Аллоҳнинг суюкли бандалари (1)

0

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

“Раҳмоннинг солиҳ бандалари ерда камтарлик ва тавозе ила хотиржам ҳолатда юрадилар. Ақлсиз, жоҳил кимсалар уларга азият етказувчи сўзлар билан хитоб қилишса, уларга яхши сўзлар билан жавоб қайтариб: «Сизларга саломатлик бўлсин», дейдилар ва бу билан гуноҳдан ва жоҳилнинг жоҳилона муносабатидан омон қоладилар.

Улар кечалари Раббиларига  ихлос билан, сажда ва қиёмда хокисорлик билан туриб кўп намоз ўқийдиган кишилардир.

Улар ибодатда шу қадар жидду жаҳд билан ибодат қилишларига қарамасдан Аллоҳдан қўрқадилар ва жаҳаннам азобидан нажот беришини илтижо қилиб дуо қиладилар. Зеро, унинг азоби дўзахийлардан ҳеч қачон ажралмагай. Албатта, жаҳаннам энг ёмон қароргоҳ ва энг ёмон ўриндир.

Улар молларидан эҳсон қилганларида ўта исрофга ҳам йўл қўймайдиган ва ўта зиқналик ҳам қилмайдиган зотлардир. Уларнинг эҳсонлари ўта исрофгарчилик билан ўта бахиллик, қурумсоқлик ўртасида ўртамиёна ҳолда бўлади.

Улар Аллоҳни ягона ҳақ илоҳ деб эътиқод қиладиган, Аллоҳдан бошқа бирон илоҳга дуо ва ибодат қилмайдиган, Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирмайдиган кишилардир. Қатл жазосига лойиқ жиноят қилган кимсалар, яъни иймондан сўнг куфрга қайтган муртад, турмуш ўртоғи бўла туриб зино қилган кимса, бировни қасддан, тажовуз билан қатл қилган кимса бундан мустаснодир. Буларни қатл қилиш мумкин. Яна улар зино қилмайдиган, ўзларини жинсий майлларини ўз хотинлари ёки ўз қўл остиларидаги чўриларидан бошқалардан сақлайдиган кишилардир. Энди ким юқорида айтилган гуноҳи кабиралардан биронтасини қилса, у охиратда жазога йўлиқгай. Қиёмат куни унга азоб бир неча баробар қилиб берилгай ва у азобда хору зор ҳолда абадий қолгай. Азобда абадий қолиш ҳақидаги таҳдид бу гуноҳларни ҳаммасини бирваракайига қилган кимса учун ёки Аллоҳга ширк келтирган кимса учун хосдир. Аммо ким гуноҳлардан холис тавба қилса ва чин иймон келтирган ҳолда солиҳ амаллар қилса, тавба ва надомати сабабли Аллоҳ унинг ёмонликларини яхшиликка, гуноҳларини савобларга айлантириб қўйгай. Аллоҳ тавба қилган кишининг гуноҳини кечирувчи, бандаларига Раҳмли бўлган Зотдир-ки, Ўзи уларни катта гуноҳлар қилишганидан кейин ҳам тавбага чорламоқда. Ким ўзи қилган гуноҳлардан тавба қилса, солиҳ амаллар қилса, бу билан Аллоҳга чинакам қайтади ва Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилиб, гуноҳларини кечиради.

Улар ёлғон гувоҳлик бермайдиган ва ёлғон сўзлар сўзланадиган давраларга ҳозир бўлмайдиган кишилардир. Борди-ю тасодифан ботил аҳли ва беҳудага машғул бўлган кишилар ёнидан ўтиб қолсалар, улардан юз ўгириб, уларни ёқтирмаган ҳолда бошқаларга ҳам уларнинг суҳбатини раво кўрмаган ҳолда ўтиб кетадилар.

Уларга Қуръон оятлари ўқилса, Аллоҳнинг ягона Ҳақ илоҳ эканини кўрсатувчи далиллар айтилса, панд-насиҳат қилинса талмовсирамайдилар. Худди кар ва кўрдек ўзларини эшитмаган ва кўрмаганга солиб олмайдилар. Балки бу оят ва далилларни уларнинг диллари англаб қабул қилади. Улардан қалб кўзлари нурафшон бўлади. Улар Аллоҳга тоат-ибодат қилиб саждага йиқиладилар.

Улар Аллоҳ таолога дуо қилиб: «Эй Раббимиз, бизга жуфтларимиз ва зурриётларимиздан кўзимиз қувончи бўладиган ва бизга шодлик бахш этадиган ҳолатларни ато этгин ва бизларни бошқалар учун ўрнак қилгин», деб сўрайдилар. Раҳмон таолонинг юқорида санаб ўтилган сифатлар билан безанган ўша бандалари Аллоҳнинг раҳмати билан ва тоат-ибодатларда сабр қилиб туришгани сабабли жаннатдаги энг олий манзиллар ва даражалар билан мукофотланадилар. Улар жаннатда малоикалар тарафидан табрик ва саломлар билан кутиб, қарши олинадилар. Жаннатда яхши ҳаёт ва ҳар қандай офатлардан саломатликка йўлиқадилар. Улар унда абадий қоладилар. Зеро, жаннатда ўлим йўқдир. Охиратда ўлим йўқдир. Жаннат нақадар яхши қароргоҳ ва нақадар гўзал маскандир” [Фурқон: 63-76]

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг