Ёшларга ақида ўргатиш зарурлиги (1)

0

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳоба розияллоҳу анҳум намуналари асосида)

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.

Якка Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримиз ва у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Ақидага бўлган эҳтиёжимиз бошқа ҳар қандай эҳтиёждан, унга бўлган заруратимиз ҳар қандай заруратдан устун. Чунки бандалар Раббиларига ва Яратувчиларига ибодат қилмасдан шод-хуррамлик, неъмат ва қалб саодатига эриша олмайдилар.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло барча пайғамбарларини тавҳидга чақиришлари учун юборди. У Зот айтади: “Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз”. [Наҳл: 36]. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ушбу ҳақиқатни таъкидлаш мақсадида ҳар бир пайғамбар қиссасида уни такрорлайди: “(Қасамки), Биз Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Шунда у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир…», деди [Мўъминун: 23]. «Од қавмига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» [Аъроф: 65]. Айни ушбу калималар Солиҳ, Шуайб, Мусо ва Ийсо алайҳимуссаломнинг ҳам тилларида такрорланиб, ҳатто пайғамбарлар рисолатидаги умумий қоидага айланди: “(Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Мендан ўзга ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ. Шундай экан, Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз [Анбиё: 25].

Тавҳид пайғамбарлар даъватининг калитидир. У билан киши исломга илк қадамини қўяди, у билан дунёдаги сўнгги нафасини чиқаради. У энг биринчи ва энг охирги вожиб ҳамдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларини ушбу ақидага даъват қилиш йўлида ўтказдилар ва уни рўёбга чиқариш учун душманларига қарши курашдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Одамлар Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ эканига ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканига гувоҳлик бермагунларича уларга қарши урушишга буюрилдим…» [Бухорий ва Муслим ривояти].

Ҳатто у зот элчиларини юбораётган пайтларида ҳам энг аввало ақидага даъват қилишни буюрдилар. Бунга Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг қиссаси мисол бўлади. Ўшанда у кишини Яманга юбора туриб шундай деган эдилар: «Сиз аҳли китоблардан бўлган қавм ҳузурига борасиз. Уларни даъват қиладиган энг биринчи нарсангиз якка Аллоҳга ибодат қилиш бўлсин. Агар бунда сизга итоат қилсалар…». [Бухорий ва Муслим ривояти].

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ақидага даъват қилишларининг ёрқин кўринишларидан бири у зот ёш болаларни ақидага даъват қилишга, уларнинг қалбларида ақида уруғларини экишга, уларга ақидани тушунарли ва муносиб услубда таълим беришга ҳарис эдилар. Шунингдек, у зотнинг саҳобалари ҳам у зотдан кейин ушбу йўлдан бордилар. Мен бир қанча ҳадис ва сийрат китобларига мурожаат қилар эканман, бунга кўплаб намуналарни учратдим ва бу мавзунинг муҳимлиги сабабли улардан баъзиларига бу ерда ишора қилдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ақида мавзусига болаликнинг жуда эрта босқичиларидан – янги туғилиш босқичидан бошлаб аҳамият бердилар. Бунга чақалоқнинг қулоғига азон айтиш ҳақидаги ҳадисни далил ўлароқ кўрсатиш мумкин. Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ бунинг сирини шарҳлаб шундай дейди:

«Чақалоқ қулоғига азон айтилишининг сири – валлоҳу аълам – инсоннинг эшитадиган илк калималари Парвардигорнинг улуғлиги ва буюклигини ўз ичига олган, у билан ислом динига кириладиган шаҳодат калималари бўлиши учундир. Инсон дунёга келган пайти унга ислом шиори бўлмиш калималар талқин этилади, шунингдек, дунёдан чиқиш пайтида ҳам унга тавҳид калимаси айттирилади. Бунда яна бошқа маъно ҳам бор бўлиб, у Аллоҳга, Унинг дини бўлмиш исломга ва У Зотнинг ибодатига бўлган даъват шайтоннинг даъватидан муқаддам ва олдинроқ бўлишидир. Бу гўёки Аллоҳнинг инсонга берган фитрати шайтон уни ўзгартириб, уни бошқа тарафга буриб юборишидан илгарироқ бўлганига ўхшайди»[1].

Шунинг учун ҳам бутун уммат, ота-оналар ва муаллимлар ушбу ақидани ёшларга уқтиришда жиддий ҳаракат қилишлари лозимдир. Хусусан, шубҳалар ва шаҳватлар фитнаси кенг қулоч отган, турфа хил услублар ва йўллар билан залолатга чақирувчилар кўпайган ҳозирги замонда ақидага даъват қилиш аҳамияти янада ортади. Шу сабабли мураббий ва ислоҳотчилар ёш авлод қалбига бу ақиданинг муҳаббатини сингдиришлари, уларни ҳар қандай ҳолатда бу ақидага собитқадам қилиб тарбиялашлари жуда муҳимдир. Қуйида ёшларга ақидани таълим беришнинг зарурлиги, бунга умматнинг эҳтиёжи жуда катта эканини Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобалари тутган йўлдан келтирилган намуналар асосида қисқача баён қилишга ҳаракат қиламан. Қуйидаги омиллар ушбу мавзунинг нақадар муҳимлигини кўрсатиб беради:

  • Одамларга, хусусан ёшларга ақидани таълим беришга эътибор қаратиш пайғамбарлар (алайҳимуссалом) ва улардан кейин келган ислоҳ қилувчи кишилар тутган йўллардир. Шулардан бири Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғлига қилган даъватини, залолат аҳлига дўст бўлишдан огоҳлантирганини зикр қилган Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир: “Кема уларни тоғлардек тўлқинлар орасида олиб кетар экан, Нуҳ бир четда қолган ўғлига нидо қилди: «Эй ўғилчам, биз билан бирга (кемага) мингин, у кофирлар билан бирга қолмагин!”[Ҳуд: 42]. Шунингдек, Иброҳим алайҳиссалом ўғилларига васият қилгани ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Иброҳим, у билан бирга Яъқуб ҳам болаларига шу динни васият қилиб дедилар: «Ўғилларим, албатта Аллоҳ сиз учун шу динни танлади. Шундай экан, мусулмон бўлган ҳолингиздагина дунёдан ўтинг! [Бақара: 132]. Луқмон ўз ўғлига қилган васиятининг энг бошида уни ширкдан огоҳлантирган эди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: “Эсланг, Луқмон ўғлига панд-насиҳат қилар экан, деган эди: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир» [Луқмон: 13]. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога шундай дея васият қилган эдилар: «Эй бола! Мен сенга бир неча (фойдали) калималарни ўргатаман: (Аллоҳнинг чизган ҳудудларига риоя этиб, буюрган нарсаларини бажариб, қайтарган ишларидан тийилиб) Аллоҳни сақлагин, У Зот ҳам сени асрайди. Аллоҳни сақла, Уни ёд этгин, шунда Унинг мадади ва ҳифзи ҳимоясини қаршингда кўрасан. Агар сўрамоқчи бўлсанг, ёлғиз Аллоҳдан сўра. Агар кўмак истасанг, ёлғиз Аллоҳдан иста…» [Термизий ривояти].

  • Ёш болаларнинг ақидага эътиборли бўлиши уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишини ифода этади. Маълумки, у зотга эргашиш Аллоҳ азза ва жаллага ибодат ва ҳикматга муваффақ бўлиш сабабидир. Саид ибн Исмоил Зоҳид айтади: “Ким сўзида ҳам, хатти-ҳаракатида ҳам суннатни татбиқ қилса, ҳикматни сўзлайди. Ким ўзига нафсининг ҳавойи истакларини ҳоким қилса, бидъатни сўйлайди. Чунки Аллоҳ таоло шундай дейди: “Агар унга бўйсунсангиз, ҳидоят топурсизлар” [Нур: 54][2].

  • Ақидани таълим бериш илмларнинг боши ва асосидир. Агар бола ақидани ўрганса, набавий дастурга кўра қалбига ақидани жо қилса, ибодатлар ва диннинг бошқа амаллари унинг ортидан эргашади.

  • Баъзи ота-оналар тарафидан ҳали фарзандлари ёш эканини рўкач қилиб, уларга дин асосларини, айниқса, уларнинг ичида энг муҳими бўлган ақида тушунчасини ўргатишда сусткашликка йўл қўйилишига, оқибат, фарзандлар улғайгач, уларга буни таълим беришга ота-оналарнинг кучлари етмай қолаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Аллома Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ бу нарсага ишора қилиб шундай дейди: «Ким боласига фойдали илмларни ўргатишда сусткашлик қилса ва уни қаровсиз ташлаб қўйса, унга жуда ҳам катта ёмонлик қилибди. Аксарият болаларнинг бузилиши ота-оналар ва уларнинг сусткашликлари, фарзандларга диннинг фарз ва суннатларини ўргатмасликларидан келиб чиқади. Ота-оналар фарзандларини кичик чоғларидан зое қиладилар, натижада болалар ўзлари учун манфаатли бўлган нарсалардан бебаҳра қолишади, катта бўлгач эса ота-оналарига ҳам бирор нафлари тегмайди»[3].

  • Болалар таълимига эътиборли бўлиш ва уларни тўғри ақида устида ўстириш Аллоҳнинг изни ила умматни залолат ва адашишдан ҳимоя қилинишига сабаб бўлади. Шу боис бир киши Аъмаш роҳимаҳуллоҳдан: «Атрофингизга болаларни йиғиб олибсизми?», деб сўраганида, унга: «Жим бўл, ўшалар сенга динингни сақлаб беришади», деб жавоб берган эди[4].

  • Матбуот воситалари тарафидан болаларга мўлжалланган, аксарияти болалар орасида бузуқ ақидаларни ёйишни мақсад қилган (видео, аудио ва китоб шаклидаги) дастурларнинг кўплиги, бунинг муқобилида эса мураббийлар тарафидан уларга соғлом ақидани таълим беришда эътиборсизликка йўл қўйилиши, буларнинг барчаси ёш болаларнинг қалбларига ўша ботил ақидалар мустаҳкам ўрнашиб қолишига олиб боради.

  • Болаларнинг ақидасига, уларнинг соғлом фитратларига қарши курашадиган, уларни бузуқ эътиқодлар билан суғорадиган хизматкор ва энагаларнинг хонадонларда бўлиши фарзандлар учун катта хатардир. Бу ишнинг хатарини англайдиган кузатувчининг бўлмаслиги эса ўсиб келаётган ўсмирлар онгида бузуқ ақидалар ўрнашиб қолишига олиб келади.

  • Уламо ва тадқиқотчилар болаларга ақидани муносиб услублар билан таълим бериш ва бунга жиддий эътибор қаратиш хусусида мураббийлар эътиборига талай кўрсатма ва тавсиялар ҳавола қилишган. Қуйида ана шундай тавсиялардан баъзиларини мисол тариқасида келтирамиз:

  • Имом Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ «Туҳфатул мавлуд» китобида болалар ҳақида шундай дейди: “Болаларнинг тиллари янги чиқаётган даврда уларга «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун расулуллоҳ»ни айттирилиши, уларнинг қулоқларига илк кирадиган нарсалар Аллоҳ таолони таниш, У Зотни яккалаш ва Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Аршининг устидан уларга боқиб туриши, уларни эшитиши, қаерда бўлмасинлар У Зот улар билан бирга экани каби маънолар бўлиши керак”[5].

  • Имом Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб роҳимаҳуллоҳ «Болаларга тавҳидни ўргатиш» номли китобининг муқаддимасида шундай дейди: «Бу китоб болаларга Қуръонни таълим беришдан олдин уларга ўргатилиши зарур бўлган нарсалар ҳақида жуда фойдали маълумотларни ўз ичига олгандир».

Яна улардан бошқа кўплаб уламоларнинг сўзларини мисол қилиб келтириш мумкин.

(Давоми бор)

[1] «Туҳфатул мавдуд» (31-бет).
[2] Хатиб Бағдодий, «Ал-жомеъ».
[3] «Туҳфатул мавдуд», 22-бет.
[4] «Ал-кифоя фи илми ривоя», 115-бет.
[5] «Туҳфатул мавдуд», 231-бет

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг