиб намоз ўқиётганини кўрса, улар билан бирга ўқиган намози ёлғиз ўзи ўқиган намозининг савобини тўлдиради.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг