Дард ва даво (7): Ҳаром луқма дуонинг кучини кетказади

0

Ҳаром луқма ейиш ҳам дуонинг кучини кетказади ёки унинг таъсирини заифлаштиради.

Имом Муслим “Саҳиҳи”[1]да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Эй инсонлар, Аллоҳ пок зот ва пок нарсаларнигина қабул қилади. Аллоҳ таоло Пайғамбарларни нимага буюрган бўлса, мўминларни ҳам шунга буюрди. Аллоҳ таоло айтади:Эй Пайғамбарлар, ҳалол-пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Мен сизларнинг қилаётган амалларингиздан бохабарман” [Мўъминун: 51]. Бошқа оятда: “Эй иймон келтирганлар, Биз сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар” [Бақара: 172], дейди”. Сўнг Пайғамбаримиз бир кишини зикр қидилар. У узоқ сафар қилади, ҳатто сочлари тўзиб, уларни ғубор қоплайди. Сўнг қўлларини осмонга кўтариб: “Ё Раббим, Ё Раббим”, дея дуо қилади. Ҳолбуки, унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаром еб вояга етган. Унинг дуоси қандай қабул бўлсин!”.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўғли Абдуллоҳ отасининг “Зуҳд”[2] китобида зикр қилишича, Бани Исроилнинг бошига бир кулфат тушади. Улар бир ерга (дуо илтижо қилиш мақсадида) тўпланишади. Шунда Аллоҳ таоло уларнинг пайғамбарига қуйидагиларни етказишини ваҳий қилиб айтади: “Ифлос таналарингиз билан бир тепаликка чиқиб, қон тўккан ва уйларингизни ҳаромга тўлдирган қўлларингизни кўтариб, Менга дуо қилмоқдасизлар. Эндими?! Сизларга ғазабим кучайган пайтдами?! Энди сизлар Мендан (яъни раҳматимдан) фақат узоқлашиб бораверасизлар”.

Абу Зар розияллоҳу анҳу айтади: “Таомга қанча туз керак бўлса, яхши амалларга ҳам шунча дуо керакдир[3].

[1] (Саҳиҳ) Муслим: 1015.
[2] Ушбу ривоятни Абу Довуд ҳам “Зуҳд”, (13)да нақл қилган.
[3] Аҳмад, “Зуҳд”, (788) ва Ибн Муборак, “Зуҳд”, (319).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг