Бола тарбиясига оид кўрсатмалар (7)

0

Ёшларнинг бузилиш сабаблари

(давоми)

ОАВнинг салбий таъсири

«ОАВ» каттаю кичик барча одамларнинг ақлига салбий таъсир ўтказади. Ҳозирда телевидения, радио ва шу каби «ОАВ»нинг барчаси одамлар онгини нишонга олади, ёшларнинг майл-истакларига қизғин хитоблар йўллайди. Бунинг ортидан ҳис-туйғулар жунбушга келади, кўнгиллардаги яширин ўйлар қўзғалади. «ОАВ» ёшлар онги ва шахсиятига таъсир ўтказиш учун яроқсиз бўлган кишиларни намуна ўлароқ кўрсатади, натижада, кўпчилик ёшлар ўз маданияти ва шахсиятини ўзи ёқтирган ва хоҳлаган тарзда шакллантиришни бошлаб юборадилар.

Умумий қилиб айтганда «ОАВ» бамисоли икки тиғли қурол бўлиб, у ёшлар учун манфаатли бўлиши ҳам ёки уларнинг бузилишига сабабчи омиллардан бўлиши ҳам мумкин. Бироқ воқелигимизга назар солсак, ОАВ тақдим этаётган материаллар: болалар учун мўлжалланган мултфилмлардан тортиб хорижий детектив, ҳаяжонли ёки қўрқинчли филмлар, ахлоқий бузуқлик, рақс, фоҳишабозлик, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, турли жиноятларга қўл уришни кўрсатиб берувчи ва уларга тарғиб қилувчи телесериаллар, буларнинг барчаси ёшларимизни фикрий ва ахлоқий жиҳатдан бузилишлари учун кенг йўл очиб бермоқда.

Ёшлар ва муҳит

Муҳитнинг инсонга ўзига хос таъсири бор бўлиб, «инсон ўз муҳитининг фарзандидир» деган гап бежиз айтилмаган. Агар инсон фазилат ва гўзал ахлоқ ҳукм сурган муҳитда тарбия топса, фазилат ва ахлоқ билан фахрланадиган инсон бўлиб етишади. Агар у ахлоқий ва фикрий заҳарлар билан тўйинган муҳитда яшаса, у ҳам шундай бўлади. Зеро, инсон таъсир кўрсатувчи ва таъсирланувчи бўлган мавжудотдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳар бир гўдак албатта тоза фитратда (яъни Ислом фитратида) туғилади. Лекин ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий қилади…»[1].

Инсон табиати яхшилик ва ёмонлик учун бирдек яроқли бўлиб, унда тўғриликни ҳам, эгриликни ҳам қабул қилиш учун салоҳият бор. Муҳит эса бу салоҳият учун йўл очади, уни қўллаб-қувватлайди.

Фазилатлар билан суғорилса гар,

Ўсимлик мисоли унар ахлоқлар.

Боғбон парвариши бўлганда гўзал,

Фазилат поясида мева берар!

[Маъруф Русофий]

Ёшлар учун энг катта хатар руҳий ва ахлоқий саросималар, ваҳималар ва изтироблар ҳукм сурган муҳитда яшаш. Бу муҳит уй ёки кўча муҳити бўлишидан қатъи назар, ўз доирасида ёшларга салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли кўп тарбиячиларнинг фикрича, инсон учун унинг ўсмирлик пайтидан бошлаб аввало уйда, сўнг уйдан ташқарида: мактаб ва кўчада соғлом муҳит яратиб бериш зарур бўлади. Чунки инсон ўзи яшаётган муҳитдан албатта таъсирланади. Уй, мактаб ва кўча инсон ўз ҳаётининг аксар қисмини ўтказадиган муҳит ҳисобланиб, агар бу жойлардаги муҳит соғлом бўлса, инсон ҳар жиҳатдан соғлом бўлиб вояга етади.

Юқорида зикр қилганларимиз ёшларнинг бузилишига олиб борадиган баъзи сабаблар бўлиб, уларнинг хатаридан эҳтиёт бўлиш, уни бартараф этишга киришиш, ёшлар ва тарбиячилар ундан огоҳ бўлишлари учун келтириб ўтдик.

[1] «Саҳиҳи Бухорий», 1385.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг