Бектошийлар тариқати – сўфийлик ва шиалик қоришмасидир (2)

0

Бектошийлар тариқатининг мартабалари

Бектошийлар шайхи аъзамдан бошқа барча такя шайхларини “Бобо” деб атайдилар, дарвешларни эса “мурид”, уларга эргашувчиларни эса “мунассаб” дейдилар. Уларнинг бошқалардан ажралиб турадиган ўзига хос либослари бўлиб, у оқ яктак ва ўн икки имомнинг сонича ўн икки қиррали, уч бурчак шаклли оқ кулоҳдан иборатдир. “Бобо” мазкур кулоҳ устидан яшил салла ўрайди. Бектошийлар бўйинларига тошдан қилинган тумор тақадилар. Бунга қўшимча улар ёнларида икки тиғли ойболта ва узун ҳасса олиб юрадилар, бўйдоқлари эса қулоқларига сирға тақиб олишади.

Бектошийлар тариқати арбоблари тариқат аъзоларини қуйидаги даражаларга тақсимлаганлар:

  1. Ошиқ: бектошийлик тариқатини яхши кўрган, унинг асосларини қабул қилган ва вужудини тариқат руҳияти эгаллаб олган шахс. Унда тариқатга қўшилиш хоҳиши бор ва у такяга тез-тез ташриф буюриб, унда кечаётган гап-сўзларга қулоқ солиб юради. Шайх уни кейинги даража бўлган толиблик даражасига номзод қилиб кўрсатади.

  2. Толиб: аъзо бўлишга рағбатини эълон қилгач, шайх унинг номзодини аъзоликка кўрсатган шахс. Шайх унинг иқрорини қабул қилади ва у байъат беради. Бунинг учун махсус маросим уюштирилади.

  3. Муҳиб: иқрор ва байъат маросимидан сўнг ушбу тариқатга аъзо бўлган толиб.

  4. Дарвеш: тариқатнинг одоб ва илмларини чуқур ўрганиб, унинг асос ва тамойилларини ўзлаштирган, ҳаётини тариқат хизматига бағишлаган киши.

  5. Бобо: машойихлик даражаси. Дарвеш бу даражага узоқ муддатдан кейин, сўфийлик рамзларини ўрганиб, уларни тўла эгаллаб олгандан сўнггина эришади.

  6. Дада: халифа (ўринбосар) лавозими. Бу даража фақатгина машойихлар шайхи тарафидан тавсия этилади ва у (дада) тариқатнинг Мисрдаги шўъбаларидан бирига бошлиқ бўлади.

  7. Дада Бобо: машойихлар шайхи. У халифалар (ўринбосарлар) орасидан сайланади ва тариқатнинг дунёдаги барча фаолиятини бошқарувчи бош мудир саналади. У боболарни тайинлайди ва машойихларни мансабларидан четлатиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бектошийлар такяси

Кўпинча бектошийлар такяси катта бир қишлоқдан иборат бўлиб, унда ҳашаматли қаср, турли безаклар билан безатилган сағаналар бўлади, дарвешлар у ерда доимий хизмат учун дунёдан узилган ҳолда яшайдилар. Баъзан такяда минглаб қўй-эчки ва қорамоллардан иборат чорва ҳайвонлари бўлади. У ерга чор атрофдаги такя аъзолари ва мухлислари тарафидан совға-салом ва назр-ниёзлар келади. Бинобарин, зиёратчи унга атаб бирор қурбонлик олиб келмагунича такя ҳудудига киришига ижозат берилмайди. Такяни алоҳида бир мамлакат ёки амирликка қиёслаш мумкин. Шунинг учун ҳам бу тариқатга эргашувчи ҳар бир киши бектошийлар ҳокимияти тахтига ўрнашиб олган машойихларнинг бу хос мамлакатида хизматкор бўлишдан бошқа чораси йўқ.

Аҳмад Сари Дада Бобо айтади: “Олий тариқатга аъзо бўлган ҳар бир киши учун ўз уйида ҳамда такя зиёратида бажариши керак бўлган, уни кутиб турган бир қанча вазифалар бор. Намозларни вақтида адо этиш, рухсат этилган вирдлар ва зикрларни тиловат қилиш, пурмаъно дуоларни ёдлаш уйдаги вазифалар жумласидандир. Такяда эса унга дарвешлар билан биргаликда хизмат қилиш вазифаси юкланади, кейинроқ қаҳва келтириш, меҳмонларга хизмат кўрсатиш, таом тайёрлаш, дастурхон ёзиш, идишларни ювиш, боғда хизмат қилиш каби ишларга ажратилади. Таълимотларни чуқур ўзлаштириб олганидан сўнг шайх уни юқорироқ хизматга: нақиб (саркор), далил (йўл бошловчи), майдончи (рақс ҳалқасини бошқарувчи) ва шу каби вазифаларга тайинлайди” (“Аҳмадия рисоласи”, 72-бет).

Байъат бериш ва тариқатга кириш йўли

Бектошийлар тариқатида мурид ёки толибни тариқатга қабул қилишнинг ўзига хос низоми бор. У такя майдонига кирган пайтида далил (йўлбошчи) муайян шеърий байтларни ўқиб, ортидан: “Эй Аллоҳ, Муҳаммаднинг жамолига, Али, Ҳасан ва Ҳусайннинг камолига салавоту салом йўлла. Уларнинг барчасига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин!”, дейди. Кейин яна айтади: “Ҳақ эшигига соғинчла сўровчи бўлиб, Унинг Ўзига, Муҳаммад ва Ҳайдар (Али розияллоҳу анҳу)га иқрор бўлиб, у иккаласидан ва Заҳрою Шабирдан сурур ва мўл-кўллик истаб келдим (Шабирдан мурод ҳам Али розияллоҳу анҳудир)”. Кейин шайх толибга байъат оятини ўқийди: “Албатта сизга байъат қилаётганлар фақат Аллоҳнинг Ўзига байъат қилмоқдалар. Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир. Ким (аҳдни) бузса, ўзига қарши бузади, холос. Ва ким Аллоҳга берган аҳдига вафо қилса, Аллоҳ унга улкан ажру мукофот бергай” (Фатҳ сураси, 10-оят).

Сўнгра толиб шеърий байтларни ўқиб, бу билан тариқатга кирганини эълон қилади. У байтлардан баъзиси қуйидагича:

Муҳаббатла бўйин эгдим,

Хизматим соҳиби Оли абодир.

Паногоҳим ўшал машҳур

Авлиё Ҳожи Бектошдир.

Оли або (ёпинчиқ аҳли) деганда улар Али, Фотима, Ҳасан, Ҳусан ва Аббосни назарда тутадилар. Шундай қилиб, толиб тариқатга кириб, маросимлар ўтгач, толибнинг зиммасига такяда қаҳва ҳозирлаш, деҳқончилик қилиш, меҳмонларга хизмат қилиш ёки ошпазлик каби бирор хизмат юкланади.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг