Қадимги хаворижлар ва бугунги ИШИД: ўртадаги боғлиқлик (10)

0

22) Тор фикрлашади

Тарихдан:

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ хаворижлар ҳақида шундай дейди: “Бу турдаги инсонлар одамзотнинг энг ғаройиб навларидан бири ҳисобланади. Субҳаналлоҳ, Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи хоҳлаганидек турфа хил қилиб қўяркан! Бундай инсонлар чиқиши тақдирда битилган иш экан. Баъзи салафларнинг фикрича, “Уларга айтинг: “Мен сизларга энг зарар кўрган инсонлар ким эканини айтайми? Улар ўзларини энг яхши амал қилувчи деб ўйлайдиган, ваҳоланки, уларнинг қилган амаллари шу дунёнинг ўзида пучга чиққан инсонлардир” (Каҳф: 103-104) оятидан хаворижлар назарда тутилган. Уларнинг гаплари жуда ҳам тўғри[1].

Бугунги кундан:

Нафақат ИШИДга эргашган оддий одамлар, балки уларнинг раҳнамолари билан гаплашсангиз, очиқ далиллар билан содир бўлаётган воқеаларни тушунтирсангиз, бирон жўяли жавоб бериш ўрнига ўша сийқаси чиққан “Исломий давлат абадий қолади!”, “Ғазабдан ўлинглар!”, деган гапларини такрорлашади. Ҳақиқатдан ҳам Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ жуда тўғри айтган, бундай инсонлар одамзотнинг энг ноёб турларидандир.

Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар эътиқод қилган масалаларида, гарчи бу эътиқод уларни абадий ҳалокат сари бошласа ҳам, ҳеч ақлларини ишлатмаганлар. Бугунги ИШИД ҳам қилаётган ишларининг оқибатини ўйлаш ўрнига тўтиқуш каби бошлиқларининг гапларини такрорлайдилар.

23) Ўзаро бўлиниб кетишади ва бир-бирларини кофирга чиқаришади

Тарихдан:

Нофеъ ибн Азрақ Абдуллоҳ ибн Ибоз ҳамда Абдуллоҳ ибн Саффорга мактуб йўллаб, мусулмонларнинг жонларию молларини ҳалол санашини айтган. Шунда Ибн Ибоз: “Аллоҳга қасамки, Ибн Азрақ ёлғон гапирибди. Тўғри, улар кофир, лекин бизга фақат уларнинг жонлари ҳалол, бундан бошқаси бизга ҳаром”, деган. Буни эшитган Ибн Саффор: “Аллоҳнинг ҳукмидан чиқдинг, чунки енгил қарадинг. Ибн Азрақ ҳам Аллоҳнинг ҳукмидан чиқди, чунки у чуқур кетди. Иккаланг ҳам Аллоҳнинг ҳукмидан чиқдинглар”, деди. Ибн Ибоз ҳам: “Сен ва Ибн Азрақ Аллоҳнинг ҳукмидан чиқдинглар”, деди ва шу тариқа улар бўлиниб кетдилар[2].

Бугунги кундан:

ИШИДни ҳам икки тоифага бўлиниб кетганини кузатишимиз мумкин. Бири ҳозимийлар, иккинчиси эса банъалийлар. Бу икки тоифа бир-бирини кофир деб эътиқод қилади.

Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан ўзаро бўлиниб, бир-бирларини кофирга чиқариб, ўзаро жанг қила бошлаганлар. Бугунги ИШИД ҳам тоифаларга бўлиниб, бир-бирини кофирга чиқармоқда.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳақда собит қадам қилсин, хаворижлар каби залолат ботқоғига ғарқ бўлишдан Ўзи асрасин!

[1]“Ал-бидоя ван ниҳоя” (7\286).
[2]“Ал-комил фит тарих” (2\209) ҳамда “Тарихул умам” (3\399).

Изоҳ қолдиринг