Муҳаддислар: Имом Ибн Хузайма (2)

0

Тақвоси ва зуҳди:

Абу Усмон Ҳийрий айтади: “Ибн Хузайма бизга шундай деди: “Мен бирон китоб ёзмоқчи бўлсам, то бу иш кўнглимга ўтиргунча истихора намози ўқир, сўнг китоб ёзишга тушар эдим[1].

Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар айтади: “Ибн Хузаймадан: “Шунча илмни қандай таҳсил олдингиз?”, деб сўрашди. У: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:Замзам суви нима ниятда ичилса, Аллоҳ ўша ниятга етказади”. Дарҳақиқат, мен замзам сувини ичишда Аллоҳдан фойдали илм ато қилишини сўраганман”, деб жавоб берди”[2].

Абу Бакр ибн Болавайҳ айтади: “Ибн Хузаймага: “Сочингизни ҳаммомда қирдириб олсангиз яхши бўларди”, деб айтишди. Шунда у: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир бор бўлса ҳам ҳаммомга кирганлари ва сочларини қириб олганлари ҳақида бирон саҳиҳ ҳадис нақл қилинганини билмайман. Менинг сочимни чўри аёлим қайчи билан қисқартириб қўяди”, деб жавоб берди”[3].

Айрим одамлар Ибн Хузаймага: “Ясан-тусан (тўй-ҳашамлар) учун битта кийим олсангиз бўларди”, деб таклиф билдиришди. У эса: “Эсимни таниганимдан бери менда иккитадан ортиқ кийим бўлмаган”, дея бу таклифни рад этди”[4].

Абу Аҳмад Доримий айтади: “Ибн Хузайманинг икки кийими бўлиб бирини устида кийиб юрар, иккинчиси эса тикувчида турар эди. Кийиб юрган кийимини ечса, ҳадя қилиб юборар, кейин тикувчидан бориб иккинчи кийимини олиб келишар эди”.

Қўли очиқлиги ва сахийлиги

Ибн Хузайма роҳимаҳуллоҳ сахийлиги ва қўли очиқлиги билан одамлар орасида машҳур эди. Ҳатто эгнидаги кийимини ҳам садақа қилиб юборадиган, қўлидаги мол-дунёнинг қанчалигига қарамай эҳсон қиладиган олийжаноб зот эди.

Ибн Хузайманинг невараси Муҳаммад ибн Фазл айтади: “Бобом Абу Бакр топганини ҳечам жамғармас, балки аҳли илмларга улашар эдилар. Бобом тарози тоши нима эканини билмас, ўн билан йигирма (динор ё дирҳам)ни фарқига бормас эдилар[5].

Имом Ибн Хузайма роҳимаҳуллоҳ бир куни жуда катта дастурхон ёзиб, унга бою камбағалларни чақиради. Дастурхонга шаҳардаги барча таомларни, қовурилган гўштларни ва ширинликларни олиб келтиради. Жуда кўп одам йиғилгани билан эсда қоларли кун бўлади. Бундай зиёфат уюштириш фақат бадавлат подшоҳларнинг қўлидан келарди[6].

Ҳоким Абу Абдуллоҳ роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу воқеа уч юз тўққизинчи йили жумодал увло ойида бўлган эди[7].

Шижоати ва журъати

Ибн Хузайма роҳимаҳуллоҳ шижоатли, журъатли, Аллоҳ йўлида бировнинг маломатидан қўрқмайдиган, амиру подшоҳлардан ҳайиқмайдиган жасур инсон эди. Қуйидаги воқеа бунга яққол мисол бўлади:

Абу Бакр ибн Болавайҳ айтади: “Ибн Хузайманинг шундай деганини эшитдим: “Бир куни амир Исмоил ибн Аҳмаднинг ҳузурида ўтирган эдим. У отасидан бир ҳадис ривоят қилиб, ҳадис санадида хатога йўл қўйди. Шунда унинг бу хатосини тўғриладим. Амирнинг ҳузуридан чиққанимиздан сўнг қози Абу Зар менга деди: “Амир бу ҳадис санадида хатога йўл қўйганини йигирма йилдан бери билардик, лекин ҳеч биримиз уни тўғрилашга ботина олмасдик”. Мен унга дедим: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисида хатога йўл қўйилганини ёки ҳадис мазмуни ўзгартирилганини эшитиб, уни тўғриламаслигим менга ҳаром бўлади”.

Фиқҳдаги мазҳаби:

Ибн Хузайма роҳимаҳуллоҳ Исмоил ибн Яҳё ибн Исмоил Музаний ва Рабеъ ибн Сулаймон Муродий каби имом Шофеийнинг катта ва етук шогирдлари қўлида фиқҳ илмини ўрганади ва замонасининг мужтаҳид фақиҳ олимларидан бирига айланади. “Саҳиҳ” китобига назар солган ҳар бир инсон унинг нақадар буюк фақиҳ олим бўлганини англаб етади.

Ибн Хузайма роҳимаҳуллоҳ асосан Пайғамбаримиз ҳадисларини ёдлаш ва жамлашга кўпроқ аҳамият қаратгани боис бошқа фанларга қараганда ҳадис фанида кўпроқ шуҳрат қозонган.

Шогирдлари:

Ибн Хузайма роҳимаҳуллоҳ талай буюк олимларга устозлик қилган. Ҳадис илмида ўта моҳир ва ишончли олимлардан бири бўлгани боис, имом Бухорий, имом Муслим ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳакам каби ўзининг устозлари ҳам Ибн Хузаймадан ҳадислар ривоят қилишган. Ҳадис фанидан хабардор ҳар бир инсон яхши биладики, устоз шогирдидан ҳадис ривоят қилиши ўша шогирдни ўз устози мақомига қўйиши демакдир.

Ҳам ҳадис, ҳам фиқҳ, ҳам ақида илмида замонасининг тенгсиз олими бўлган имом Ибн Хузайма роҳимаҳуллоҳ шогирдлари орасидан кўплаб етук олим ва имомлар етишиб чиқади. Шу боис унга имомлар имоми, яъни олимлар устози деб ном берилади.

Ибн Мокула айтади: “Ибн Хузайманинг ҳамшаҳарлари (яъни найсобурликлар) уни имомлар имоми деб номлашар эди[8].

Халилий айтади: “Аҳли Машриқ Ибн Хузаймани имомлар имоми деб номлашга иттифоқ қилишган[9].

Қуйида имомлар имомининг энг машҳур шогирдларидан айримларини зикр қиламиз:

1 – Абу Али Сақафий (ҳижрий 328 йилда вафот этган). Хуросон диёрига дастлаб шофеий мазҳабини олиб кирган буюк олим. Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ уни васфлаб шундай деган: “Имом, муҳаддис ва фақиҳ олим, аллома, зоҳид, обид ва Хуросон олими[10].

2 – Абу Бакр Сибғий (ҳижрий 342 йилда вафот этган). Абу Бакр Сибғий Ибн Хузайманинг фатводаги ўринбосари эди. Имом Ҳоким роҳимаҳуллоҳ у ҳақда шундай деган: “Найсобурда эллик етти йил яшаган бўлса, бирон масалада хато фатво бергани кўрилмаган”[11].

3 – Абу Ҳотим ибн Ҳиббон Бустий (ҳижрий 354 йилда вафот этган). Буюк муҳаддис олим. “Саҳиҳ”, “Сиқот” (Ишончли ровийлар тўплами), “Мажруҳун” (Ишончсиз ровийлар тўплами), “Равзатул уқало” ва бошқа бебаҳо ва фойдали китоблар муаллифи.

4 – Абу Аҳмад Абдуллоҳ ибн Адий (ҳижрий 365 йилда вафот этган). Замонасининг муҳаққиқ муҳаддис олими. Абу Яъло Халилий айтади: “Абу Аҳмад ҳифзу хотира ва улуғликда тенги йўқ олим эди[12].

Шунингдек, Аҳмад ибн Муборак Мустамлий, Абу Али Найсобурий, Абу Ҳомид, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Болавайҳ, Абу Бакр Аҳмад ибн Меҳрон ва бошқа талай етук олимлар ҳам унинг қўлида таҳсил олишган.

Ёзган китоблари:

Имом Ҳоким роҳимаҳуллоҳ айтади: “Имомлар имоми Ибн Хузайма ёзган китобларнинг сони юз қирқтадан ортиқдир…[13].

Минг афсуслар бўлсинким, тарих мобайнида юз берган жанглар ва турли ҳодисалар туфайли бу буюк имомнинг юзлаб китоблари йўқолиб, улардан саноқлиларигина бизгача етиб келган. Ҳозирги кунимизда мавжуд китоблари “Тавҳид”, “Саҳиҳ” (бу китоб ҳам тўлиғича эмас, балки тўртдан биригина мавжуд) ва “Дуонинг ўрни ва Пайғамбаримиздан келган дуолар шарҳи” номли китоблардир.

Ибн Хузайма роҳимаҳуллоҳнинг “Тавҳид” ва “Саҳиҳ” китобларига назар солган киши унинг бошқа яна қандай китоблари бўлганини билиб олиши мумкин. Чунки у бир қанча ўринларда ўзининг бошқа китобларига ишора қилиб ўтади.

Масалан, “Тавҳид” китобининг 728 бетида бир мавзу ҳақида сўз юритиб шундай дейди: “Дарҳақиқат, биз бу мавзуни “Маонил Қуръон” ва “Муснад фил фиқҳ” китобларимизда баён қилиб ўтдик”. Ушбу сўзлардан аён бўладики, Ибн Хузайманинг “Маонил Қуръон” (Қуръон маънолари) ва “Муснад фил фиқҳ” номли китоблари ҳам бўлган экан.

Вафоти:

Имомлар имоми Ибн Хузайма роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 311 йилининг зулқаъда ойида 89 ёшида оламдан ўтади.

Аллоҳ таоло имом Ибн Хузаймани Ўз раҳматига олсин, Пайғамбаримиз суннатини ёйиш ва ҳимоя қилиш йўлида кўрсатган жонбозликлари учун жаннатнинг олий даражалари билан мукофотласин, қиёмат куни Ибн Хузаймани, шу қаторда бизларни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир сафда жамласин ва у зотнинг қўлидан Ҳавзи Кавсардан сув ичишни насиб қилсин. Омин.

[1] “Сияри аъломин нубало”, (14\369).
[2] “Сияри аъломин нубало”, (14\370).
[3]  Собиқ манба.
[4]  “Тарихи Ислом” (7\243).
[5] “Сияри аъломин нубало”, (14\370).
[6] “Сияри аъломин нубало”, (14\378) ва “Тазкиратул ҳуффоз”, (2\725).
[7] “Табақоти шофеия”, (3\119).
[8] “Икмол” (3/243).
[9] “Иршод” (3\831).
[10] “Сияри аъломин нубало” (15\280).
[11] “Табақоти шофеия” (3\10).
[12] “Сияри аъломин нубало” (16\150).
[13] Субкий, “Табақоти шофеия” (3\188).

Изоҳ қолдиринг