Муқаддима

0

   Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг барча оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг салом ва саловотлари бўлсин!

   Бугунги кунда тарбия соҳасида ёзилган кўплаб яхши китобларни учратиш мумкин. Айни пайтда бу борада ёзилган сифатсиз китоблар кўпайиб кетгани ҳам сир эмас. Бу нарса кўпчилик одамларни фарзандларини тўғри ва муваффақиятли тарбия қилишда уларга ёрдам берадиган маърифий ва маънавий маълумотлар билан таъминлайдиган бундай китобларни танлашда ҳайратланишига олиб келмоқда. Бошқа бир томондан “тарбия бобида шу нарса жуда муҳимки”, деган гаплар бениҳоят кўпайиб кетди. Маълумки, муҳим ишлар юз ёки икки юзтага етгач, инсон бу ишларни қамраб олишдан ожизлик ҳис қилади ва бу ўз ўрнида инсонда бу ишлардан батамом юз ўгиришга бўлган мойилликни пайдо қилади. Шу сабаб, менда, фарзандлар билан муомала қилиш ва уларни тарбиялаш соҳасидаги бош “калит”лар ва асосий қоидалар тўғрисида сўз юритиш фикри туғилди. Бу билан муҳтарам китобхонга болалар тарбияси соҳасидаги одоблар ва ундаги асосий услубларни тушуниш йўлидаги энг муҳим қонун-қоидаларни қўлга киритишига ёрдам беришни умид қилиб қоламан.

   Шу ўринда бир савол туғилиши мумкин: нега энди бу қоидалар ўнта, бешта ёхуд йигирмата эмас?

   Ушбу саволга жавоб шуки, 10 рақами ўрта ҳажмдаги камтар бир рақам. Мен ёки мендан бошқа бири бу сонга қўшимча қилиши ёки аксинча, озайтириши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, бу сон бирон бир илмий заруратдан қилиб чиққани йўқ.

   Шуни айтиб ўтиш керакки, мен бу китобда айтмоқчи бўлган қоидалар болалар тарбияси биносининг скелет тузилишини ташкил қилиб, фақат бу қоидаларни ўқиш билан чекланиш етарли эмас. Балки бу борада ёзилган тафсилотларни ўқиш ва араб тилида ёзилган ёки хориж тилларидан ўгирилган талай китобларда мавжуд бўлган тарбиявий услублар, фикр-мулоҳазалар билан танишиш орқали бу борадаги тажрибалардан фойдаланиш янада мақсадга мувофиқдир.

   Ушбу муқаддимадаги сўнг мулоҳаза шундан иборатки, болалар тарбияси борасида айтиладиган маълумотларнинг 80 фоизида барча халқлар ва маданиятлар бир хил гапни гапирганлар. Шу боис, бу борада биз мусулмон мутахассислар билан бир қаторда улардан бошқаларнинг тажрибаларидан ҳам фойдаланишимиз мумкин.

   Аллоҳ таолодан Унинг гўзал исмлари ва олий сифатлари ила ушбу китобни китобхон биродарларимга манфаатли қилиши ҳамда молу-дунё ва фарзандлар фойда бермайдиган кунда ҳасанотлар тарозисига қўйишини сўраб илтижо қилиб қоламан.

Аввалу-охирда Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин!

Профессор ва Доктор Абдулкарим Баккор

11 Шаъбон, 1429 ҳижрий сана

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг