Дард ва даво (6): Дуо балони даф қилиш ва муродни ҳосил қилиш сабаби

0

Дуо ёмонликни даф қилиш ва муродга эришишнинг энг кучли сабабларидан биридир. Бироқ гоҳида, айрим сабабларга кўра, дуонинг самараси кўринмайди. Ушбу сабаблар қуйидагиларнинг бири бўлиши мумкин:

1 – Дуонинг шариатга зид бўлиши. Масалан, дуода Аллоҳ яхши кўрмайдиган нарсаларни сўраш.

2 – Қалбдаги иймоннинг заиф бўлиши, дуо вақтида фикрни жамлаб Аллоҳга юзланмаслик. Бу кўринишдаги дуо худди бўш камондан ўзилган ўққа ўхшайди. Зеро, бундай камондан чиққан ўқ ўта кучсиз бўлиб чиқади ва нишонга тегмайди ёки нишонга тегса-да, уни жароҳатламайди.

3 – Дуонинг қабул бўлишини тўсадиган моне бўлиши. Масалан, ҳаром луқма ейиш, зулм қилиш, қалбни гуноҳлар қоплаб қолиши, шунингдек, ғафлат, лоқайдлик, бекор ва беҳуда сўз ва хатти-ҳаракатлар каби иллатлар ғолиб келиб, қалбни эгаллаб олиши.

Ҳоким “Саҳиҳ” (яъни “Мустадрак”) китобида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аллоҳга дуойингизни ижобат қилишига ишонган ҳолда дуо қилинглар. Билингларки, Аллоҳ ғофил ва бепарво қалбдан чиққан дуони қабул қилмайди[1].

Аслида дуо фойдали ва дардга дармон бўладиган даводир. Лекин қалбнинг ғофил бўлиши унинг кучини йўққа чиқаради.

[1] (Ҳасан ҳадис) Термизий “Сунан”да (3479), Табароний “Дуо”да (62) ва Ҳоким “Мустадрак”да (1/315) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Ҳадис санадида Солиҳ Муррий деган ровий бўлиб, муҳаддис олимлар уни ривояти заиф саналадиган ровий деб айтишган. Бироқ имом Аҳмад ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан мазкур ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайдиган бошқа ҳадис ривоят қилишган. Иккиси қўшилиб, ҳадис ҳасан даражасига кўтарилади. Мазкур ҳадисни Мунзирий “Тарғиб ва тарҳиб”да (2/322), Ҳайсамий “Мажмауз завоид”да (10/148) ва шайх Албоний “Саҳиҳи тарғиб”да (1653) ҳасан деб айтишган.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг