Жамоавий зикрлар: Жамоавий зикр қилиш жоиз деганларнинг ҳужжат ва далиллари (1)

0

Жамоавий тарзда зикр қилиш жоиз дегувчилар бир қанча далил-ҳужжатлар[1] келтиришган бўлиб, қуйида уларни қисқароқ кўринишда келтирамиз:

Биринчи далиллари: Зикр аҳлини кўплик шаклида мадҳ этиб, Аллоҳнинг зикри учун жамланишни мустаҳаб эканига далолат қилган оят ва ҳадислар мавжуд бўлиб, улардан бирини имом Бухорий ва имом Муслим “Саҳиҳ” тўпламларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Аллоҳ таолонинг ер юзида кезиб юрувчи фаришталари бор бўлиб, улар зикр мажлисларини қидириб юрадилар. Қачон Аллоҳнинг зикри бўлаётган бирор мажлисни топсалар, улар билан ўтирадилар ва қанотлари ёрдамида бир-бирларини ўраб, ҳатто зикр қилувчилар билан дунё осмони орасини тўлдирадилар. Қачонки зикр қилувчилар тарқалсалар, юқорилаб, осмонга кўтариладилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ азза ва жалла Ўзи яхши билиб турса-да фаришталаридан сўрайди:

– Қаердан келяпсизлар?

– Ердаги бандаларинг ҳузуридан келяпмиз. Улар Сенга тасбеҳ айтиб покламоқдалар, такбир айтиб улуғламоқдалар, таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ) айтмоқдалар, Сенга ҳамд-сано айтмоқдалар ва Сендан (дуо қилиб) сўрамоқдалар, – деб жавоб беради фаришталар”.

Ҳадиснинг охирида Аллоҳ айтади: «… Мен уларни мағфират қилдим, сўраган нарсаларини бердим ва паноҳ сўраган нарсаларидан паноҳ бердим…»[2].

Жамоавий зикр тарафдорларининг фикрича, ушбу ҳадис зикр қилиш учун жамланишнинг фазилатли амал эканига ва зикр инсонлар тарафидан жўр бўлган ҳолда жаҳрий қилинишига далолат қилади. Чунки ҳадисда кўплик шаклида «Сенга тасбеҳ, такбир, ҳамд айтиб, Сени улуғлаяптилар», дейилган.

Улар ҳофиз Ибн Ҳажарнинг «Саҳиҳи Бухорий» шарҳида айтган қуйидаги сўзларини далил қилиб олдилар: «Зикр мажлисларидан мурод тасбеҳ, такбир ва ҳоказо ҳадисларда келган хилма-хил зикрларни айтиш, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг китобини тиловат қилиш, дунёю охират яхшиликларини сўраб дуо қилишни ўз ичига олган мажлислар назарда тутилади. Ушбу мажлислар сирасига набавий ҳадислар ва шаръий илмларни ўқиб-ўрганиш ва нафл намозлар ўқиш учун тўпланишни киритиш унчалик ҳам тўғри эмас. Гарчи ҳадис ўқиш ва ўрганиш, ҳадис соҳасида баҳс-мунозара қилиш Аллоҳнинг зикри жумласидан бўлса ҳам, бундай давраларни фақат тасбеҳ, такбир ва тиловат давраларига чеклаш ҳақиқатга яқинроқдир[3].

Кўплик шаклида зикр қилиш тилга олинган ҳадислардан яна бирини имом Аҳмад Исмоил ибн Айёшдан, у Рошид ибн Довуддан, у Яъло ибн Шаддоддан ривоят қилади. Ушбу ҳадисда Яъло айтади: “Менга отам Шаддод ибн Авс сўзлаб бердилар. Уларнинг ҳузурида Убода ибн Сомит ҳам бор бўлиб, отамни тасдиқлаб турар эди. Отам айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик. Шунда у зот: “Ораларингизда ёт киши борми?деб сўрадилар. Яъни, аҳли китобларни назарда тутдилар. Биз: “Йўқ, эй Расулуллоҳ”, дедик. Шунда у зот эшикни беркитишга буюрдилар ва шундай дедилар: “Қўлларингизни кўтариб, «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтинглар”. Қўлларимизни бир муддат кўтариб турдик, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини туширгач, дедилар: «Аллоҳга ҳамд бўлсин, мени ушбу калима билан юбординг, мени унга буюрдинг, унинг эвазига менга жаннатни ваъда қилдинг. Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмассан!” Сўнг: “Хурсанд бўлинглар, Аллоҳ азза ва жалла сизларни мағфират қилди”, дедилар[4].

Бироқ бу ҳадис заиф бўлиб, санадида Исмоил ибн Айёш бор. Маълумки, у мудаллис бўлиб, ҳадисни бевосита шайхидан эшитганини очиқча баён қилмаган. Ушбу ҳадиснинг мақбул ёки йўқлиги Рошид ибн Довудга боғлиқ. Ибн Маийн у ҳақда: “ёмонмас, ишончли ровий”, деган бўлса, Дуҳайм: «Мен уни ишончли деб биламан», деган. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ эса уни заиф ровийлардан санаб, «у ҳақда ўйлаб кўриш керак”, дейди. Бу ибора ҳофиз Заҳабий ишора қилиб ўтганидек, Бухорий истилоҳида “шубҳали шахс, ишончли эмас” деган маънодаги қаттиқ танқид ҳисобланади[5].  Шунингдек, у ҳақда Дорақутний: “Эътиборга олинмайдиган заифдир”, деб, уни заиф санашда Бухорий билан ҳамфикр бўлган. Бу Дорақутнийнинг ҳолатидан маълум бўлган ишдир. Зеро, муайян ровийни танқид қилган кишида уни мақтаган кишида мавжуд бўлмаган қўшимча маълумот бор. Устига-устак, танқид пухта, танқидда қаттиққўл бўлмаган олим тарафидан содир бўлса, албатта, қабул қилинади. Бу бир тарафдан.

Бошқа тарафдан ушбу ҳадисни саҳиҳ деб фараз қилсак ҳам, унда жамоавий зикрнинг жоизлигига далолат қилувчи бирор нарса йўқ. Балки ҳадисда тилга олинган зикр шунчаки зикр қилиш учун эмас, балки байъат қилиш ёки байъатни янгилаш учун қилинганига очиқ-ойдин далолат бор. Айниқса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қўлларини кўтаришга буюришлари зикрнинг байъат учун бўлганини кўрсатади. Зеро, зикрда қўлларни кўтариш шарт ҳам, мустаҳаб ҳам эмас.

(Давоми бор)

[1] Суютийнинг: «Натижатул-фикри фил-жаҳри биззикри» китобининг «Жамоавий зикр қилишни жоиз санаганларнинг ҳужжатлари» бобига қаранг (2/23-39-бетлар).
[2] Бухорий (6408), Муслим (2689) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.
[3] «Фатҳул-борий» (11:212).
[4] Аҳмад “Муснад”да (4/124), Табароний “Кабир”да (7/290, 7163-ҳадис) ривоят қилган.
[5] Заҳабийнинг “Муқиза”сига қаранг (83-бет).

 

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг