Бола тарбиясига оид кўрсатмалар (14)

0

Қандай қилиб болаларимизда намозга қизиқиш уйғотамиз?

3 – Болаликнинг сўнгги босқичи (7-10 ёш оралиғи)

(давоми)

Ушбу босқичда боланинг намозда бардавом бўлишига ёрдам берадиган баъзи омилларни қуйида келтириб ўтамиз:

  1. Фарзанд ота-онасида доимо намозга нисбатан ҳушёрлик ҳиссини кўриши лозим. Масалан, бола хуфтондан аввал ухлаш учун изн сўраса, отасидан ҳеч қандай иккиланиш ва тараддудсиз: «Хуфтон намозига озгина вақт қолди, биргаликда намоз ўқиймиз, сўнг ухлайверасан, иншааллоҳ», деган жавобни эшитиши керак. Шунингдек, болалар спорт клубга ёки қариндошлардан бирининг зиёратига бориш учун рухсат сўрасалар, ота-онадан: «Аввал шом намозини ўқиймиз, сўнгра чиқамиз» деган жавобни эшитишлари керак. Болаларда намоз ҳиссини уйғотишга сабаб бўладиган омиллардан бири ваъдалашилган вақтларнинг намоз вақтларига боғланишидир. «Фалончи билан аср намозида учрашамиз», ёки «Шом намозидан кейин фалончи бизни кўргани келади» каби сўзлар шулар жумласидан.

  2. Ислом дини баданни хасталиклардан ҳимоя қиладиган ва чиниқтирадиган спорт турларига тарғиб қилади. Зеро, кучли мўмин кучсиз мўминдан кўра яхшироқ ва Аллоҳ таолога суюклироқдир[1]. Лекин спортга бўлган муҳаббат ёки спорт билан шуғулланиш намозни ўз вақтида адо этиш ҳисобига бўлмаслиги лозим. Чунки бу асло қабул қилинмайдиган ва рад этиладиган иш ҳисобланади.

  3. Агар бола касал бўлиб қолса, уни қодир бўлганча намозни адо қилишига одатлантиришимиз лозим, токи у ҳатто беморлик пайтида ҳам намозни тарк қилишга узр йўқ эканини билиб ва шунга одатланиб улғайсин. Узоқ сафарга чиққан пайтингизда эса болага намозни қаср қилиб ва жамлаб ўқишга рухсат берилганини ўргатишингиз, унинг назарини Аллоҳ таолонинг рухсат неъматига ва Ислом динининг эса меҳрибонлик билан тўла шариат эканига қаратишингиз лозим.

  4. Болангизнинг қалбига ўртоқларини намозга даъват қилишга бўлган шижоатни, телефон орқали суҳбат ёки бирор киши билан мулоқотини ёки бошқа шу каби ишларни жамоат намозига улгуриш учун якунлашга хижолат бўлмаслик руҳиятини сингдиринг. Болангизга намозларни адо этишда бепарво ўртоқларини масхара қилмасликни, балки уларни яхшиликка чақиришни ва уни бу яхшиликка ҳидоят қилган Аллоҳга доимо ҳамд айтиши кераклигини уқдиринг.

  5. Фарз намозларни доимий тарзда ўқийдиган бўлганларидан сўнг болаларга аста-секин нафл намозларни ҳам ўқишни ўргатишимиз лозим. Уларнинг қалбларига намоз ибодатини жойлаш учун шариат рухсат берган барча чора-тадбирлар ва сабаблардан фойдаланишимиз даркор. Қуйида ушбу сабаблардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

  • Болаларга устига таҳорат олиш ёки намоз ўқиш тартиби тасвирланган чизғич ҳадя қилиш;

  • Математика ёки карра жадвалини намозга боғлаган ҳолда таълим бериш. Масалан, «бир инсон икки ракаат нафл намоз ўқиди, кейин пешин намозининг тўрт ракаат фарзини ўқиди. У жами неча ракаат намоз ўқиди?» каби саволлар бериш. Агар боланинг ёши каттароқ бўлса, у ҳолда мана бундай мисоллардан фойдаланиш мумкин: «Бир кишининг уйи билан масжид ўртасидаги оралиқ масофа 500 метр бўлиб, у ҳар бир қадамда 40 сантиметр масофани босиб ўтади. Савол: у масжидга бориш ва масжиддан қайтиш мобайнида неча қадам ташлайди? Маълумки, ҳар бир босилган қадам учун Аллоҳ таоло ўнта савоб беради. Шунда у қанча савобга эга бўлади?».

  • Таҳорат ва намоз аҳкомларини ўргатадиган видеолар, замонавий жиҳозлар ва булардан бошқа Аллоҳ таоло ҳалол қилган воситалардан фойдаланиш.

Ўн ёшга етсада намоз ўқимаган болани уриш масаласига келсак, агар биз ота-оналар ёки бола тарбиясига масъул бўлган кишилар эрта болалик босқичидан бошлаб ўзаро ҳамкорлик билан ўз вазифамизни рисоладагидек адо қиладиган бўлсак, бола ўн ёшга етганда унга қўл кўтаришга ҳожат қолмайди. Мабодо уришдан ўзга чора қолмай, бунга мажбур бўлинса, у ҳолда болани қаттиқ урмаслик лозим. Шунингдек, юз каби уриш жоиз бўлмаган жойларга, бировларнинг олдида ёки ғазабланган пайтда урмаслик керак. Умуман олганда, (ушбу босқичда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганларидек) уришдан кўзланган мақсад болани ислоҳ қилиш ва ундаги камчиликларни муолажа қилиш бўлиши, уни жазолаш, хўрлаш ва йўқ жойдан муаммолар яратиш бўлмаслиги керак. Агар мураббийнинг фикрича, болани уриш турли муаммоларга ёки бола келгусида намозни ёмон кўриб қолишига сабаб бўлса, у ҳолда уришдан бутунлай тийилиш ва келгуси сатрларда зикр қилинажак тадрижий дастур бўйича иш олиб бориш лозим.

 Шуни ёдда тутишимиз керакки, болаларимизнинг доимий тарзда намоз ўқийдиган бўлиши биз фарзандларимизда бўлишини хоҳлаган бошқа ҳар қандай хулқ-атвор кабидир. Фақат намознинг диний аҳамияти катта бўлгани учун унга ўзгача эътибор билан ёндошишимиз керак. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни фарзандларимизга намоз ўқишни ўргатишга йўллар эканлар масаланинг шу томонини инобатга олиб: «Фарзандларингизга етти ёшларида намозни ўргатинг, ўн ёшга етиб намоз ўқимасалар уринг», деганлар. «Ўргатинг» сўзи умумий муддати уч йилдан иборат бўлган вақт учун босқичма-босқич қилиб тузилган таълим режасига ишора қиладики, агар бу режа рисоладагидек амалга оширилса, намоз ўқиш боланинг кундалик одатига айланган бўлиши керак. Шундан сўнг намоз учун ҳисоб-китоб бошланади ва хулқ-атвор касб этиш тизими чора-тадбирларидан бири сифатида болага жазо қўллана бошлайди. Фарзандларнинг хулқ-атвор касб этишида вақт муҳим омил саналиб, уларга бирор хулқ-атворни сингдиришга уринишимиз чоғида ушбу омилдан ғафлатда қолмаслигимиз лозим. Зеро, болаларга шунчаки йўл-йўриқ кўрсатишнинг ўзигина кифоя қилмай, балки кўзланган мақсадга эришиш режа тузишни, қадамма-қадам ҳаракат қилишни ва етарли даражада вақт талаб қилади.

 Шунингдек, бирон хулқ-атворни касб этиш учун унга ундовчи омил ҳам муҳим рол ўйнайди. Бу ундовчи омил пайдо бўлиши учун болалар билан эртароқ шуғулланиш, уларнинг онгига қадриятларни сингдириб бориш керак. Токи бу биз болага ўргатмоқчи бўлган хулқни касб этиши учун унинг ичидан чиқадиган бир туртки бўлсин. Аммо ота-она бола ўн ёшга киргунча уни намозга одатлантирмаган бўлсалар, энди улар бу ҳаракатни эртароқ бошлаганларидагига нисбатан кўпроқ вақтга муҳтож бўлишади. Чунки муайян хулқ-атворни касб этиш учун ўн ёшли боланинг руҳий ва ақлий тузилиши етти ёшли боланикидан кўра кўпроқ саъй-ҳаракатни талаб қилади. Ушбу ҳолатда мураббийдан асабийлик ва тутақиш эмас, балки, сабр, босиқлик ва ҳикмат талаб этилади.

Шунингдек, бола бу босқичда биздан унинг ички кечинмаларини тушунишимизга, муаммо ва ташвишларини ҳис қилишимизга, уларни ҳал қилишда унга ёрдам беришимизга муҳтож бўлади. Бола бизни қизиқтирган нарса унинг ўзи эмас, балки фақат унинг намоз ўқиши деган хаёлга бориб қолмаслиги керак. У ўз атрофидаги олам ҳақида, бир ёки икки йилдан сўнг ўзида содир бўладиган ўзгаришлар борасида қулоғига чалинган нарсалар ҳақида кўп ўйлайди.

Бола учун ўйин катта аҳамият касб этади. Шу сабабли намозга бепарволик қила бошлайди, чунки у намозга ўзи хоҳламаган ҳолида зиммасига юкланган амал деб қарайди ва бу унинг руҳий зўриқишига сабаб бўлади. Шундай экан, болага бўлган қаттиққўллигимиз туфайли қачон унга кўзимиз тушса, у биздан намози ҳақида сўрашимизни кутадиган даражага олиб бормаслигимиз керак!

Бола ҳануз шаръий мажбуриятларни мунтазам адо этиши шарт саналган балоғат ёшига етмагани, бу ёшда уни намозга буюриш ибодатларга чиниқтириш ва одатлантириш учун эканини доимо ёдда тутишимиз лозим. Боладан уни хафа қилган муаммо ёки ташвиш ҳақида ёки бўлмаса уни қўрқитаётган нарсалар ҳақида сўрашимиз бизларни унга кўпроқ яқинлаштиради ва орамиздаги алоқани янада мустаҳкамлайди, унга нисбатан ишончли суянчиқ, илиқ ва кенг қучоқ соҳиби эканимизга бўлган ишончини янада орттиради. Агар у бизга суянса, у ҳолда биз унинг секин-аста намозга, ҳижобга ва бошқа тоат-ибодатларга риоя қилишини кафолатлаган бўламиз.

[1] Ушбу маънони ўз ичига олган ҳадисни имом Муслим ўзининг «Саҳиҳ»ида (2664) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг