Бола тарбиясига оид кўрсатмалар (3)

0

Салафларда бола тарбияси

Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, ўзларингизни ва оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангиз (Таҳрим, 6).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ҳар бирингиз раҳбардирсиз. Ҳар бирингиз қўл остингиздагилар ҳақида сўраласизлар” (Муттафақун алайҳ).

Юқоридаги оят ва ҳадисдан келиб чиққан ҳолда салафи солиҳлар ёшлар тарбиясига катта эътибор бердилар. Бу эътибор уларнинг болаларга тааллуқли муносабатларидан, фикрларидан ва муваффақиятли тарбияларидан очиқ-ойдин кўриниб туради. Сўзимизни исботи ўлароқ, қуйида салафи солиҳлар ҳаётидан намуналар келтирамиз:

Биринчидан: ёшларни ибодатли қилиб тарбиялаганлари

Салафи солиҳлар ёшларни тавҳид, намоз ва рўза каби ибодатлар асосида тарбия қилишар эди. Улар болаларга даставвал «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни ўргатар эдилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Фарзандларингизнинг намоз ўқишига эътибор қаратинг, сўнг уларни яхши ишларни қилишга одатлантиринглар. Зеро, ибодат одатланиш билан ҳосил бўлади»[1]. Урва ибн Зубайр роҳимаҳуллоҳ фарзандлари қодир бўлсалар, рўза тутишга, ақллари кирганда эса намоз ўқишга буюрар эди[2].

 Дарҳақиқат, намоз ўқигани учун фарзандларга совға улашиб, уларни руҳлантириб туришнинг зарари йўқ. Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қилишича, улар рамазон ойида биргаликда намоз ўқиш учун ёш болаларни мактабдан олиб келишар ва бунинг учун уларга тансиқ таомлар бериб рағбатлантиришар эди[3]. Баъзи салафлар намоз ўқишгани учун болаларни олқишлаш учун уларга совғалар беришар эди. Бухорий ва Муслим Рубаййеъ бинти Муаввиздан ривоят қилишади: «Биз кейинчалик (ошуро куни) рўзасини тутиб, болаларимизга ҳам рўза туттирар эдик. Уларга жундан ўйинчоқ ясаб берар, агар биронтаси овқат деб йиғласа, ифтор пайтигача ўйнаб, овуниб туриши учун қўлига ўша ўйинчоқни тутқазар эдик»[4].

Иккинчидан: ўзлари болаларга ўрнак бўлиб тарбия қилишлари

Ибн Жавзий баъзи устозларининг илмидан кўра йиғисидан кўпроқ таъсирланганини зикр қилган. Утба ибн Абу Суфён ўғлининг муаллимига шундай деган эди: «Ўғлимни тарбия қилишни ўзингни тарбия қилишдан бошла. Чунки болаларнинг кўзлари сенда бўлади. Улар учун сен қилган иш яхши иш, сен тарк қилган иш эса ёмон иш ҳисобланади»[5].

Ибн Мискавайҳ тарбия вазифасини хизматкорларга ташлаб қўйишдан огоҳлантирар эди, токи болалар уларнинг ахлоқи ва ишларидан таъсирланиб қолишмасин. Айниқса, ҳозирги замонда кенг тарқалганидек, хизматкорлар динни маҳкам тутмаган ёки ғайридинлардан бўлишса, хатар янада ортади. Ушбу муҳим жиҳатга енгил қараш ортидан қанчадан-қанча ёшларнинг тарбияси бузилиб, ёмон йўлларга кириб кетгани ҳақидаги воқеа-ҳодисаларнинг адоғи йўқ.

(Давоми бор)

[1] Табароний, “Мўъжамул кабир”да (8/165/9054), Байҳақий “Сунани кубро”да (3/84/5297) ривоят қилишган. Ҳасан ҳадис.

[2] Ибн Абуд-Дунё “Ал-иёл”да (1/470), Абдураззоқ (7293) ривоят қилишган.

[3] Байҳақий “Сунани кубро”да (2/459) ривоят қилган.

[4] Бухорий (1859), Муслим (1136) ривояти.

[5] Ибн Абуд Дунё “Ал-иёл”да (1/470) ва Абдурраззоқ “Мусаннаф”да (7293) ривоят қилишган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг