Охирги қаъдада дуо қилиш (2)

0

Юз ўн тўққизинчи ҳадис

عَنْ عبدِ الله بن عَمْرو بن العاص عَنْ أبي بَكْر الصدِّيقِ رضىَ الله تَعَالَي عَنْهُمْ: أَنَّهُ قَالَ لِرَسُولِ الله صلى الله عليه وسلم عَلِّمْني دُعَاءً أدْعُو بِهِ في صَلاَتي. قَالَ: ” قُلْ: اللَّهُم إني ظَلَمْتُ نَفْسي ظُلْما كَثِيراً، وَلاَ يَغْفرُ الذُّنُوبَ إِلاَّ أنْتَ، فَاغْفِر لي مَغْفِرَةً مِنْ عِنْدِكَ، وَارْحَمْني إِنَّك أنْتَ الغَفُور الرَّحِيمُ “.

 

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Намозимда айтадиган бирон дуо ўргатинг”, деди. Пайғамбаримиз: “Аллоҳумма инний золамту нафсий зулман касийрон, ва лаа яғфируз-зунууба иллаа анта, фағфир лий мағфиротан мин индика варҳамний, иннака антал ғофурур-роҳийм”, дегин”, дедилар” [Бухорий: 834 ва Муслим: 2705].

Дуо маъноси: “Ё Аллоҳ, гуноҳлар қилиб мен ўз жонимга кўп зулм қилдим. Шубҳасиз, гуноҳларни Сендан ўзга ҳеч ким кечира олмайди. Шундай экан, Ўз мағфиратинг ила гуноҳларимни кечир ва менга раҳм қил. Зеро, Сен Ғофур (кечирувчи) ва Раҳийм (меҳрибон) зотсан”.

Шарҳ:

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намозда айтиладиган бирон дуо ўргатишини сўраганда у зот мазкур фойдали дуони тавсия қилдилар. Зеро, мазкур дуода дуо ижобат бўлишига ёрдам берадиган сабаблар мужассамдир.

Ушбу дуо банда ўз жонига кўп зулм қилгани ва Аллоҳнинг ҳаққини тўкис адо этолмаётганини эътироф қилиш билан бошланади ва унда гуноҳларни кечириш ва беркитиш, шунингдек, бандаларга яхшилик қилиш Аллоҳдан бошқанинг қўлидан келмаслиги айтилади. Бу сўзлар дуонинг иштиёқ билан ва чин кўнгилдан чиқаётганини акс эттиради. Бундай таъсирли василалар (ялиниб-ёлворишлар)дан сўнг ёлғиз Аллоҳдан гуноҳларни кечириши сўралади. Чунки Аллоҳдан ўзга ҳеч ким гуноҳларни кечиришга қодир эмас ва Ундан бошқа гуноҳларни кечирувчироқ зот йўқ. Мазкур дуода Аллоҳдан гуноҳларни яшириш ва хато-камчиликлардан ўтиш сўралади. Сўнг барча яхшиликларнинг асоси бўлган Аллоҳнинг раҳмати сўралади. Дуо Аллоҳнинг улуғ сифатларини ўртага қўйиб сўраш ила якунлади. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларга, хусусан, Унга юзланиб, илтижо қилган бандаларига лутф кўрсатиш учун кечирувчанлик ва меҳрибонлик сифатлари билан сифатланган.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Намозда мазкур дуони айтиш мустаҳабдир.

2 – Мазкур дуо ўта гўзал ва иборалари бир-бирига ўта муносиб дуодир. Санъоний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу дуодаги сўзлар гўзал тартибда тизилгани кўриниб турибди. Пайғамбаримиз дуони дастлаб Яратганга муножот қилиш ва Ундан кўмак сўраш, сўнг гуноҳларга иқрор бўлиш билан бошлашни айтдилар. Зеро, гуноҳга иқрор бўлиш гуноҳ кечирилишининг яқин йўлидир. Сўнг Аллоҳнинг тавҳидига иқрор бўлиш ва гуноҳларни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким кечирмаслигини эътироф этиш кераклигини айтдилар. Зеро, ҳар қандай эҳтиёжни фақат Аллоҳдан сўраш дуонинг қабул бўлишига яқинроқ бўлади. Сўнг дунё ва охират ишларининг барчасини қамраб олган Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратини сўрашни ва дуони мазкур Аллоҳнинг икки исми билан тугатишни айтдилар”.

3 – Дуо қилмоқчи бўлган ҳар бир одам дуо бошида ўзининг ожизлиги, камчиликка йўл қўяётганини ва ўзига зулм қилганини эътироф этишини айтиши, сўнг Аллоҳ таолога қуч-қудратли зот экани билан мақтов айтиши, сўнг ўзининг эҳтиёжини сўраши, сўнг дуо мазмунига муносиб Аллоҳнинг гўзал исм ва сифатлари билан якунлаши мақсадга мувофиқдир.

4 – Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўта фаросатли инсон эди. Негаки, намоз дуолар ижобат бўладиган жой эканини билиб, ўзига Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай улуғ жойда айтадиган дуо танлаб беришини сўради.

5 – Ибн Дақиқ Ийд роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу дуони саждадан ёки ташаҳҳуд дуосидан кейин айтиш муносиб бўлса керак. Зеро, шариатимиз бу икки ўринда кўп дуо қилишга буюрган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Саждада бўлса, кўпроқ дуо қилишга ҳаракат қилинглар”. Қаъда ҳақида шундай деганлар: “Ташаҳҳуд дуосини ўқиб бўлгач, истаган дуосини қилаверсин”. Фокиҳонийнинг фикрига кўра, Абу Бакрдан нақл қилинган ушбу дуони намознинг мазкур ҳар икки ўрнида айтиш афзалдир.

6 – Ҳадисдаги “Гуноҳларни Сендан ўзга ҳеч ким кечира олмайди” деган сўз шарҳида Ибн Дақиқ Ийд роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ҳадисда мағфиратни сўраш Аллоҳнинг инъоми экани, унга яхши амал қилиш ёки бошқа нарсалар сабабли эришилмаслигига ишора қилинмоқда”.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг