Аллоҳнинг мадади қачон?!

0

   Ҳижрий иккинчи йилнинг ўн еттинчи рамазон куни, мусулмонлар мушрикларга қарши биринчи урушга тайёргарлик кўрмоқда эдилар. Абу Суфён бошчилигидаги Қурайшнинг карвони Шомдан келаётган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу карвонни тўсиш учун саҳобаларни жанга чақирдилар. Бироқ Абу Суфён ўз йўналишини ўзгартириб, бошқа йўлдан юргани боис мусулмонлар карвонни қўлдан бой бердилар. Карвон қутилиб қолган бўлса ҳам, Абу Жаҳл мусулмонларга қарши урушиш фикридан қайтмади ва: “Лотга қасам, биз Бадрга бориб, туялар сўйиб, ароқлар ичиб, у ерда ўйин кулги қилмасдан қайтмаймиз. Токи ҳамма араблар бизнинг чиққанимизни, Муҳаммад карвонни қўлга кирита олмаганини, биз уни ер тишлатганимизни билсинлар ва умрбод биздан қўрқиб юрсинлар”, – деди.

   Икки қўшин Бадр қудуғи олдида жанга киришди. Уруш авжига чиқди, мусулмонларни хотиржам қилиш учун илоҳий мадад етиб келди, мусулмонлар тарафидан фаришталар ҳам жанг қилишди.

   Аллоҳ таоло мўмин бандаларини ғолиб қилган ушбу жанг мусулмонлар учун катта фатҳларнинг бошланиши, кофирларга эса хорлик эшигининг очилиши бўлди.

   Мусулмонлар дин душманларига керакли зарбани бердилар – улардан бу умматнинг фиръавни Абу Жаҳл (Амр ибн Ҳишом) билан бирга етмиштасини ўлдирдилар.

Ғалаба сабаблари

   Бадр жангида қўшинлар куч жиҳатидан тенг эмас эди: қурол-аслаҳа у ёқда турсн, ҳаттоки мушрикларнинг сони ҳам мусулмонлардан бир неча баробар зиёда эди. Шундай бўлсада, мусулмонлар ғалаба қозондилар. Демак, ғалаба қилиш одам сони ёки қурол-аслаҳага боғлиқ эмас, ғалаба Аллоҳнинг қўлида экан.

   Аллоҳ таоло шундай дейди: “Агар сизларга Аллоҳ мадад берса, ҳеч ким сизларга ғолиб бўла олмайди. Бордию сизларни қаровсиз қолдирса, сизларга ундан ўзга ким ҳам мадад берар эди?! Мўминлар фақат Аллоҳга таваккал қилсинлар!” (Оли  Имрон, 160).

   Қўшин Аллоҳга итоат этса ғалаба қозонади, осий бўлса, мағлуб бўлади. Бугунги мусулмонлар ҳам шу тушунчани ўзларига сингдириб олсалар қани эди!

Дўст-душман ақидаси

   Бадр жангида мусулмонлар Аллоҳ йўлида дўст бўлиш ва унинг йўлида душман бўлиш эътиқодини маҳкам тутган эдилар. Шунинг учун ҳам, дин душманларини ўлдиришда қариндошчилик ва қабилачилик уларга тўсқинлик қила олмади. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай дейди: “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган инсонлар Аллоҳ ва расулига қарши чиққанлар билан – гарчи улар ўзларининг оталари ёки ўғиллари ёки оға-инилари ёки қариндошлари бўлсалар-да – дўстлашаётганларини кўрмайсиз. Айнан ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйган…” (Мужодала, 22).

   Бир мушрик келиб, мусулмонлар билан бирга жанг қилмоқчи бўлганида русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:

     Аллоҳ ва расулига иймон келтирасанми?

    – Йўқ.

     Унда қайтиб кетавер, менга мушрикнинг ёрдами керак эмас! (Муслим ривояти).

   Бугунги мусулмонларга шу эътиқод етишмайди. Эртаю кеч биродарлари қатл қилинмоқда, улар эса жимжит! Ёшларимиз ҳамма борада кофирларга тақлиб қилмоқдалар, кофирлардан узоқ туриш қаерда қолди?! Баъзи мусулмонлар бугун  кимни ўзларига дўст тутиш ва кимни дўст тутмаслик кераклигини яхши тушунмайдилар.

Қўмондон ва аскар

   Бу жанг бизга бирдамлик ва мусулмон қўмондон олдида бирлашиш қанчалик муҳим эканини ўргатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу жангни бошқарар эканлар, саҳобалар билан маслаҳатлашар, уларнинг фикрларига қулоқ солар эдилар.

   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадрга келганларида у ердаги биринчи қудуқнинг олдига жойлашмоқчи бўлдилар. Шунда Ҳаббоб розияллоҳу унҳу: “Бу жой урушга ноқулай, олди тарафга ўтиб, барча қудуқларни орқада қолдирайлик ва олди тарафдаги барча қудуқларни кўмиб ташлайлик. Фақат биттасини қолдирайлик. Шунда биз уларга қарши урушганимизда бизда сув бўлади, уларда бўлмайди…”, – деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳаббоб розияллоҳу унҳуга: “Жуда ҳам яхши фикр айтдинг!”, – дедилар ва унинг маслаҳатини қабул қилдилар.

   Мусулмон қўмондонлар ҳам русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб, аскарлар билан маслаҳатлашиши ва уларнинг фикрларини ҳам ҳурмат қилиши лозим.

Дуонинг муҳимлиги

   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уруш бошланишидан олдин кечаси билан ухламай: “Аллоҳим, менга ваъда қилган нусратингни бер! Аллоҳим, агар шу мусулмонлар ҳалок бўлишса, ер юзида ҳеч ким сенга ибодат қилмай қўяди” – дея илтижо қилиб, ёлвориб сўрадилар, ҳатто елкаларидан ридолари тушиб кетди. Бугунги кунда ҳам, мусулмонлар бошларига тушган мусибатлардан қутилиб кетишлари учун тинмай дуо қилишлари керак бўлади.

Бадр асирлари

   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам асирларни қатл қилмай, улардан товон олишга қарор қилдилар. Баъзи асирларни Мадиналик болаларга ўқиш-ёзишни ўргатгани учун озод қилдилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу унҳу ҳам ўқиш-ёзишни Бадр асирларидан ўрганган эди.

   Илм-маърифат мана шунчалик муҳим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам асирларни устоз қилиб, мусулмон болалар таълим олишлари учун асирларнинг лаёқатларидан унумли фойдаланган эдилар.

   Агар бугунги кундаги мусулмон қўмондонлару аскарлар ҳақиқий тақволи ва ахлоқли бўлиб, русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олишганларида, золимлар бирон бир мусулмонга қилчалик ҳам зарар бера олмас, масжидлар ҳам оёқ ости қилинмас эди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг