Руку ва саждада айтиладиган дуо

0

Юз йигирманчи ҳадис

عَنْ عَاِئشَةَ رضيَ الله عنْهَا قَالت: مَا صَلَّى النبيُّ صَلَّى الله عَلْيهِ وَسَلّمَ صَلاَةً بَعْدَ أن نَزَلَت عَلَيْهِ “إِذَا جاء نَصر الله وَالْفَتحُ“، إلا يَقُولُ فِيهَا: “سُبْحَانَكَ اللهم رَبّنَا وَبَحمْدِكَ، الَلهُم اغفر ْلي”.

وفي لفظ: كانَ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم يُكْثِر ُأنْ يَقُولَ في رُكوعِهِ وَسجُودِهِ: “سُبْحَانَكَ اللهُمَّ رَبّنا وَبِحَمْدِك، اللهُمَّ اغْفِرْ لي”.

 

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: Аллоҳнинг нусрати келса ва Макка фатҳ қилинса” (оятлари) нозил бўлгандан сўнг ҳеч бир намозни: “Субҳаанака Аллоҳумма Роббана ва биҳамдик. Аллоҳуммағфир лий”, демай ўқимадилар” [Бухорий: 794 ва Муслим: 484].

Бошқа бир ривоятда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам руку ва саждада:Субҳаанака Аллоҳумма Роббана ва биҳамдик. Аллоҳуммағфир лий”, деб кўп айтар эдилар” [Муслим: 484].

Дуо маъноси: “Ё Аллоҳ, Ўзинг барча айбу нуқсондан пок Зотсан. Раббимиз, Сенга ҳамду сано айтаман. Ё Аллоҳ, мени мағфират қил”.

Шарҳ:

Наср сураси Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотидан бироз олдин нозил қилинган бўлиб, бу суранинг нозил қилиниши Пайғамбаримизнинг вафоти яқинлашганини англатарди. Ойша розияллоҳу анҳонинг айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу сура нозил бўлгандан сўнг ундаги оятларни амалда татбиқ қила бошлаганлар. Зеро, Аллоҳ таоло бу сурада Макка фатҳ бўлиб, исломий шаҳарга айланса ва одамлар Аллоҳнинг дини ва шариатини таниб, унга мажбурланмай, балки ўз хоҳиш-иродалари ила кира бошласалар, ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатни ва зиммасига юклатилган омонатни етказган ва Аллоҳ буюрган вазифани амалга оширган, энди мазкур вазифани истиғфор, тасбеҳ ва Аллоҳга йўлиқишга тайёрланиш билан якунлашдан бошқа иш қолмаган бўлади.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам руку ва саждаларида: “Субҳаанака Аллоҳумма Роббана ва биҳамдика. Аллоҳуммағфир лий”, деб кўп айтар эдилар. Ушбу сўзларда Аллоҳ таолони айбу нуқсонлардан пок деб билиш билан бирга Унга мақтовлар айтиш ҳам жамлангандир. Инсон Аллоҳнинг мана шундай улуғ сифатларини васила қилиб (ўртага қўйиб) дуо қилгач, Аллоҳдан мағфират сўрайди. Зеро, Аллоҳ таоло тақво қилинишга ҳақли ва мағфират қилувчи зотдир.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Мазкур дуони руку ва саждада кўп айтиш мустаҳаб саналади.

2 – Ибодатларни ва айниқса намозни унда йўл қўйилган камчиликларни тўлдириш учун истиғфор айтиш билан якунлаш мақсадга мувофиқдир.

3 – Дуо қабул бўлиши учун ўртага қўйиб сўраладиган энг афзал восита Аллоҳнинг мақтовли сифатларини зикр қилиш ва У зотни ҳар қандай айбу нуқсонлардан поклашдир.

4 – Ибодат қилиш асносида Аллоҳни ҳар қандай айбу нуқсонлардан поклаб, истиғфор айтиш ила банда қилган ибодатини сақлаб қолишга ҳаракат қилган бўлади. Зеро, ибодат қилган одам унда хато-камчиликка йўл қўймадим, деб хотиржам бўлмаслиги лозим.

5 – Истиғфор фазилатли амал бўлиб, банда ҳамиша истиғфор айтишга интилиши лозим.

6 – Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ зикр қилишича, имом Аҳмаддан нақл қилинган машҳур ривоятга кўра, намозда фақат Пайғамбаримиздан нақл қилинган дуоларни айтиш лозим. Пайғамбаримизнинг ташаҳҳуддан сўнг “Истаган дуосини қилаверсин”, деб айтган сўзларини эса: “Ҳадисларда келган дуолардан истаганини танлаб айтаверсин” дея изоҳлаган. Шунга кўра, намозда айтиш мустаҳаб бўлган дуолар Пайғамбаримиз ҳадисларида келган дуолардир. Аммо намозхон айтаётган дуосининг муҳтаҳаблигини билмасдан (яъни унинг ҳадисларда келганини билмай туриб) ёки жоиз-у, лекин мустаҳаб бўлмаган (яъни ҳадисларда келмаган) дуоларни айтса намози бузилмайди. Зеро, бу каби ҳолатлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида ҳам айрим саҳобалардан содир бўлган, лекин у зот уларга эътироз билдирмаганлар. Балки унда ажр-савоб бўлмаслиги ҳақида хабар берганлар.

Фойда:

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Намоздан кейин имом ва муқтадийлар биргалашиб дуо қилишларига келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз намозлардан кейин муайян зикрларни айтганлари нақл қилинган. Аммо намоз кетидан доимий суратда дуо қилганлари нақл қилинмаган. Намоз кетидан бу кўринишда дуо қилиш мустаҳаблигини айтган айрим кейинги уламоларнинг далилликка яроқли Пайғамбаримиздан нақл қилинган бирон ҳадислари йўқ. Уларнинг суянган далили ақлий далил холос. Уларнинг фикрича, аслида шариатимиз дуо қилишга тарғиб қилган. Намоз якунлангандан кейинги вақт дуо ижобат бўлишига яқин ўринлардан биридир. Шу сабабли бу вақтда дуо қилиш мустаҳабдир. Аммо улар айтаётган бу маънони шариатимиз ҳам намоз ичида эътиборга олган. Зеро, намозни якунламасдан туриб намоз охирида дуо қилиш суннат экани мутавотир даражасига етган ва бунга барча мусулмонлар иттифоқ қилишган.

Қолаверса, намоз ўқиётган одам Раббига муножот қилаётган ҳисобланади. Бу ўринда дуо қилиш унинг ҳолатига муносиброқдир. Аммо намоздан кейинги вақт эса Аллоҳга муножот ва дуо қилиш ўрни бўлмай, балки Аллоҳни зикр қилиш ва Унга ҳамду сано айтиш ўрни ҳисобланади”.

Демак, намоздан сўнг мазкур кўринишда дуо қилиш жоиз эмас экан. Шунга кўра, намоздан сўнг дуо учун қўл кўтариш жоиз бўлмайди. Аммо бундан бошқа ўринларда дуода қўл кўтариш масаласига келсак, бунинг жоизлигини кўрсатадиган саҳиҳ ҳадислар келган. Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Пайғамбаримиз дуода қўлларини кўтарганлари талай саҳиҳ ҳадисларда келган”.

Бухорий роҳимаҳуллоҳ “Адабул муфрад” китобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуода қўлларини кўтаргани ҳақида келган бир қанча ҳадисларни зикр қилган.

Санъоний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Пайғамбаримиз истисқо намозида, ҳажда ва бошқа ўринларда дуода қўлларини кўтарганлари ҳадисларда келган. Шунингдек, Қўлларини кўтариб Аллоҳга дуо қилган банданинг қўлини Аллоҳ таоло қуруқ қайтаришдан уялади”, деган ҳадис ҳам дуода қўл кўтариш жоизлигини кўрсатади. Демак, дуода қўл кўтариш аслида жоиз эканида шубҳа йўқ амал саналади”.

Изоҳ қолдиринг