Бектошийлар тариқати – сўфийлик ва шиалик қоришмасидир (1)

0

Мақоланинг қисқача таърифи:

Ушбу мақолада бектошийлар тариқатининг энг асосий эътиқодлари ва зикрлари, унинг сўфийлик ва шиалик қоришмаси экани ва ушбу эътиқодларнинг энг муҳимлари баён қилинади.

Бектошийлар тариқати сўфийлик либосига бурканиб, аҳли ислом орасида, хусусан Туркиядаги усмоний халифалик пойтахтида қулоч отган энг хатарли шиа ҳаракатларидан бирини ўзида намоён қилади. Уларнинг вирдлари (кундалик ўқиладиган оят, зикр, дуо ва ҳоказолар) ва зикрлари ўз ичига олган шиа эътиқодларига қаралса, унинг соф шиачиликдан иборат эканига шубҳа қолмайди. Энг ажабланарли томони шундаки, ушбу шиалик ақидаси сунний давлат Туркияда, шунингдек, Мисрда ҳам тарқалиб, бу ботиний ақида узоқ асрлар давомида – ҳижрий 8 аср ўрталаридан то бугунги кунимизгача тасаввуф қаноти остида тарқалиб, ўсиб-унишда давом этган. Шундай экан, сўфийлик ва шиалик ўртасида бундан ортиқ яна қандай ўхшашлик ва ўта мустаҳкам боғлиқлик бўлиши мумкин?! Тасаввуф ботиний-шиа эътиқоди ислом диёрларига кириб келган бир йўлак эмасмиди?! Тасаввуф бутун ислом диёрига ҳар қандай фалсафалар, худосиз оқимлар, имонсизлик (зиндиқлик) ва хурофотларнинг барча кўринишлари ўтиб келган бир кўприк эмасмиди?!

Бектошийлар тариқатининг асослари

Бектошийлар тариқати ваҳдатул-вужуд эътиқоди, пирларни илоҳийлаштириш ва уларга сиғиниш, шиаларнинг имомлар борасидаги ақидаси қоришмасидан ҳосил бўлган бир тариқатдир.

Мисрдаги Бектошийлар тариқати машойихларининг шайхи бўлган Аҳмад Сари Бектош (Дада Бобо) ўзининг “Бектошийлар тариқати тарихига оид Аҳмадия рисоласи” номли китобида шундай дейди: “Олий бектошийлар тариқати пок аҳли байтнинг йўлидир, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин” (“Аҳмадия рисоласи”, 67-бет).

Яна айтади: “Барча сўфий тариқатлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг аҳли байтларини муқаддас санашади. Уларнинг муҳаббатида ўта чуқур кетишгани туфайли бошқалар уларни ботинийликда ва ўн икки имомга эътиқод қилишда айблайдилар” (“Аҳмадия рисоласи”, 68-бет).

Яна айтади: “Олий бектошийлар тариқатининг асослари саййидимиз ва мавломиз амирулмўъминин Али каррамаллоҳу важҳаҳу ва у кишининг фарзандлари, набираларидан ўтиб, то бизнинг машойихларимизгача қўлма-қўл бўлиб, авлоддан авлодга ўтиб келган, бизлар эса улардан ушбу улуғ тариқат асосларини олганмиз” (“Аҳмадия рисоласи”, 69-бет).

Ушбу тариқатга тўлалигича Шайхул аъзам Чалабий пирлик қилади ва у Қиршаҳар ва Қайсария орасида, Ҳожибектошдаги асосий “Пир эви” (“Пирлар уйи”) такясида истиқомат қилади. Бу мансаб аслида авлоддан-авлодга қоладиган мансаб эмас, лекин охирги юз эллик йилда отадан болага ўтиб келади. Сўққабош дарвешлардан ташкил топган  қаттиққўл жамоанинг алоҳида пири бўлиб, унга 16-асрдан буён “Мужаррад бобоси” деб ном берилган ва у асосий такяда яшаб келади.

Бектошийлар тариқатининг баъзи эътиқодлари

Ушбу тариқат ўзининг асосий эътиқодларида Кичик Осиё шарқида ва Курдистонда тарқалган бир неча тариқатлар билан бир хил бўлгани ҳолда улардан қатъий низоми билан ажралиб турар эди.

Сўфийликнинг барча динлар аслида тенглиги ҳақидаги фикрлари ва диний ибодатлар борасидаги қарашлари бектоший дарвешлар ақидасидан муҳим ўрин олган ва бу уларнинг таълимотларида ҳам акс этган эди. Улар барча динларни тенг кўрадилар, амаллар ва диний удумларда унчалик катта фойда йўқ, деб ҳисоблайдилар. Уларнинг эътиқодларида ва кундалик юриш-туришларида насронийлик ва бутпарастлик унсурлари мавжуд бўлиб, ҳатто улар насронийлардаги “раббоний кечки овқат”га ўхшаш маросимлар қиладилар, асосий йиғингоҳлари бўлган такя майдонидаги йиғилишларида шароб, нон, пишлоқ тарқатадилар, “Бобо” лавозимли шайхларига ўз гуноҳларини эътироф этиб, ундан гуноҳлари мағфират қилингани тўғрисида башорат оладилар.

Уларда маст қилувчи ичимлик ҳаром саналмайди, аёлларнинг ҳижобда юришига ҳам далил келмаган, дейишади. Улардаги мазкур ахлоқий унсурлар туфайли баъзи тадқиқотчилар ушбу тариқат аслида насроний тариқат экани ва бектошийлар исломдан фақатгина зоҳирий кўринишнигина олган, деган хулосага келганлар. Бундан ташқари улар авлиёларнинг қабрларини уларга дуо-илтижо қилиш ва уларнинг мақбаралари ҳузурида махсус маросимларни ўтказиш даражасида улуғлашади, “таносухул арвоҳ” (ўлимдан сўнг руҳнинг бошқа танага кўчиши)га эътиқод қилишади.

Аксарият бектошийлар ўзларини аҳли суннатданмиз, дейишларига қарамай, воқелик бунинг аксини кўрсатади. Аслида улар шиаларнинг ғулувга кетганларидан ҳисобланадилар. Али розияллоҳу анҳуни илоҳийлаштириб, уни “Аллоҳ, Муҳаммад ва Али” учлигининг бир бўлаги деб биладилар, ўн икки имомни эътироф этадилар ва улардан айниқса Жаъфари Содиқни улуғлайдилар. Бектошийлар тасаввуфнинг рақамлар борасидаги мазҳабини, айниқса 4 рақамига боғлиқ эътиқодларини олган бўлиб, бу Пифагор фалсафасидан таъсирланиш натижасида келиб чиққан мазҳабдир. Улар  бу эътиқодни Фазлуллоҳ Ҳаруфийнинг “Жовидон” китобидан олганлар.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг