Қадимги хаворижлар ва бугунги ИШИД: ўртадаги боғлиқлик (9)

0

20)Хиёнатни ҳалол санашади

Тарихдан:

Хаворижлар бошлиғи Абу Язид Махлад ибн Киндод Аъраж Бани Убайд қабиласига келганида Қайравондан бир қанча уламолар  у билан бирга жангга чиқдилар. Чунки уларнинг бошига тушган мусибат бунданда оғир эди. Сабаби, убайдийлар ўзларининг асл башарасини кўрсатиб, ботиний эътиқодларини омма халққа ошкора айта бошлагандилар. Ҳатто “Ғор ва ундагиларни лаънатланглар”, дея кўчаларда жар солдирдилар. Ғор деганда Савр ғорини назарда тутишган. Чунки ҳижрат асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга айнан шу ғорга беркинишган эди. Яъни, улар бу гаплари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам, Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ҳам лаънат айтишган. Ким бу жарчига қарши гапирса уни қатл қилишган. Махлад ўз қўшини билан убайдийларга қарши ҳужум қилиб келганида улар Маҳдийяга чекинишди. Махлад жангда ғалаба қозонишига ишончи комил бўлгач хаворижлиги тутиб, ўз лашкарбошиларига убайдийлар билан бўладиган жангда бироз ортга чекинишни амр этди. Токи убайдийлар Қайравондан чиққан аҳли суннат уламоларини қатл қилишсин. Лашкарбошилар амир Абу Язид Махладнинг буйруғини бажаришди ва шу сабабли бир қанча аҳли суннат эътиқодидаги қайравонликлар ҳалок бўлишди[1].

Бугунги кундан:

Адноний шундай дейди: “Агар портлатиш ёки ўқ узишга имконинг бўлмаса, унда бирон америкалик ёхуд франциялик кофирни ёки улар билан ўртоқ тутинганлардан бирини танлаб, тош билан бошини мажағла ёки пичоқ билан сўй ёки машинанг билан эзиб ташла ёки тепаликдан итариб юбор ёки бўғиб ўлдир ёки заҳарлаб ўлдир, хуллас, қараб ўтирма ва бўш келма!”.

Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар аҳдларига вафо қилмаганлар, фурсат туғилган заҳоти мусулмонларга хиёнат қилганлар. Бугунги ИШИД ҳам фурсат бўлиши билан мусулмонларга ҳам, кофирларга ҳам хиёнат қилишни жоиз санашади.

21)Ўзларига яқин инсонларни ўлдиришни бароат деб, ўз давлатларига боришни ҳижрат деб билишади

Тарихдан:

Саид ибн Жумҳон шундай дейди: “Биз хаворижларга қарши жанг қилганимизда Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу ҳам биз билан бирга эди. Унинг бир қули хаворижларга қўшилиб кетганди. Хаворижлар қирғоқнинг нариги томонида, биз эса бу томонида эдик. Биз Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг қулига: “Ҳой Абу Файруз, ҳой Абу Файруз! Қуриб кетгур, мана, ҳожанг Абдуллоҳ ибн Абу Авфо ҳам шу ерда”, дедик. У эса: “Абдуллоҳ ҳижрат қилса, унга етадиган одам йўқ”, деб жавоб берди. Буни эшитган Абдуллоҳ: “Бу Аллоҳнинг душмани нима деяпти?”, деб сўради. Биз: “Абдуллоҳ ҳижрат қилса, унга етадиган одам йўқ”, деяпти”, дедик. Шунда Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳижрат қилганимдан сўнг уларга қўшиламанми?! Аллоҳга қасам, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Уларни ўлдирган ва уларнинг қўли билан ўлдирилган кишиларга жаннат бўлсин”, деганларини эшитганман”, деди”[2].

Бугунги кундан:

Бағдодий шундай дейди: “Эй ер юзидаги мусулмонлар! Кимнинг Исломий давлатга ҳижрат қилишга имкони бўлса, ҳижрат қилсин. Зеро, ислом диёрига ҳижрат қилиш фарздир. Эй мусулмонлар, динингизни олиб, Аллоҳ сари ҳижрат қилинглар. “Ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўпгина паноҳгоҳлар ва кенгчилик топади. Ким уйидан Аллоҳ ва Расулига ҳижрат қилиб чиқса-ю, сўнгра унга ўлим етса, албатта, унинг ажри Аллоҳ зиммасига тушади. Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли Зотдир” (Нисо: 100)”[3].

Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар ўзларига яқин кишиларни ўлдиришни ширкдан қутилиш деб, уларга бориб қўшилганларни эса муҳожир деб билишган. Бугунги ИШИД ҳам ўз давлатларига “ҳижрат” қилишни ва қариндошларни ташлаб кетишни фарз деб билишади. Ҳатто қариндошларга қарши жанг қилишни бароат, яъни ширкдан халос бўлиш деб эътиқод қилишади. Абҳо шаҳрида бирилари ўз отасини ўлдириши, Риёз шаҳрида бириси ўз тоғасининг жонига қасд қилиши, Саудия ва Қувайт давлатларидаги бир қанча масжидларда намозхонларга ҳужум қилиниши улар қанчалар адашганликларининг яна бир исботидир.

[1]“Сияру аъломин нубало” (15\353).
[2]Аҳмад (19149) ҳамда Ибн Саъд “Табақот”да (4\302) ривояи қилаган.
[3]“Мужоҳидлар ҳамда ислом умматига рисола” номлиовозли баёнотидан.

Изоҳ қолдиринг