Рўзанинг таърифи:
Рўза (арабча “савм”) сўзининг луғавий маъноси “бирон нарсадан тийилиш” демакдир. Аллоҳ таоло Марям алайҳассаломдан ҳикоя қилиб шундай дейди: “Мен Раҳмон йўлида рўза тутмоқни назр (аҳд) қилганман, бас, бугун бирон инсонга сўзламайман», дегин” [Марям: 26].
Шариатда рўза тушунчаси субҳи содиқдан то қуёш ботгунга қадар рўзани бузувчи амаллардан тийилиш билан Аллоҳ таолога ибодат қилишдан иборат.
Рўзанинг фазилати:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аллоҳ азза ва жалла деди: “Одам боласининг барча амаллари ўзи учун. Бундан рўза истисно бўлиб, у фақат Мен учун (яъни унинг тутган рўзасида риё йўқ, бу рўза ажр-савобининг миқдори фақат Менгагина маълум) ва унинг эвазига Ўзим мукофот берурман”. Рўза қалқондир. Агар биронтангиз рўзадор бўлса беҳаё сўзлар гапирмасин, талашиб-тортишмасин ва бақир-чақир қилмасин. Борди-ю, биронта у билан сўкишса ёки ёқалашмоқчи бўлса, у ҳолда: “Мен рўзадорман”, –десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан тарқаган ёқимсиз ҳид Аллоҳ наздида мушк ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадор учун иккита хурсандчилик бор; бири оғиз очганда хурсанд бўлса, иккинчиси Раббисига йўлиққанда рўзаси билан хурсанд бўлади”[1].
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Жаннатда Райён деган бир эшик бор. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорларгина кирадилар. Улардан бошқа ҳеч кимса бу эшикдан кирмайдилар. (Қиёмат кунида): “Рўзадорлар қани?”, –дейилади. Шунда рўзадорлар ўринларидан турадилар. Бу эшикдан улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. Улар кириб бўлгач бу эшик ёпилади ва бошқа ҳеч ким кирмайди”. Имом Ибн Хузаймадаги бир ривоятда шундай дейилади: “…уларнинг охиргиси кириб бўлгач (бу эшик) ёпилади. Кирган одам сув ичади, сув ичган кимса асло чанқамайди”[2].
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Рўза ва Қуръон қиёмат кунида бандага шафоат қилади. Рўза дейди: “Эй Раббим, мен уни таом ва шаҳватдан ман қилдим. Шундай экан, мени унга шафоатчи қил”. Қуръон дейди: “Мен уни кечаси уйқудан ман қилдим. Шундай экан, мени унга шафоатчи қил”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Шундан сўнг иккиси шафоат қилади”[3].
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Қайси банда Аллоҳ таоло йўлида бир кун рўза тутса, албатта шу бир кунлик рўзаси туфайли Аллоҳ унинг юзини етмиш йил дўзахдан йироқ қилади”[4]. Рўзанинг фазилати тўғрисида бундан бошқа ҳам талай ҳадислар мавжуд.
[1] Бухорий (1904), Муслим (1151), Термизий (764), Насоий (163) ва Ибн Можа (1638) ривоят қилганлар.
[2] Бухорий (1896), Муслим (1152), Термизий (765), Ибн Можа (1640), Насоий (4\168) ва Ибн Хузайма (1902) ривоят қилганлар.
[3] Саҳиҳ, Имом Аҳмад (2\174), Табароний “Кабир”да, Ибн Абуд Дунё ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳадис ҳақида Ҳоким: “Муслим шартига мос саҳиҳ ҳадис” деган ва Шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ деган. “Саҳиҳул жомеъ” (3882) асарига қаранг.
[4] Бухорий (1898), Муслим (1079), Термизий (1622) ва Насоий (4\173) ривоят қилишган.